Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:38

Туркманистон фойдасига жосусликда айбланган собиқ МХХ зобитининг яқинлари унинг озод этилишини сўрамоқда


Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошев.
Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошев.

Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошевнинг яқинлари унинг озод қилинишини талаб этишмоқда.

52 ёшли Йўлдошев 2011 йилдан бери қамоқда ушлаб турилибди. Оиласига кўра, ҳибсга олинганининг дастлабки кунлари Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ҳибсхонасида қийноққа солинган.

Маҳкумнинг 22 ёшли ўғли Валижон Йўлдошев отасини озод этишни сўраб давлат идораларига арз қилгани, лекин хануз жавоб олмаганини айтди.

Валижоннинг Озодликка айтишича, отаси қамоққа олинганининг дастлабки кунлари унга жосуслик айбини бўйнига қўйиш учун Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган ДХХ ҳибсхонасида ўн кун мобайнида уни қийноққа солишган, қовурғасини синдиришган.

"Қамоққа олинган илк кунлари дадамни ўн кун давомида айбни бўйнига қўйдириш учун тинимсиз калтаклашган. Кейинги ҳолат уч йил олдин бўлган, уни гапиришга мажбурлашган, лекин видео ҳеч қаерда чиқмади. Ва ниҳоят отам қийноққа солингани бўйича икки йил аввал жиноят иши очилишига эришдик. Лекин муддат ўтиб кетган, дея ишни ёпишди, отамни қийноққа солганлар шу билан жавобгарликка тортилмасдан қолди. Ўрнига 15 йиллик қамоқ уч йилга қисқартирилди. Айблов қийноқ эвазига қўйилгани аниқ бўлди, лекин уни озодликка чиқаришмаяпти”, - дейди Валижон Йўлдошев.

Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошев фарзандлари билан.
Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошев фарзандлари билан.

Жосуслик айблови

Ўғлидан олинган маълумотларга қараганда, Одилжон Йўлдошев Туркманистоннинг Тошховуз шаҳрида туғилган. У ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида Тошкент давлат университетига ўқишга кирган.

Ўқишни тугатгач Тошкентда қолган, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида (ҳозир Давлат хавфсизлик хизмати) тўққиз йил терговчи бўлиб ишлаган.

1998 йилда МХХдаги ишидан айрилгач Одилжон Йўлдошев Жанубий Кореянинг молиявий кўмагида Ўзбекистонда очилган “Койка” беғараз ёрдам ташкилотида ишлаган.

2011 йилда у Туркманистон давлатига жосуслик, уларнинг вакилларига давлат сирларини етказишда айбланиб 15 йилга қамалган.

Ўғлининг айтишича, Йўлдошев касб тақозоси билан Туркманистонга ва Туркманистон элчихонасига бот-бот бориб тургани ва ушбу давлат махсус хизматларига ишлаш учун ёллангани тергов ҳужжатларида айтилган.

Бироқ Валижон Йўлдошев бу айбловлар тўқиб чиқарилганини айтаркан, деди:

“Дадамни СНБдан кетишига битта ҳолат сабаб бўлган. Катта жиноятга кўз юмасан қоласан, бўлмаса кетасан, дейишган. Дадам рози бўлмаган, шу билан СНБдаги ишидан кетди. ""Койка" деган ташкилотга ишга кирди. Ўша пайтда отам элчихоналарга бориб турарди, жумладан Туркманистон элчихонасига ҳам. Отамга қўйилган айблов ҳужжатларида Туркманистон элчихонасига Ўзбекистондаги Хитой ва Россия ширкатлари ҳақида маълумот бериб тургани, бунинг эвазига 4 минг АҚШ доллари миқдорида пул олгани айтилади. Ўзбекистон харитасини ҳам берган экан. Буларни ҳаммаси обший доступдаги маълумотлар. Бундан ташқари Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБсидан берилган ўзбек паспорти сохта бўлган ва шу паспорт билан чет давлатларга чиқиб келган, деган айбловлар бор. Буларни ҳаммаси тўқиб чиқарилгани ва қийноқ остида бўйнига қўйилгани маълум бўлди”, - дейди Валижон Йўлдошев.

Қийноқлар

2017 йил ноябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев судларга қийноқлар ёрдамида олинган ҳар қандай далил-исботни қўллашни тақиқловчи ва фақат суд иши давомида тасдиқланган далил-исбот асосида ҳуқуқий қарор олишни буюрувчи фармонга имзо чеккан эди.

"Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларнни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармон 2018 йил мартида кучга кирган.

Ушбу фармонда, прокурорлар айбланувчи ё айбланувчи оиласига жисмоний ё руҳий босим ўтказилган ё ўтказилмаганини текширишлари керак, дейилган.

Маҳкумнинг адвокати Сергей Майоров 2018 йилда айнан шу фармон асосида ўз мижози Одилжон Йўлдошевнинг қийноққа солингани бўйича жиноят иши очилишига эришилганини айтади.

“Бошида қамалганида мен унга адвокатлик қилмаганман. Лекин, ҳужжатлар билан танишиб чиқдим. Айблов мутлақо соҳта далиллар асосига қурилгани шундоқ кўриниб турибди. Қийноқ орқали олинган. Икки йил аввал бу текширилиб, ҳақиқатан қийноқ бўлгани ўртага чиқди. Яъни, унинг қийноққа солингани расман тан олинди. Бас шундай экан у озод қилиниши ва уни таҳқирлаганлар жавобгарликка тортилиши керак”, - деди Майоров.

Одилжон Йўлдошевга қўйилган айбловлар юзасидан Ўзбекистон расмий идораларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Олий суд матбуот хизмати ходими, деб ўзини таништирган мулозим давлат ва ҳарбий сирларига оид жараëнлар изоҳланмаслигини айтиш билан кифояланди.

Маҳкумнинг ўғли ҳам отасини озод этишни сўраб Ўзбекистон Омбудсмени ва Президент қабулхонасига мурожаатлари жавобсиз қолганини айтди.

"Ҳозир масалани БМТ Инсон ҳуқуқлари идорасига кўтармоқчимиз", - дейди Валижон Йўлдошев.

Ўзбекистонда қўшни давлат фойдасига жосуслик айблари билан боғлиқ бошқа маҳкама жараёнлари ҳам бўлган.

2014 йилда қўшни Туркманистонга жосуслик қилишда айбдор, деб топилган тўрт нафар қашқадарёликни узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилганди.

Ўзбекистон телевидениеси туркман махсус хизматларининг Ўзбекистонга қарши "душманона фаолияти"га бағишланган кўрсатувда ўзбек-туркман чегарасида жойлашган Таллимаржон сув омборининг собиқ ходимлари бўлган бу шахслар 2009-2010 йиллар давомида қўшни давлат махсус хизматлари билан "ҳамкорлик" қилганликлари иддао қилинган.

XS
SM
MD
LG