Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

Коронавирус ҳақида ҳануз жавобсиз қолаётган 10 савол


Коронавирус ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳри - 7 декабрь, 2020
Коронавирус ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳри - 7 декабрь, 2020

Инсоният COVID-19 билан ёнма-ён яшай бошлаганига бир йилдан ошган бўлса-да, бу касаллик ҳақида ҳали жуда оз нарса биламиз. Ҳолбуки, жаҳон сиёсатчилари, эпидемиологлар, фармацевтлар ҳамда журналистлар дунё коронавирус билан боғлиқ янги фалокатларга йўлиқажагини башорат қилишмоқда.

Ўтган ҳафта бир томондан Евроиттифоқ, иккинчи томондан эса Буюк Британия ҳукумати ҳамда AstraZeneсa Британия-Швеция ширкати ўртасида “вакциналар уруши” бошланган эди. Бу ЕИ аҳолисининг коронавирус қаршисидаги хавфсизлигини савол остида қолдиради. Айни пайтда 453 миллион киши истиқомат қилувчи Европа Иттифоқида саккиз миллиондан камроқ аҳоли — аксарияти врачлар, ижтимоий хизматчилар ҳамда қариялар — вакцинация қилинган, холос. Бирлашган Европада пандемия бошланганидан бери коронавирус юқтирганлар сони 19 миллионга етаёзган, қурбонлар сони эса қарийб 450 мингни ташкил қилади.

Ушбу манзарада Билл Гейтснинг яқинда берган баёноти кўпчиликни саросимага солди: Microsoft асосчиси жаҳонда навбатдаги, мутлақо янги касаллик пандемияси юз бериши муқаррарлиги ва у 35 фоизлик ўлим даражаси билан ҳозиргисидан ўн чандон ёмонроқ бўлишини айтди. Гейтснинг сўзларига кўра, коронавирус табиий офатлар ёки иқлим ўзгариши сингари кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланади.

Қуйида SARS-CoV-2 коронавирусига оид ва ҳозирча ҳеч ким аниқ жавоб бера олмаган 10 асосий саволга тўхталамиз:

Коронавирус болаларга қандай таъсир кўрсатади ва қандай тарқалади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:04 0:00

1. Вирус қандай пайдо бўлди?

SARS-CoV-2 бизга Хитой кўршапалакларидан юққани тўғрисидаги асосий фараз ўзгаргани йўқ. Коронавируслар кўршапалакларнинг доимий ҳамроҳи бўлиб, улардан баъзи бир турлари аллақачон эпидемия чиқариб улгурган, масалан, 2002 йилда. Бироқ янги коронавирус инсонга юқишидан бурун қайсидир ҳайвон турини “макон тутган” бўлиши керак — ана шу оралиқ “манзил”ни қидириб топиш бўйича ишлардан ҳануз натижа бўлмаяпти. 2020 йил бошларида вируснинг одамларга тарқалиш нуқтаси, деб топилган Ухань бозорида сотиладиган жониворлар устида ўтказилган таҳлиллар ҳам уни аниқлашга ёрдам бермади. Бир қанча олимлар эса “нима бўлганда ҳам вирус ушбу шаҳарда сунъий яратилиб, тасодифан назоратдан чиқиб кетган, ХХР ҳукумати вирус ҳақида дунёга маълум қилишдан анча аввал ҳаммасини билар эди”, дея тахмин қилишади.

2. Янги пандемия келиб чиққан тақдирда у қандай тугайди?

Тиббиётчиларнинг фикрича, агарда дунё мамлакатларининг ҳукуматлари қатор мажбуриятлар босими остида “коронавирус билан ёнма-ён яшаш” стратегиясини танлашса, келгуси ёздаёқ деярли барча давлатларда касалланиш даражаси 2020 йилнинг мазкур даври кўрсаткичидан сезиларлича ошиб кетади. Энг аввало, қўшимча хатар омилларига эга бўлмаган (ва айни шу важга кўра эмланмаган) ёшлар хавф остида қолади. Бу Европани ўз ёндашувини ўзгартиришга, 2020 йил бошларида коронавирус тарқалишини чеклаш учун ниҳоятда қаттиқ чора-тадбирларни қўллаган, ҳатто беморларни уйларига қамаб қўйган ва 24 соатлик комендантлик соати жорий этган Осиё давлатларидан ўрнак олишга мажбур этиши мумкин.

3. Ўлим даражаси қанақа?

COVID-19 дан умумий ўлим даражаси ҳозирча, касалланганлар умумий сонининг 0,5 дан 1 фоизигача ўзгариб туради, аммо ўлим даражаси касалланганларнинг ёшига бевосита боғлиқ. 80 ёшдан катталарда у 25 дан 50 фоизгача; 50 дан 70 ёшгача кишилар орасида эса 10 фоизга етади. 50 ёшгача аҳоли орасида коронавирусдан ўлим — мингтадан битта ҳолатда учрайди ва бу оддий гриппнинг ўлим кўрсаткичлари билан қарийб баравардир.

4. Янги коронавирус қай тариқа тарқалади?

COVID 19: Пандемиянинг иқтисодий таъсири, бепул вакцина, вирус қачон йўқолиши ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:55 0:00

2020 йил ёзидан бери бу борада бир неча йирик тадқиқот эълон қилинган бўлса-да, мазкур саволнинг қатъий жавоби ҳануз йўқ. Бир қатор шифокорлар, касаллик юқишининг асосий йўли бу тупук томчилари (масалан, ўпишганда ва умумий идиш-товоқдан фойдаланганда) эканига, айни чоғда аэрозолли йўл (ёнингизда бемор аксириши ёки йўталиши) камроқ хатар туғдиришига ишонадилар. Шунингдек, тиббиёт олами “SARS-CoV-2 кирланган юза орқали юқадими-йўқми, бунда вирус қанча вақтгача фаол ва яшовчан қолади”, деган саволларга ҳам якдил жавоб бера олмайди.

5. Касалликни даволаса бўладими? Қандай қилиб?

Ўтган бир йил давомида тиббиёт вакиллари беморларда, илгари бошқа касалликларда қўлланилган чамаси барча маълум ва машҳур усулларни синаб кўришди — аксари ҳолларда айтарли ижобий натижага эришишгани йўқ. Хлорохин ва гидроксихлорохиндан дексаметазонгача, ивермектиндан колхицингача синаб кўрилди. Бироқ айрим ҳолатларда мазкур дорилар оғир аҳволдаги беморлар орасида ўлим даражасини ва ўпкага ҳавони сунъий етказиб беришга эҳтиёжни камайтириши аён бўлдики, олимлар бу вазиятни ҳам илмий изоҳлай олишмаяпти.

6. Иммунитет қанча вақтгача сақланади?

Тадқиқотларда тасдиқландики, COVID-19 билан оғриган беморларнинг қарийб 95 фоизида касалликнинг оғирлик даражасига қараб камроқ ёки кўпроқ миқдорда антижисмлар ҳосил бўлар экан. Антитаначалар вируснинг энг енгил турини кечирган одамлар танасида ҳам ишлаб чиқарилади. Бироқ шифокорлар қайта хасталанишдан сақланиш учун қанча миқдорда антитаначалар зарур бўлишини ҳамон билишмайди.

7. Нега касаллик баъзан жиддий, баъзан эса енгил кечади?

Ўтган бир йил мобайнида шифокорлар “касаллик кечишининг клиник манзараси ёмонлашуви организмнинг иммун реакциясига боғлиқ, аммо бу реакцияни олдиндан билиб бўлмайди”, деган хулосага келишди. Бирмунча вақт муқаддам “цитокин бўрони”, яъни яллиғланиш чоғида ҳужайрада сигналларнинг узатилишига жавобгар бўлган оқсилларнинг ҳаддан ортиқ фаоллиги кўп беморлар ўлимининг бош сабабчиси деб тахмин қилинган эди. Эндиликда эса янги назария пайдо бўлган: унга кўра, асосий “айбдор” — “аутоантитаначалар”, яъни қанчалик ғалати бўлмасин, ўзи яшайдиган организмга қарши ҳаракат қилувчи специфик антитаначалар экан.

Жаҳон банки: COVID-19 пандемияси 60 миллион кишини ўта қашшоқ аҳволга тушириб қўйиши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:35 0:00

8. Янги коронавирус хавфли мутация бўладими?

Ўтган йилнинг декабрида Британияда аниқланган SARS-CoV-2 янги коронавируси аввалгисига нисбатан 70 фоизга юқумлироқдир. Аммо ўлим даражаси ва касалликнинг оғир ёки енгил кечиши нуқтаи назаридан унинг хавфлироқлигини кўрсатадиган бирон-бир маълумот йўқ. ЖАРда ўтган йили октябрда вируснинг бошқа мутацияси — 501.V2 штамми пайдо бўлганди. Ушбу тур ҳозирда бутун Жанубий Африка бўйлаб тарқалган.

Ғарб мамлакатларида аҳолини эмлашда қўлланаётган вакциналарнинг бир афзаллиги мавжуд: улар ёрдамида ишлаб чиқарилган антитаначалар зарур бўлганда вируснинг янги штаммларига осон мослаша олади. Ҳар ҳолда, ишлаб чиқарувчи компаниялар бизни шунга ишонтиришмоқда.

9. Касаллик тарқалишида болалар қандай рол ўйнайди?

Чунончи, Женева университетида 0 дан 18 ёшгача бўлган 1000 нафар болалар ва ўсмирлар устида ўтказилган тадқиқотларда исботландики, 6 ёшдан катта болаларнинг касаллик юқтириш даражаси (23 фоиз) аҳоли ўртасидаги умумий касалланиш даражаси (22 фоиз) билан қарийб бир хил экан. “Болалардаги тасдиқланган ҳолатлар сонига қараб, улар касалликни юқтирмаслиги тўғрисида хулоса қилиб бўлмайди. Улар кўпроқ вируснинг симптомсиз кечадиган турларига чалинишлари боис катталарга қараганда анча кам тестдан ўтказилади. Бинобарин, бир савол жавобсиз қолаётир: болаларнинг жамиятда касаллик тарқалишидаги ҳақиқий улуши қандай?” — дейди университетнинг Популяциялар эпидемиологияси лабораторияси бўлим бошлиғи Сильвия Стрингини.

10. Уй жониворлари касаллик ташийдими?

SARS-CoV-2 билан касаллангани тасдиқланган ҳайвон турлари рўйхати кенгайишда давом этмоқда — улар орасида кучук, мушук, қорақўзан, шунингдек, ҳайвонот боғида сақланадиган шер, йўлбарс ва гориллалар бор. Бу, инфекция одамдан ҳайвонга ўтиши мумкинлиги (“терс зооноз” ҳодисаси)ни, айниқса, йиртқичлар, жумладан сувсарлар оиласи вакиллари вирусга нисбатан таъсирчан бўлишини тасдиқлайди. Ит ва мушуклар орасида SARS-CoV-2 тарқалиши кўлами анча тор бўлса, қорақўзан боқиладиган фермаларда вирус жуда тез тарқалиши кузатиляпти. Хусусан, Данияда касалланган бир неча миллион жониворни ўлдиришга тўғри келган эди.

XS
SM
MD
LG