Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:14

“Оҳангаронцемент” газ муаммоси сабаб фаолиятини вақтинча тўхтатди


Ўзбекистондаги энг йирик цемент ишлаб чиқариш корхонаси бўлганОҳангаронцемент” 10 январдан бошлаб ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди.

Ишчиларнинг айтишича, кимнинг таътил кунлари бўлса, барчаси таътилга чиқарилган. Бошқа ишчилар эса заводни ободонлаштириш ишларига жалб қилинган.

Завод раҳбариятига кўра, газ етишмаслиги сабаб корхона ўз фаолиятини давом эттира олмаяпти.

Кейинги икки ҳафта ичида фақат тунги сменада ишлаётган “Оҳангаронцемент” 9 январдан бошлаб ўз фаолиятини бутунлай тўхтатди.

Бу ҳақда исми аноним қолишини сўраган корхона ишчилари Озодликка маълум қилди:

“Ўзи завод 26 декабрда тўхтаган эди. Икки кун умуман иш бўлмади. Кейин битта печка газ беришди. Кейин яна битта печкага газ беришди. Шу икки печкада фақат тунги смена ишлаётган эди. Пайшанба куни эрталабдан тунги смена ҳам тўхтади”.

Ишчиларга кўра, таътил кунлари бор ҳамкасбларининг ҳаммаси таътилга чиқарилган, қолган ишчиларни эса ўз ҳисобидан таътилга жўнатиш айтилган:

“Кимнинг отпуска (таътил) кунлари бўлса, ҳаммасини декабрнинг охиридан бошлаб, отпускага жўнатди. Отпуска кунлари умуман қолмаганлар заводга келиб, тозалаш ишларини қилаяпти. Биз тунги сменада ишлаймиз. Бизни кундузи ишга чақирди, уборка қилаяпмиз завод ичини. Фақат шу тозалаш, супириш-сидириш ишлари. Лекин бизни ҳам без содержание (ўз ҳисобидан таътилга чиқиш)га чиқарамиз деяпти”, деди завод ишчиси исмини очиқламаслик шарти билан.

Завод ўз фаолиятини тўхтатганини тасдиқлаган мулозимлар бунинг вақтинча экани, лекин қачон ишга тушиши номаълумлигини айтишди:

“Ҳозирча 1 февралгача деб турибмиз. Лекин бу ҳали аниқ эмас. Балки яна чўзилиши мумкин. Тўғри таътил кунлари борларни таътилга чиқардик. Лекин бошқаларни без содержаниега чиқариш режамиз йўқ. Улар келиб, заводнинг ремонтини қилаяпти. Уборка ишларини қилаяпти”, деди заводнинг ўзини таништирмаган мулозими.

Озодлик боғланган “Оҳангаронцемент”нинг бошқа бир мулозими корхона газ етишмовчилиги сабаб ўз фаолиятини тўхтатганини билдирди.

“Газ бўлиб турган пайти ҳафтасига етти кун, кечаю кундуз заводда иш бўлади. Ҳозирги муаммо газ билан боғлиқ. Бизнинг газ идораси билан контрактимиз бор. Ҳозир газнинг етишмаётгани сабаб бизга озгина газ берилаяпти. Фақат отопление қилаяпмиз берилган газни. Шунинг учун заводни тўхтатишга мажбур бўлдик”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб шахсини очиқламасликни сўраган мулозим.

“Оҳангарон туман газ таъминоти” идораси расмийларидан “Оҳангаронцемент” билан боғлиқ муаммо борасида бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Озодлик боғланган газ идораси ходими шанба-дам олиш куни бўлгани сабаб раҳбарларнинг ишда эмаслигини айтиш билан чекланди.

Совет иттифоқи даврида қурилган Оҳангарондаги цемент заводининг 86 фоиз акцияси 2006 йили Россиянинг Евроцемент груп холдинггига сотилди.

Расмий сайтида ëзилишича “Оҳангаронцемент” АЖ Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик цемент заводи ҳисобланади ва унинг лойиҳавий қуввати йилига 2 180 000 тоннани ташкил этади.

Ҳозирда газ муаммоси нафақат Оҳангаронда балки мамлакатнинг деярли барча жойида бирдай кузатилаяпти. Мамлакат бўйича “Оҳангаронцемент”дан ташқари яна 24 та цемент заводи бўлиб, уларнинг ҳозирги аҳволи Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG