Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:57

Ишсизлар сони расман 2,5 миллионга етди. Вазиятни ўнглашга давлатда пул йўқ


Ўзбекистонга қайтиш учун Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган мигрантларга ортда ҳам, олдда ҳам иш йўқ.
Ўзбекистонга қайтиш учун Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган мигрантларга ортда ҳам, олдда ҳам иш йўқ.

Жорий йил бошида ишсизлар сони 1 миллион 400 минг атрофида эди. Шундан кейин пандемия таъсирида айрим корхоналар фаолияти тўхтагани сабабли ишсизлар сони 2 миллион нафарга яқинлашди. Бундан ташқари, хориждаги ишига бора олмаётган 500 минг нафарга яқин фуқароларимиз ҳам бор.

Бу маълумотларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маҳаллий нашрга берган суҳбатида очиқлади.

Вазир суҳбат давомида ишсизлик кўламини қисқартириш учун кўрилаётган чоралар тўғрисида гапириб ўтди. Бироқ Озодлик суҳбатлашган экспертлар фикрича, бу чоралар вазиятни кардинал ўзгартира олмайди.

Ишсиз қолган сотувчи ва ...экскаватор

Хорижда ишсиз қолган 500 мингга яқин ўзбекистонлик орасида Москвага бу йил борган андижонлик 30 яшар Манзура ҳам бор. Шу кундаги ҳаёти тўғрисида Манзура 25 июнда Озодликка бундай деди:

"Москвага 18 февралда келганман. Икки ҳафта бозорда сотувчи бўлиб ишладим. Кейин касал бўлиб қолдим. Ундан кейин карантин бошланди. Вирус менгаям юқди. Оғридим. Соғайдим. Ўшандан бери уйда ўтирибман. Уйга кетолмаяпман. Бу ерда тирикчилигим опамнинг ёрдамида ўтиб турибди. Ижара ҳақиниям у тўлаяпти. Опам ҳам бир-икки ой бекор ўтирди. Рухсат беришганидан кейин ишга чиқди. Кафеда ошпазлик қилади".

Поплик (Наманган вилояти) 56 яшар Араббой Қодировнинг фикрича, у Меҳнат вазири айтган 2 млн ишсиз қаторида эмас. Лекин экскаватори борлиги учун бадавлат кўринадиган Араббой ҳам ўзини ишсиз ҳисоблайди:

“Амалда мен ҳам ишсизман, чунки менинг экскаваторим учун иш аҳоли қурилиш қилсагина чиқади. Қурилиш эса, бу йил чет элларда ишлаётганлардан келадиган пул ҳажми қисқариб кетгани учун деярли тўхтаб қолди. Одатда, қишда умуман иш бўлмайди. Техникамни ремонт қиламан. Бироқ кунлар исиб, қурилиш мавсуми бошланганидан бери ҳам экскаваторим жойидан жилгани йўқ. Бир сўм пул топганим йўқ. Демак, мен ҳам ишсизман”.

Меҳнат вазири айтганларидан пайдо бўлган саволлар

Меҳнат вазири Нозим Ҳусановга кўра, фуқаро агар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказ(лар)ига мурожаат қилсаю унинг базавий билимига, соҳасига мос иш ҳудудда топилмаса ва бошқа қатор мезонларга мос келса ишсиз деб топилади ҳамда ишсизлик нафақаси белгиланади.

Шундай экан, вазир тан олган “2 миллион нафарга яқин ишсиз” ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтказилганми? Уларга ишсизлик нафақаси тайинланганми? Бу саволларга Озодлик Меҳнат вазирлигидан жавоб ололмади - кун давомида қилинган қўнғироқлар автоматик жавоб машинасидан нарига ўтмади¸вазирлик мутасаддилари билан боғланиб бўлмади.

Ишсизликни камайтириш учун нима қилиняпти?

Қишлоқ жойларда томорқа, чорвачиликни ривожлантиришга ҳаракат қилиняпти;

cув етишмайдиган жойларга насослар ўрнатилди;

хўжаликларини ривожлантириш учун субсидиялар ажратилди;

вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 млрд сўм маблағ ажратилди.

Бу ва шунга ўхшаш бошқа маълумотларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маҳаллий нашрга берган суҳбатида келтирган.

Ишсизликни камайтириш учун нима қилиш керак ёки Инвестициялар ва Кейнс назарияси

Бу саволга жавобан ўзбекистонлик иқтисодчи олим, профессор Хидирназар Аллақулов Озодликка бундай деди:

"Дунё бўйлаб бир йилда 86 триллион 400 миллиард долларлик ички ялпи маҳсулот яратилади. Шунинг тақрибан 25 фоизи иш ўринлари яратишга инвестиция қилинади. Пандемия туфайли инвесторлар Хитойдан қоча бошлади. Ўзбекистон шу вазиятдан яхши фойдаланиб қолиши, бунинг учун эса, яхши муҳит яратиш, инвестициялар кафолатини таъминлайдиган қонунлар қабул қилиш керак. Инвесторларга имтиёзлар бериш, солиқ тизимини ўйнаб турмайдиган қатъий тизим қилиш лозим. Инвесторларга жозибали лойиҳаларни кўрсатишимиз керак. Агар шундай қилолсак, бизда ишчи кучи арзон, хом ашё етарли, хорижий инвестиция сўзсиз оқиб келади ва иш ўринлари яратилади".

- Ўзбекистон ҳукумати Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига қўшимча 200 млрд сўм маблағ ажратибди. Жамоат ишлари жамғармаси имкониятлари бир неча, балки бир неча ўн мартага кучайтирилса ва шу йўл билан ишсизларни йўллар, кўприклар ва шунга ўхшаш инфраструктура қурилишига жалб этса бўлмайдими? Озодликнинг бу саволига профессор Аллақулов бундай жавоб берди:

- Сиз Кейнс назариясини айтяпсиз. Яъни давлатнинг фаол инвестицион сиёсати орқали ишсизлик кўламини озайтириш йўли. Худди шу йўл билан АҚШ 1930 йиллардаги Буюк депрессиядан чиққан. Бу жуда тўғри йўл. Лекин Ўзбекистон бу йўлдан бора олмайди. Чунки мамлакат бюджетида бундай лойиҳа учун пул йўқ. Агар бюджетда пул бўлганида, Ўзбекистон қатор халқаро банклардан пул сўраган бўлармиди? Ташқи қарз 24 миллиард долларга етди. Олтинни сотиш бўйича дунё бозорида биринчи ўринга чиқиб олдик. Бу нимани билдиради? Бу энг сўнгги захираларимизни сотишни бошладик деганидир".

Профессор Аллақуловнинг сўнгги фикрига бошқа бир иқтисодчи олим, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев ҳам қўшилди.

"Минг афсуски, Ўзбекистон бюджети имкониятлари жуда чекланган. Қиёслаш учун: Қозоғистон ишсизларни иш билан таъминлаш учун йирик лойиҳаларни тўхтатиб, мактаблар, касалхоналар, йўллар таъмирига 14 миллиард доллар атрофида пул ажратди. Ҳатто шу чора билан ҳам ишсизлар сони Қозоғистонда 500 мингдан 650 минг нафарга етди. Ўзбекистонда эса, бюджетнинг ҳаммаси Қозоғистон ишсизликни жиловлашга сарфлаган 14 миллиард доллар ҳажмида холос. Марказий банкнинг 30 миллиард долларлик резерви бюджет учун, халқ учун ишлатиладиган пул эмас. Бу пуллар банкларнинг пули".

Ташқи инвестицияларни жалб қилиш масаласида Сапарбой Жубаев бундай деди:

"Инвестиция олиб келиш масаласи доим айтиляпти. Молия вазири ҳам яқинда яна гапирди. Мен куни кеча қарадим: Россия бу йил Ўзбекистонга 1,5 миллиард доллар ҳажмида сармоя ётқизиши айтилган эди. Йил бошидан бери атиги 350 миллион доллар киритилибди. Пандемия ҳамма нарсани тўхтатиб қўйди".

Ишсиз қолган сотувчи ва ...экскаватор эртага нима қилмоқчи?

Москвага февралда бориб, икки ҳафтагина ишлай олган, кейин коронавирусга чалиниб, соғайган ва Андижонига қайтишни орзиқиб кутаётган ишсиз Манзуранинг аниқ режаси йўқ:

“Чеварман. Кийим тикаман. Ҳозирча Андижонга етиб олишни ўйлаяпман. Етиб олай, у ёғи бир гап бўлар, чеварлик қилиб ўтказарман тирикчилигимни”.

Экскаватори борлиги учун ҳеч ким ишсизлигини тан олмайдиган поплик Араббой Қодиров аҳоли уйларидаги қурилишлар тўхтаб қолгани, ишлар қачон бошланиши ноаниқлиги учун техникасини сотмоқчи.

“Экскаваторимни сотиб, пулига иссиқхона қурмоқчиман. Давлат ваъда қилаётган кредитлар қимматга тушади. Чунки банк пулни бермайди, материал сотадиганларга ўтказиб беради. Нақд пулга қурсам, арзон тушади. Шунинг учун экскаваторимга "сотилади", деган эълон илиб қўйдим”.

Ўзбекистонда Каримов даврида қабул қилинган ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасига кўра, битта қорамоли бор одам ҳам ишли ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG