Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Етакчи иқтисодчилар Россия ҳукуматини аҳолига пул тарқатишга чақирди


Иқтисодчиларга кўра, ҳар бир одамга 20 минг рублдан берилиши лозим.
Иқтисодчиларга кўра, ҳар бир одамга 20 минг рублдан берилиши лозим.

Россияда коронавирус пандемияси пайтида аҳолини, кичик ва ўрта бизнесни инқирозга қарши қўллаб-қувватлаш учун ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизидан 10 фоизигача бўлган қисмини ажартиш зарур.

Бу рақамлар етакчи иқтисодчилар ёзган ва “Либерал миссия” фонди эълон қилган “Коронакризис 2020: Нима бўлади ва нима қилмоқ керак?” деган ҳисоботда қайд этилди.

Ҳисобот муаллифлари орасида Иқтисодиёт олий мактабининг тараққиёт маркази директори Наталья Акиндинова, Россия Марказий банкининг собиқ рабар ходимлари Сергей Алексашенко ва Олег Вьюгин, Чикаго университети профессори Константин Сонин ва бошқалар бор.

Муаллифларга кўра, коронавирус пандемияси оқибатида жаҳон иқтисоди ялпи ички маҳсулоти ўртача уч фоизга камаяди. Россияда бу кўрсаткич 9 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари россияликлар карантин даврида нефть нархининг тушиб кетиши ва бюджетнинг қисқаришига ҳам гувоҳ бўлмоқдалар.

Иқтисодчилар, жумладан, пандемия даврида ҳукумат ҳар бир фуқарога ойига 20 минг рублдан пул тўлаб туриши, коммунал ҳаражатларни ўз зимасига олиши, “ўзини яккалаш” шароитида пенсия миқдорини икки баробарга кўпайтириши керак, деб ҳисоблайдилар.

Бунинг учун Россия ойига уч триллион рубль сарфлаши лозим бўлади. Бу қўшимча қўллов ҳукумат томонидан фуқароларга икки-уч ой давомида берилиши лозим.

Бундан ташқари ҳукуматга ишсизлик нафақасини олиш учун рўйхатдан ўтиш жараёнини соддалаштириш ва ишсизлик нафақаси миқдорини 25 фоизга ошириш ҳам тавсия қилинган.

Муаллифлар, Россия бюджетни қайта кўриб чиқиши, фуқароларни, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга миллий фаровонлик фондининг 50 фоизини сарфлаши лозим, деб ҳисоблайдилар.

“Кризис пайтида фуқароларга етарли даражада қўллов кўрсатмаслик ижтимоий норозиликларга сабаб бўлади”, деб билдирди Константин Сонин.

Альфа-банкнинг ҳисоб-китобича, пандемия даврида кичик ва ўрта бизнесга мансуб олти миллион, транспорт соҳасига мансуб бир миллиондан кўпроқ одам иқтисодий инқироз шароитига дучор бўлган.

Мутахассислар ҳукумат биринчи навбатда пулларни ойлик маош тарқатиш учун ширкатларга йўналтиришни тавсия қилмоқдалар. Бундай қилинса, аҳолига тўловларни тўғридан-тўғри етказиб беришга эҳтиёж қолмайди.

Россия Марказий банки ва ҳукумати ҳозирча мазкур ҳисоботга муносабат билдирмади.

Аввалроқ Марказий банк раиси Эльвира Набиуллина ҳозирча фуқароларга тўғридан-тўғри тўловларни тўлашга эҳтиёж сезилмаётганини айтганди.

Ҳисоб палатаси раиси Алексей Кудрин Россиядаги инқироз туфайли жорий йилда ишсизлар сони уч баробарга кўпайиб, 8 миллион кишига етишини маълум қилган.

Кудрин меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал миқдорини, ишсизлик нафақасини вақтинча оширишни, ширкатларга иш ҳақи тўлаш учун бюджетдан дотация беришни таклиф қилган. Кудрин бунинг учун бир триллиондан уч триллион рублгача маблағ керак бўлишини билдирган.

Россия президенти Владимир Путин эса COVID-19 эпидемияси оқибатларини минималлаштириш учун ялпи ички маҳсулотнинг 1,2 фоизи миқдоридаги маблағ ажратилишини маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG