Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:37

Термиздаги сайловолди учрашуви жанжалга айланди¸ норози сайловчилар зални тарк этди (ВИДЕО)


Сайловчилар номзодлар жавобидан қониқмай¸ зални тарк этган.
Сайловчилар номзодлар жавобидан қониқмай¸ зални тарк этган.

4 декабрь куни Сурхондарё вилояти Термиз туманида Олий Мажлис ва вилоят кенгаши депутатлигига номзодлар билан учрашув сайловчилар норозилигига сабаб бўлди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур йиғинда қатнашган термизликлар хабар берди.

Хабарга илова қилинган сурат ва видеолардан депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакили қилган баëнотларнинг сайловчиларни ғазабга солгани ва минбардан ўтирганлар билан пастдаги халқ ўртасида қизғин тортишув юзага чиққани кўрилади.

Йиғилиш иштирокчиларининг Озодликка айтишича¸ минбардагиларнинг сайловчилар қўйган асосий талаб – газ ва свет масаласидаги сўровига беписандлик қилгани тўпланганлар ғазабини қўзғаган.

Озодлик депутатликка номзодларнинг ўзлари билан боғланиб видеода акс этган жанжал юзасидан изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви

4 декабрь куни Термиз Архитектура ва қурилиш касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган 213-сайлов участкасида Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг Муҳиддин Эштемиров маҳалласи аҳолиси билан сайловолди учрашуви ўтказилди.

Учрашувда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига тўрт партия қўйган номзодлар¸ уларнинг ишончли вакиллари иштирок этган.

Учрашувда қатнашганларнинг Озодликка айтишича¸ номзодларнинг айтилган вақтдан 32 минут кечикиб келгани¸ "нописандлик" ифодаси сифатида¸ ҳали суҳбат бошланмай туриб¸ оддий халқ эътирозига сабаб бўлган.

Сайловчилар билан учрашувга Термиз туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Тўра Зойиров раислик қилган.

“Номзодлар сайловолди дастурлари билан қисқача таништиргандан сўнг, сайловчилар билан очиқ мулоқот бошланди”¸ дейди бу учрашув тафсилотларини Озодликка юборган қатнашчилардан бири.

Сайловчилар талаблари

Очиқ мулоқотда¸ Муҳиддин Эштемиров маҳалласи сайловчилари ўзларини қийнаб келаётган муаммолар, хусусан, табиий газ, электр энергияси, йўл таъмири ва тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларни тилга олган ва бўлажак депутатлардан бу муаммоларни қандай ҳал қилмоқчи эканини сўраган.

Айтилишича¸ 4000 га яқин одам яшовчи бу маҳалла 2016 йил декабрида Термиз туман ҳокимлиги қарори билан табиий газ тармоғидан узилган.

Ўтган йиллар давомида маҳалла аҳолисининг турли давлат идоралари ва раҳбарларига такрор-такрор мурожаат қилгани бирор натижа бермаган.

Бугунги кунда М.Эштемиров маҳалласи аҳолиси табиий газ ва тоза ичимлик сувига умуман эга эмас, маҳалла ички йўллари жуда ҳам расво ҳолатда бўлиб, ёмғир ёғса баъзи кўчаларда “оролчалар” пайдо бўлади, электр энергияси кунига 5-6 соат берилади, суюлтирилган газ баллонлари 60-74 кунда берилади. Бу вилоят марказининг шундоққина ëнида жойлашган маҳалланинг аҳволи”¸ дейди Озодлик гаплашган маҳалла яшовчиларидан бири.

Гувоҳларга кўра¸ сайловчилар вилоят ҳокими Тўра Бабалов ва туман ҳокими Шуҳрат Ўринов фаолиятидан норозилиги¸ на бу раҳбарлар ва на жорий депутатларнинг бу ҳудудга оëқ босмагани¸ кучайиб бораëтган коррупция ҳақида очиқ гапира бошлаган.

Термиз туман ҳокимининг собиқ ўринбосари¸ мажлис раиси Тўра Зойиров М.Эштемиров маҳалласига умуман табиий газ берилмаслигини баралла айтиб, борадиган жойингга бор¸ деган мазмунда гапириши ортидан¸ тўпланганлар бирдан ўрнидан туриб, норозилик билдиришга ўтган.

Агар маҳалла аҳолисининг муаммолари сизларга қизиқ эмас экан, сизларнинг сайловларинг ҳам бизга қизиқ эмас, қани халқ депутати, қани халқни ўйлайдиган раҳбарлар, қани президент Мирзиёевнинг халқ розилигини олиш борасидаги давлат сиёсати” деб, номзодларнинг брошюраларни ғижимлаб улоқтириб, учрашув тугамасдан залдан чиқиб кетишди”¸ дейди учрашув қатнашчиларидан бири.

Термиздаги сайловолди учрашуви жанжалга айланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00

Озодликка юборилган видеоëзувдан сайловчиларининг номзодларга қарата “Депутат нима керак?”, “Халқни ким ўйлайди?”, “Қани тирик раҳбарлар?”, “Фойдаси йўқ сайловлар!”, “Бизга депутат керак эмас!”, “Ëлғончилар”, “Вилоят ҳокими ишламайди”, “Туман раҳбарлари ўлган”, “Биз қийналаяпмиз, газ, сув ва свет йўқ”, “Халқ учун бир иш қилларинг!” деб бақиргани эшитилади.

Залда тўпланганларни¸ гувоҳларнинг айтишича¸ ҳокимият вакиллари ва депутатликка номзодлар эмас¸ балки Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашига номзодини қўйган¸ аммо минбарга чиқарилмаган тадбиркор Ҳайитали Алламуродов тинчлантирган.

Ҳайитали Алламуродов М.Эштемиров маҳалласи сайловчиларига тоза ичимлик суви, ички йўлни таъмирлаш масалаларини депутатликка сайланса ҳам¸ сайланмаса ҳам ўз маблағи ҳисобидан ҳал қилишини, лекин табиий газ масаласини ҳал қилиш бир тадбиркор қўлидан келмаслиги билдирди”¸ дейди Термиздаги сайловолди учрашув қатнашчиларидан бири.

Озодлик 4 декабрь кунги сайловолди учрашувида қатнашган депутатликка номзодлар билан бевосита боғланиб¸ уларнинг сайловчилар қўйган талабларга жавобини ўрганишга ҳозирча муваффақ бўла олмади.(Улар ўз муносабатини жамоатчликка тақдим этиш учун Озодликка юборишлари мумкин – таҳр.)

22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади.

Ислом Каримов ўлимидан сўнг биринчи марта ўтказилаëтган бу сайловлар ҳақида Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ номзодлар рўйхати асосан яна ижроия ҳокимияти томонидан тузилмоқда.

XS
SM
MD
LG