Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:40

Оренбург Тергов қўмитаси мигрантлар калтакланиши ҳолати бўйича жиноят иши очишдан бош тортди (ВИДЕО)


Телефондан фойдаланишга рухсат беришни талаб қилган муҳожирлар полиция ёрдамида калтакланди.
Телефондан фойдаланишга рухсат беришни талаб қилган муҳожирлар полиция ёрдамида калтакланди.

Оренбургдаги хорижликларни вақтинча сақлаш марказидаги (ЦВСИГ) мигрантлар полиция ва қўриқчилар томонидан калтаклангани юзасидан Оренбург область Тергов бошқармаси жиноят иши қўзғатишдан бош тортди.

Бу ҳақда 25 августда билдирган “Қийноқларга қарши қўмита”га кўра, муҳожирларнинг калтакланишига улар Интернетга уланган телефонлардан фойдаланишга рухсат берилмаётганига қарши чиққани сабаб бўлган.

Оренбург вилоят Тергов бошқармаси Озодликка мазкур ҳодиса юзасидан терговолди суриштирув олиб борилгани ва “полиция ходимлари ва қўриқчилар ҳатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани”ни билдирди.

Жорий йилнинг 26 июнида Россиянинг “Қийноқларга қарши қўмита” ташкилотига икки муҳожир: ўзбекистонлик Зарифжон Мирзоназаров ва қозоғистонлик Геннадий Тарасовлар юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Уларнинг сўзларича, Оренбург вилоятининг Алабайтал қишлоғида жойлашган Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш маркази (ЦВСИГ) маъмурияти мигрантларга Интернетга уланган телефонлардан фойдаланишни тақиқлаган.

“Қийноқларга қарши қўмита” ташкилоти матбуот хизмати раҳбари Иван Жильцовнинг Озодликка айтишича, телефонларни қайтариб беришни сўраган муҳожирлар полиция ва қўриқчилар томонидан аёвсиз калтакланган:

- Маъмурият “Шу кундан бошлаб сизларга Интернетга уланган телефондан фойдаланишга рухсат берилмайди!”, дея конфликт вазият юзага келтирган. Улар бу одамларга хорижга яқинларига телефон орқали уланиш жуда қимматга тушишини била туриб шундай қилган. Интернет эса мессенжерлар ёрдамида уларнинг яқинлари билан хабарлашиб туришга имкон бериб келган. Бунга жавобан марказда сақланаётганлар назорат камераларига қоғоз ёпиштириб чиққан. 16 июнь куни маъмурият бўйсунишни истамаган муҳожирларни “тарбиялашга” полиция махсус бўлинмасини чақиртирган.

“Қийноқларга қарши қўмита” Озодликка тақдим этган назорат камераларидан олинган видеоёзувда камералардан бирига каска кийган полициячилар ва резинка таёқ кўтарган марказ қўриқчилари кириб келади.

Улар муҳожирларни калтаклаб, қўлларини қайириб олиб чиқиб кетаётганини кўриш мумкин.

Бошқа хонага олиб чиқилиб, калтакланган ўзбекистонлик Зарифжон Мирзоназаров ва қозоғистонлик Геннадий Тарасовлар уларни калтаклаганликлари юзасидан полициячи ва назоратчилар устидан Тергов қўмитасига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

- Ниқобдаги полициячилар бизни калтаклаб, қўлларимизни қайиришни бошлади. Улардан бири юзимга мушт билан туширди, йиқилганимдан кейин тиззаси билан мени полга ётқизиб, кишанлади ва хонадан қўлимни қайириб олиб чиқди... Мени ва бошқа йигитларни улар подвалдаги спортзалга тушириб, ерга юзимиз билан ётқизди. Кейин Мирзоназаров Зарифни олиб келишди ва ётқизишди. Улар камида тўрт марта оёғимга уришди, - деди Геннадий Тарасов.

