Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:39

Қирғизистон собиқ бош вазири ўғлининг "жосуслик фаолияти" жамоатчиликка ошкор этилди


Қирғиз ҳукуматининг собиқ амалдори Алтинбек Муралиев.
Қирғиз ҳукуматининг собиқ амалдори Алтинбек Муралиев.

Яқин қўшни давлатлардан бири фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб 22 йилга қамалган қирғиз ҳукуматининг собиқ амалдори Алтинбек Муралиев ишига оид айрим тафсилотлар матбуотда эълон қилинди. Бироқ Алтинбек Муралиев жосуслик қилган “яқин қўшни давлат” номи давлат сири сифатида эълон қилинмаяпти. Жосусликда айбланган шахс Қирғизистон собиқ бош вазири Амангелди Муралиевнинг ўғлидир.

Қирғизистон матбуотига сиздирилган маълумотларда айтилишича, Алтинбек Муралиев яқин қўшни давлатлардан бирининг махсус хизмати билан бир неча йил давомида ҳамкорлик қилган ва хориж разведкасига давлат сири ҳисобланган 400та ҳужжатни топширишга улгурган.

Очиқланган маълумотларда Қирғизистон ҳукуматининг ташқи сиёсат бўлимига раҳбарлик қилган Алтинбек Муралиев яқин қўшни давлат махсус хизматидан дастлабки йиллари ҳар ойда минг доллардан, охирги пайтларда эса икки минг доллардан хизмат ҳаққи олиб тургани билдирилган.

Давлат сири ҳисобланган ҳужжатларнинг барчаси ташқи сиёсатга оид бўлган. Мазкур ҳужжатлар орасида қўшни давлатлар билан пайдо бўлган муаммоларга оидлари ҳам бўлган.

“Дело №” газетасининг ёзишича, бунинг оқибатида Қирғизистон ҳукумати катта зиён кўрган ва қўшни давлат билан ўтказилиши режалаштирилган бир қатор музокараларда муваффақиятсизликка эришилган.

Ватанга хиёнатда айбланиб 22 йилга қамалган Алтинбек Муралиевнингг отаси, Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Амангелди Муралиев матбуотда ўғлининг жиноят иши тафсилотлари ошкор қилинганига муносабат билдирар экан, бу гапларга ишонмаслигини айтди:

-Ўғлим ҳукуматда ишлаётганда сиёсий ўйинлар бўлган. Курашаётган икки томон ўртасида ур калтакка йўлиққан ўғлим бўлиб қолди. Бошиданоқ унга терговчилар “бизнинг сценариймиз бўйича кўрсатма берасан”, деб шарт қўйишган. Унинг олдига бир ой мобайнида мен ёллаган адвокатларни киритишмади. Тергов жараёнида унга нисбатан психотроп моддалар қўлланилган, деган гумоним бор. Жиноят ишида ўғлимнинг айбини бевосита тасдиқлайдиган бирорта бир далил-исбот йўқ, -деди Амангелди Муралиев.

У ўғли қайси давлат фойдасига жосуслик қилганликда айбланаётгани тўғрисида маълумот беришдан бош тортди.

Матбуотга сиздирилган маълумотда ҳам Алтинбек Муралиев қайси давлат фойдасига жосуслик қилгани айтилмаган, фақат” яқин қўшни давлат фойдасига жосуслик қилган”, деган гаплар ёзилган.

Маълумотда айтилишича, Алтинбек Муралиев 1999-2004 йилларда Туркияда ўқиб юрган пайтда "ўша яқин қўшни давлат махсус хизматининг назарига тушган". 2010 йилдан бошлаб Алтинбек Муралиев яқин қўшни давлат фойдасига жолсуслик қила бошлаган. У давлат сири ҳисобланган маълумотларни махсус компьютер дастурлари орқали қўшни давлатга юбориб турган.

Матбуотда айтилишича, Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси 2010 йилдан бошлаб Алтинбек Муралиев фаолиятини кузата бошлаган. Қўмита Муралиев қўшни давлат махсус хизматларининг одамлари билан Қирғизистон худудида яширин квартираларда 4 йил мобайнида учрашиб келганини аниқлаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Алтинбек Муралиев жиноят ишининг тафсилотлари матбуотда эълон қилинганига муносабат билдиришдан тийилди. Шунинг учун ҳам “Нега Алтинбек Муралиев ўша пайтдаёқ қўлга олинмаган ва унга 4 йил давомида давлат сирларини қўшни давлатга бериб туриш имконияти яратилган?” деган савол очиқ қолмоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Тўқўн Мамитов эса бу саволга қуйидагича тушунтириш берди:

- Негаки, бу каби операцияларни амалга ошириш жуда кўп вақтни талаб қилади. Уни ўша пайтда қўлга олганларида ҳеч нарсани исботлай олмаган бўлардилар. Унинг жосус экани, ким билан учрашаётгани, у билан учрашаётганлар ким экани ҳақида аниқ маълумотлар пайдо бўлмагунича қўлга олиш мумкин эмас эди, -деди Тўқўн Мамитов.

Алтинбек Муралиев 2014 йилда қўлга олинган ва унинг иши судда шу йилнинг бошида кўриб чиқилган. Бишкек шаҳар Бирнинчи Май туман суди Алтинбек Муралиевни 12 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Бироқ яқинда Бишкек шаҳар суди бу ишни қайта кўриб чиқиб, уни 22 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

XS
SM
MD
LG