Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:27

Ҳокимиятдан Сўхда йиғилган муаммоларга ечим сўраганлар нега қамалди?


Бош вазир А. Арипов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев Сўх туманида, 12 август, 2020
Бош вазир А. Арипов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев Сўх туманида, 12 август, 2020

Сўнгги 10 кун ичида Сўх туманида расман 7 киши, норасмий манбаларга кўра, 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Бош прокуратура қўлга олинганларни шу йилнинг 31 майида Сўх туманида содир бўлган оммавий тартибсизлик ва вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳамда бошқа мулозимларнинг тошбўрон қилинишига алоқадорликда айблаб, уларга нисбатан Жиноят Кодексидаги оғир моддалар билан айблов эълон қилди.

Яқинлари ва адвокатлари, бу айбловдан норози. Уларга кўра, қўлга олинганларнинг аксари ҳукуматдан муаммоларига ечим сўраган фаоллардир.

Айрим таҳлилчилар, тўлалигича Қирғизистон ичида жойлашган Сўх туманидаги бу низо ва унда Фарғона ҳокимининг калтакланишига ҳукумат қайсидир шаклда чора кўришга ҳақли¸ деган фикрда.

Айни пайтда¸ бу чора¸ Озодлик гаплашган кузатувчилар таъкидича¸ халқ дардини Бош вазирга очиқ айтган ёшлар эмас, аввало низога сабаб бўлаётган муаммоларни ечолмаган раҳбарларга нисбатан кўрилиши лозим.

Ҳоким Ғаниев: Қайси ёшларимиз билиб-билмай шўхлик қилган бўлса, шуларга тегмайсизлар!

Шу йилнинг 31 май куни икки қӯшни давлат аҳолиси ўртасида оммавий жанжал содир бўлгани ортидан Фарғона вилояти Сўх туманига борган Бош вазир Абдулла Арипов можарога аралашиб қолган сўхликларга чора кўрилмаслигини айтган эди.

Воқеа жойига борганида сўхликлар томонидан тошбўрон қилинган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса, низога аралашиб қолганларга чора кўрилмаслигини ваъда қилган эди.

"Мен ҳарбийларга ҳам, ички ишлар ходимларига ҳам - ҳаммасига айтаман: қайси ёшларимиз билиб-билмай шўхлик қилган бўлса, шуларга тегмайсизлар! Шунинг учун, жон укаларим, жон ўғилларим мен қолай, бир иккита оқсоқолларимиз қолсин, бизларнинг ишларимизга халақит қилманглар!.. Манга қара, хўй, гап бўлмагин! Мен тирик бўлсам, бир қарич еримни ҳам, бир пақир сувимни ҳам бериб қўймайман! Шунинг учун, сизлардан илтимос менинг ишлашимга халақит қилманглар! Ёшлик қилиб қўйманглар!"

Шуҳрат Ғаниевнинг сўхликларга берган ваъдаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

Бу ваъдалардан уч ой ўтар-ўтмас¸ Сўхда қама-қама бошланди ва айнан шу воқеаларга "билиб-билмай аралашиб қолган" ëшлар ҳибсга олинди.

25 август куни Бош прокуратура тўқнашувга алоқадорликда айбланган 6 сўхликка нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Бу шахсларга нисбатан, Жиноят Кодексининг 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Фарғона водийсининг энг қалтис нуқталаридан бири саналган Сўхдаги қамоққа олишлар жамоатчилик назарида қолаëтган айни кунларда Озодлик ўзбекистонлик кузатувчиларнинг бу жараëнга оид фикрини ўрганди.

Озодлик суҳбатдошлари хусусан¸ Бош вазир ва Фарғона вилоят ҳокимининг ваъдаларига қарамай¸ стихияли жанжалга аралашган ëшларнинг қамоққа олиниши сабабларига оид ўз мулоҳазаларини билдирди.

"Ҳукумат халқ бош кўтариши олдини олишга киришди!"

Шу кунда Тошкентда яшаётган сўхлик собиқ мулозим, “Чашма” булоғи устидаги жанжалга йиллардан бери ечим топмай келаëтган сув муаммоси сабаб бўлганини айтади.

Исми очиқланмаслигини сўраган собиқ мулозим фикрича, ҳибсга олинган сўхликлар, қирғизистонликлар билан чиққан жанжалдан сўнг Сўхга борган Бош вазир Абдулла Ариповдан шу ва бошқа сурункали муаммоларга ечим талаб қилганлардир.

Собиқ мулозим¸ Сўхдаги қама-қамаларни давлат ва президент вакили саналган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг калтакланиши учун "ўч олиш" деб атаëтганлар баҳосида жон борлигини айтади.

«Ҳақиқатан ҳам сӯхликларнинг сабрлари қолмаган эди. Бир томондан¸ бу ўч олиш¸ дейиш мумкин. Аммо, иккинчи томондан, давлат бор – бундай вазиятларда одамларни сал тартибга келтирмаса ҳам адолатсизлик бӯлади. Лекин, қўлга олинганларнинг кўпчилиги ҳақиқий айбдорлар эмас, шу масалада сўхликларга нисбатан адолатсизлик билан муомала қилиняпти. Арипов билан бӯлган учрашувда сўзга чиққанларнинг кўпчилиги бугун ҳисобот бермоқда. Ҳукуматнинг мақсади келажакда бош кўтармаслиги учун, сӯхликларнинг оғизини ёпиб қўйиш бўляпти».

"Муаммога ечим сўраганларни "давлатга қарши" деб қамаш нотўғри сиëсат!"

Фарғоналик Баҳодир Элибоев йиллардан буён Сўх тумани муаммоларини кўтариб келаётган ҳуқуқ фаоли.

31 май кунги воқеалардан буён тумандаги фаоллар билан алоқада бўлиб турганини айтган Элибоев, сўнгги бир неча кундан буён сўхликлар билан бундай алоқа узилганини айтади.

- Сўхликлар менга очиқ айтишяпти: “Интернет, блогерлар бошқа дунёда экан, асл ҳаёт бошқа. Сиздан бизга ёрдам, бир фойда йўқ”, деб. Сўхликлар тўлиқ “духига ўтирди”¸ содда айтганда. Бундан буёғига улардан садо чиқиши қийин.

Баҳодир Элибоев ҳам Сўхда майда чиққан низонинг асл сабаби сув эди ва бу муаммо ҳануз ҳал қилинмади, деган ишончда.

-Мен тўғриси, расмийларни унча тушунолмай қолдим. Бу расмийлар борганда, қўшни давлат фуқаролари билан можаро бошланиб, сув талашиш жазаваси қўзиган эдида. Бунақа тўполонларда ўртага тушган одам бир -иккита мушт еб қолиши аниқда. Кўпчилик йигитлар буни тўғри тушунади, “ажратаман, деб калтак еб олдим” деб айтадиганлар кўп. Сўхда шундай ҳолатнинг каттароғи бўлди. Қирғизистон фуқаролари билан сўхликлар сув устида жанжаллашганда бориб қолдида расмийлар ва энди ўртада ғалва пайдо бўлиб қолди – сен нимага мени урдинг, дегандай. Чашма воқеасидаги асосий сабаб сув эди. Сув муаммосини булар ҳалиям ҳал қилишгани йўқ. Ўша пайтда икки томонни ажратмоқчи бўлишганида, буларга ҳам бир-иккита шапалоқ тушиб қолган эди, сўхликларни давлатга қарши, деб қамашяпти. Бу умуман нотўғри нарса.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Сўхдаги воқеаларга иштирок этган ва бу жараёнда ҳокимият вакилига зўрлик ишлатган ёки енгил тан жароҳати етказган шахсларга, Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка биноан, жарима ёхуд энг кўпи билан 15 суткалик қамоқ жазоси қўлланиши мумкин эди.

Айни пайтда, Элибоев қалтис ҳудудда жойлашган Сўхда давлат мулозимларининг калтакланишини ҳукумат жавобсиз қолдирмаслиги кутилган ҳол эканини ҳам қўшимча қилди.

- Сўхни бир қаранг: ер Ўзбекистонники, атрофи Қирғизистонники, ичида тожик миллатига мансуб аҳоли яшайди. Ростдан ҳам можароли ҳудудда ўзи. Водийнинг шу қисмида учта давлат кесишган – Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон. Аслида Сўхдаги муаммоларни уч давлат расмийлари ўтириб олиб, бирга ҳал қилиши лозим. Лекин, мана энди катталар Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш – бу масаланинг ечими деяпти. Билмайман, бу қанчалик ечим бўла олади? Балки чегаралар очилиб, қирғиз биродарлар билан бемалол борди-келди қилармиз. Мана бугун Сўх-Водил йўли очилди, балки Риштон йўли ҳам очилиб қолар, ҳозирча яхшиликка умид қиляпмиз”.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:43 0:00
Бевосита линк

"Бу - Шуҳрат Ғаниевнинг қасд олиши эмас, юқоридан ҳал қилинган масала"

Сўх воқеаларини муттасил кузатиб борган журналист Зариф Султоний, 22 августдан Сўх туманида бошланган ҳибсга олишлар 31 майдаги каби тўполонларнинг такрорланмаслиги учун кўрилган чора, деган фикрда.