Зарифжон эса унга нисбатан қийноқ қўлланилганини бундай тасвирлайди:

- Қора формадаги охрана ходимларидан бири дубинка таёғи билан сабабсиз 4-5 марта оёқларимга урди. Мен уларга бу ноқонуний эканини гапирдим. Оренбургдан келган ва марказда ишловчи майор эса, қўлимни қайириб, кишан сола бошлади. Мен йиқилганимдан кейин эса, у мени дубинка билан савалашга тушди.

Аризачиларга кўра, маҳбуслар бир соатдан ортиқ спортзал полида ётган, кейин уларни турғизиб, юзлари билан деворга туришга мажбурлашган. Шу тариқа улар яна бир соатча турган.

Мирзоназаров ва Тарасовнинг айтишича, кейинроқ ЦВСИГга Беляев туман прокурори Максим Третьяков ва унинг ёрдамчиси келган, бироқ уларнинг шикоятларига у “тафтиш ўтказишни” ваъда қилиш билан чекланган.

22 июнь куни Беляев туман касалхонасида Тарасов ва Мирзоназаровлар танасида “гематома ва жароҳатлар” борлиги қайдга олинган.

Бу ҳодисадан хабар топган “Қийноқларга қарши қўмита” маҳаллий Тергов қўмитасига шикоят қилган. Бироқ, Оренбург вилоят Тергов қўмитасининг Саракташ тергов бўлими катта терговчиси Юлия Изместьева бир ойдан ошиқроқ вақт олиб борилган суриштирув натижасида “жиноят иши қўзғатилишига рад жавоби берилганини маълум қилган.

25 август куни эълон қилинган махсус баёнотда “Қийноқларга қарши қўмита” юристи Сергей Бабинец терговни олиб борган ходимлар қўплаб зарурий амалларни ўтказмаганликда, хусусан Марказда сақланаётган бошқа гувоҳларни сўроқ қилмаганликда, видеоёзувлардаги фактларни мутлақо инобатга олинмаганликда айблади.

Озодлик сўровига Оренбург вилоят Тергов бошқармасида мазкур ҳодиса юзасидан терговолди суриштирув олиб борилгани ва “полиция ходимлари ва қўриқчилар ҳатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани” билан чекланишди.

Ҳуқуқ фаоллари Хорижликларни сақлаш марказларида Интернетга уланган телефон ва смартфонлардан фойдаланишга маъмурият қўйган тақиқ ноқонуний эканига ҳам эътибор қаратишди.

“Қийноқларга қарши қўмита” расмийси Иван Жильцов Озодлик билан суҳбатда хориж гражданларини калтаклаш билан боғлиқ ҳодиса овоза бўлганидан кейин ЦВСИГ раҳбарияти, карантин чекловлари мавжудлигига қарамасдан, у ерда сақланиб турган ва калтакланишга гувоҳ бўлган барча муҳожирларни ўз юртларига депортация қилиб юборган.

- Шунга қарамасдан, биз тергов олиб борилишини талаб қилиб борамиз. Марказдаги ойлаб ётганлар талаблари бажарилмагани, усиз ҳам стресс ҳолатида бўлган бу одамларни калтакланиши юзасидан чиқарилган тергов қарори устидан шикоят қилишни давом этамиз ва янги тергов бошланишига ишонамиз, дея хулоса қилди “Қийноқларга қарши қўмита” расмий вакили.

Озодлик аниқлашича, 2016 йилнинг сентябри охирларида Алабайталдаги ЦВСИГда 100дан зиёд меҳнат мигранти бир ҳафта давомида овқат ейишдан бош тортиб келган. Улар ҳам марказ маъмурияти чиқарган мобил телефонлардан фойдаланишга қўйган тақиғига жавобан очлик эълон қилгани ва ниҳоят бу чеклов олиб ташлангани маълум бўлди.

Алабайтал қишлоғидаги ЦВСИГ 100 ортиқ одамни сақлашга мўлжалланган. Унда 18 та 2-10 кишилик камералар мавжуд. Депортация марказидаги муҳожирларни 70 дан зиёд ходим назорат қилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG