Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:28

OzodNazar: Сенсирайдиган Президент ва "қовун туширадиган" ҳокимлар ҳақида


Шавкат Мирзиёев 18, 19 февралда хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлди
Шавкат Мирзиёев 18, 19 февралда хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлди

19 февраль оқшомида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига икки кунлик сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Давлат раҳбарининг сафари давомида пайдо бўлган саволларини OzodNazar эшиттириши қашқадарёлик халқаро журналист Бердиёр Жумаевга берди.

Бердиёр Жумаев
Бердиёр Жумаев

- Президент куни кеча Наманганга сафари давомида кутилмаганда бир хонадонга ва шаҳар четидаги бир маҳаллага борди. Аҳоли билан гаплашди. Буни кўриб нималарни ўйладингиз?

  • - Кейинги пайтда мана шунақанги кутилмаган ташриф иккинчи марта кузатилди. Бундай "юриш"лар одатга айланаётганлиги, агар бу йил кузда президент сайлови бўлиши назарда тутилса, кишида бошқачароқ фикрлар уйғотади. Шунингдек, мамлакат президентининг маҳалла оралаб, нари борса, туман ҳокими назорат қиладиган юмушлар билан шуғулланишиям ғалати туйилади. Бундан шу вақтгача бундай муаммоларни ҳал қиладиган одамлар нима билан банд эдилар, деган савол ҳам туғилади. Устига устак, Шавкат Мирзиёев Фарғонада бўлиши муносабати билан, энди мазкур вилоятдаги сингари, тўсатдан бўладиган ташрифларни амалга ошириши ҳақида огоҳлантирганига қарамасдан, жойларда мана шу сингари бепарволикларга йўл қўйилаётганлиги президент гапларининг таъсири сезилмаётганлигиниям англатиши мумкин.
    Жойларда мана шу сингари бепарволикларга йўл қўйилаётганлиги президент гапларининг таъсири сезилмаётганлигиниям англатиши мумкин.

- Президент маҳаллага борганда ундан танбеҳ эшитган ҳоким ва бошқа секторлар раҳбарлари ўрнига ўзингизни қўйиб кўрдингизми? Уларнинг ўрнида президентнинг танбеҳига нима деб жавоб берган бўлардингиз?

  • - Аввало, мен уларнинг ўрнида бўла олмас эдим. Негаки, тепса тебранмаслик табиатимга хос эмас. Тақдир тақозоси билан, гарчи, шундай бўлган тақдирдаям, имкон қадар, шароитни тузатган ҳолда, иложи борича, бунақанги шармандали ҳолатга тушимасликка ҳаракат қилардим. Айнан, шундай вазиятда уларнинг ўрнида бўлиб қолганимда эса, дарҳол, ўз ихтиёрим билан, вазифамдан кетган бўлардим. Яна бир нарса: нечун Фарғона шаҳрининг 4 раҳбари юқоридаги каби қусурлари учун лавозимларидан айрилишди-ю, аммо, Наманганнинг ушмундоқ мақомдаги "катта"лари огоҳлантириш билан чекланганлариям адолатдан эмас, менимча.

- Ҳокимларни тепса тебранмасликда айблаяпсиз. Лекин аҳолининг кўча деворини оқлаш уларнинг вазифаси эмаску? Бу қашшоқли-фаровонлик масаласи, қолаверса умумий маданият масаласи эмасми?

  • - Эътибор қаратган бўлсангиз, мазкур ўринда, аҳолининг кўча девори эмас, балки маҳалла идоарасига тегишли жойлар ҳақида гап борди. Мен буни, ўзимга қолса, умумий маданият билан боғламаган бўлардим. Бунга, биринчи навбатда, маҳаллий раҳбарларнинг ободончилик ҳамда фаровонлик билан сариқ чақалик ҳам ишлари йўқлиги сабабчи, дея ўйлайман. Ушбу ҳолатни қашшоқлик билан-да, боғлаб бўлмайди. Илло, ҳар қандай шароитдаям керакли оҳак ҳамда кўчатларни топишнинг имкони топилади.

  • - Наманганда ҳам Фарғонадагидай "тўртлик" кетди. Уйчи туманиники. Хабарсиз қолибсиз шекилли. Ўзи умуман, бошқарувнинг бу янги усули - "тўртлик"ларни мамлакат жамоатчилиги муҳокама қилганига кўзим тушгани йўқ. Шу тўғри усул, деб ҳисоблайсизми?
  • - Менимча, мазкур воқеа Наманган шаҳри ҳудудида содир бўлди, Уйчидаги "тўртлик"нинг кетишидан воқифман: уларнинг бўшатилиши бошқа нуқсонлар билан боғлиқ. Умуман олганда, вилоятлар, шаҳарлар, туманларни "тўртлик"ларнинг бошқариши кейинги тўрт йилнинг "кашфиёти" бўлди. Бундай усулнинг, нақадар, "янги" эканлигини билмадим-у, бироқ, ҳокимдан бошқа сектор бошлиқлари на "секторбошилик" ва на ўз хизмат жойларига бошчилик масъулиятлари ҳамда мажбуриятларини уддалай олмаётганликлари бор гап!

- Уддалай олиш-олмаслиги - кейинги масала. Мени бошқа нарса ўйлантиради: ҳокимдан бошқа у раҳбарнинг (прокурор, ИИБ ва Солиқ инспекцияси бошлиқлари) ўз хизмат вазифалари бор. Улар эса, ўша вазифаларига қўшимча равишда бир секторга ҳокимлик ҳам қилишяпти...

Туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ўзининг асосий хизмат вазифаси юзасидан 2-3 марта телефон қилганимда, у, нуқул, сектор ишлари билан жуда бандлигини қайта-қайта пеш қилди.
  • - Бунақанги "ҳокимлик", фақат, уларнинг ўзларигагина манфаат келтириши мумкин, оддий халқ учун эса, қўшимча ташвиш, ортиқча юмуш. Менинг ўзим гувоҳ бўлган ҳолат: туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ўзининг асосий хизмат вазифаси юзасидан 2-3 марта телефон қилганимда, у, нуқул, сектор ишлари билан жуда бандлигини қайта-қайта пеш қилди.

- Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати бор: тўртта секторга куч ишлатиш, босим ўтказиш ричаглари борлар раҳбар қилиб қўйилган. Халқ таълими, соғлиқни сақлаш ёки маданият бўлимлари мудирлари сектор раҳбари қилиб қўйилганини билмайман...

  • -Буни, менимча, биринчи навбатда, ўзбекчилик менталитети билан изоҳлаш даркор. Ахир, халқ таълими, соғликни сақлаш, маданият ҳамда шу сингари соҳалар раҳбарларининг тегишли "катта"ларгаям, оддий одамларгаям сўзлари ўтмайди-да. "Ҳуқуқ-тартиботчи"лар эса, азалдан ҳар хил йўллар ва усуллар билан мажбурлаб иш бажартиришга устаси фаранг бўлиб кетганлар.

- Ўзбек мажбурламаса ишламайдиган миллатми? Бу усул мажбурловни қонунийлаштириш эмасми?

Кейинги чорак аср, аксарият ўзбекларни мажбурламаса ишламайдиган шахсларга айлантириб қўйди.
  • - Ҳа, кейинги чорак аср, аксарият ўзбекларни мажбурламаса ишламайдиган шахсларга айлантириб қўйди. Негаки, муносиб рағбатини, арзирли тўловини топмаган ҳар қандай иш қўл учидагина бажарилади. Мазкур ҳолатни барча соҳаларда кузатиш мумкин: шулардан биттаси ва каттаси ҳақ тўланмайдиган ёинки садақа даражасидан ҳам паст ҳақ тўланадиган мажбурий меҳнатнинг авж олганлигидир.

  • - Президент Наманганда маҳалла раисилигига оқсоқоллар ўрнига ёшларни қўйишни тавсия қилди. Демак, энди бутун мамлакат бўйлаб кадр алмашинуви бошланади. Бунга нима дейсиз?
  • - Мазкур тавсия, гарчи, ҳақиқатан-да, амалга ошса, мақсадга мувофиқ бўлади, дея ҳисоблайман. Чунки, айни пайтда маҳаллаларга раҳбарлик қилаётган кишиларнинг ёшлари бўйича аниқ ҳисобни билмайман-у, бироқ, уларнинг камида 80-90 фоиз қисми катта ёшдаги, шунингдек, ҳар хил лавозимлардан келиб қолган одамлардир. Агарда, уларнинг ўринларига ёшлардан раислар қўйиладиган бўлса, нисбатан олганда, анча-мунча фойдали бўларди. Бироқ, мана шунақанги алмаштирувлар кўплаб ғалваларни келтириб чиқариши эҳтимолиям йўқ эмас. Илло, ҳозир ишлаб турган маҳалла раислари осонликча ўз ўринларини бўшатиб қўйишмаса керак.

- Президентнинг муомала маданияти ҳақида нима дейсиз? Масалан, у киши кўпчилик олдида туман раҳбарларини сенлаб ғадаблади. Бу ҳам ўзбекчиликми?

Ҳокимлар бу борада президентни йироқ йўлларда қолдириб кетишлари турган гап. Уларнинг ўз оталари ёхуд оналари тенги кишиларни сен-сенлаб ҳақоратлаганлари бисёр бора кузатилгандир.
  • - Айни ҳолатни ўзбекчасига "каттачилик"нинг кўриниши сифатида баҳолаш мумкин. Илло, маҳаллий ҳокимлар ушбу борада президентни йироқ йўлларда қолдириб кетишлари турган гап. Уларнинг ўз оталари ёхуд оналари тенги кишиларни сен-сенлаб ҳақоратлаганлари бисёр бора кузатилгандир.

- Давлат раҳбари кетганидан сўнг вилоят ҳокими бир маҳаллага бориб "ётиб олди". Энди ўша маҳалла гуллаб-яшнши аниқ. Лекин у киши ҳамма маҳаллага бориб ётиб ололмайди. Буни бюджет ҳам, тадбиркорлар ҳам кўтара олмайди. Халқни боқимандаликка тобора ўргатиб қўйишмаяптими?

  • - Мазкур ўринда, аввало, Шавкат Абдураззоқовнинг "ҳозиржавоб"лиги мени ажаблантирди. Унинг президент танқидига нишон бўлган маҳаллага контейнер ўрнатиб, ўша жойга кўчиб бориб яшашини эълон қилганлигининг ўзи Ш. Абдураззоқовнинг вилоят ҳокими сифатидаги савияси ҳаминқадарлигини ошкора айлаб қўйди. Нима, вилоят ҳокимининг юзлаб маҳаллалардан, атиги, биттасидаги муаммоларни ҳал қилишдан бошқа зарур юмушлари йўқми?! Менимча, Ш. Абдураззоқов президентга "фидойилиги"ни намоён этмоқчи бўлди-ю, лекин, аслида, айни гапи билан билан "қовун" тушириб қўйди.

- Президентнинг Наманган сафаридан кўнглингизда пайдо бўлган асосий ҳис нима?

  • - Аслида, бунақанги сафарлар янгилик эмас-ку! Аммо, ҳамма гап уларнинг берадиган самараларида. Одатда, давлат раҳбарининг вилоятларга мана шу сингари "ташриф"ларига маҳаллий ҳокимлар жон-жаҳдлари билан тайёргарлик кўрадилар, жойлардаги қусурларни, нуқсонларни, камчиликларни ёпишга, шунингдек, хаспўшлашга уринадилар. Президент Тошкентга қайтганидан кейин эса, кўп ишлар яна эски ҳолича қолаверади. Мана шулар хусусида ўйлар эканман, Наманган сафарининг натижаси ҳам жуда баракали бўлишига унчалик ишона олмайман.

XS
SM
MD
LG