Журналистга кўра, бу чорани қўллаш қарори ҳам Фарғона вилояти ёки унинг ҳодисаларда тошбўрон қилинган ҳокими Шуҳрат Ғаниев даражасида қабул қилинмаган.

-Масала жуда жиддий. Бу Шуҳрат Ғаниевнинг қасд олиши эмас, бу юқоридан ҳал қилинган масала, менимча. Мақсад халқни қўрқитиш. Агар индамай қўйилса, бошқа регионлар ҳам бундан хулоса чиқариб, демак ҳаққимизни талаб қилиб чиқсак бўлади, деган фикрга келишлари мумкин. Натижада, норозилик ҳаракатлари ёйилиб кетиш эҳтимоли бор. Шунинг олдини олиш учун ҳукумат халқнинг кўзини қўрқитиб қўйиш керак, деган мантиқ билан ҳаракатга тушган”.

Ижтимоий тармоқ: Ҳоким Ғаниевга жазо йўқми?

Сўхда май ойида бўлган воқеалар ортидан ёш-ёш йигитларнинг ҳибсга олиниши ва уларга нисбатан давлат тузумига тажовуз ҳамда ҳокимият вакилига қарши зўрлик ишлатиш каби айбловлар эълон қилиниши тармоқларда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Жумладан, блогер Телеграм тармоғидаги bakiroo​ канали Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқ устуворлиги индексида паст ўринда қолаётгани сабабларидан бири - мансабдорларнинг ноқонуний ҳаракати учун жазоланмаслиги экани, Сўхдаги аҳвол эса бунинг яққол исботи эканини ëзди.

"Сўх иши" бўйича бу ҳолат янаям яққол кўриниб қолмоқда. Жаноб Ғаниев бутун бир халқ ва туманни ҳароми деса - жазо йўқ, картадан ўчириб ташлайман деса - жазо йўқ, йўлни ёпаман деса - жазо йўқ.

Ҳокимият ва давлат органларига қаршилик кўрсатганларга эса маҳкама очилмоқда ва ёпиқ судлар билан ҳукм ўқилмоқда. Бу транспарент эмас. Бу ҳуқуқни ва қонунни танлама, бир ёқлама қўлланилиши.

Рейтинг, Ўзбекистон имиджи деб қайғураётганлар билсинки, афсуски, Ғаниевнинг ўзи бугунги Ўзбекистоннинг асл юзи".

Президент: 50 йилда ҳал бўлмаган муаммони 3 ойда ҳал қилиб бўлмайди

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 6 июлида Фарғонада вилоят ва туманлар ҳокимлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда Сўхдаги воқеалар ҳақида гапира туриб, туманда узоқ йиллардан бери ҳал бўлмай келаётган муаммолар йиғилганини тан олган эди.

"Сўх воқеалари ҳам синов бўлди. Битта нарсани билишимиз керак, охирги 3-4 йилда қўшниларимиз билан, қирғиз халқи билан, қирғиз дўстларимиз, биродарларимиз, жон қўшнимиз билан жуда катта ишларни амалга оширдик. Ўйлайманки, биродарлигимиз, дўстлигимиз, қавм-у қариндошчилигимиз давом этади. Бу ножўя воқеалар дўстлигимизга, борди-келдимизга, эртанги кун учун режаларимизга таъсир кўрсатмаслиги керак...

Муаммолар йўғамас, бор. Лекин тасаввур қилинглар, 50 йил ҳал бўлмаган муаммоларни 3 йилда ҳал қилиб бўлмайди. Қонун керак, вазминлик керак, қонунни амалга ошириш керак, ҳаммасини тарозига қўйиб, тўғри хулоса қилиб, дўст бўлишимиз керак, сабоқ чиқаришимиз керак. Келажакда борди-келдимиз, дўстлигимиз бунданам мустаҳкам бўлади. Қўшничилик - минг йилчилик".

Мирзиёев Сўх ҳақида: 50 йил ҳал бўлмаган муаммоларни 3 йилда ҳал қилиб бўлмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:51 0:00

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Ўзбекистон томони берган расмий маълумотга кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

XS
SM
MD
LG