Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:27

Туркманистонда эски кийимда кўчага чиқа кўрманг – фермага жўнатишади


Туркманистоннинг жануби‑шарқидаги Марв вилоятида ички ишлар ходимлари ювуқсиз ва эски‑туски кийимда юрганларни тутиб кетмоқда. Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, милиция кўчада одамларни тилинчилик қилишда айблаб ёки уйсиз деб олиб кетяпти. Озодликнинг полициядаги манбасига кўра, расмийлар одамларни “текин ишчи кучи” сифатида давлат фермаларида ишлатмоқда.

Марв вилоятида полициянинг шаҳар ва шаҳарчаларни тиланчи ва уйсизлардан тозалаш амалиёти доирасида одамлар олиб кетиляпти. Вилоят марказида бир завод ишчиси кўчадан ўтиб қолган бир йўловчининг аралашуви билан қамалишдан аранг қутулиб қолган.

“Мен уйсиз эмасман. Янгисига имкониятим бўлмагани учун эски кийимларда юраман”, дейди у ўзини полиция фургонига тиқишга уринган полиция ходимига ялиниб. Ўша ердаги одамлар у бекорчи эмаслиги, ҳозир ҳам ишга кетаётганини айтганидан сўнг қўйиб юборилган.

Марв шаҳридаги бир полиция ходими Озодликка Ички ишлар вазирлиги вилоят бўлими шаҳарни кўчада ётиб юрувчилардан тозалаш ҳақида чиндан ҳам буйруқ берганини тасдиқлади.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган ходимнинг айтишича, полицияга нафақат уйсизлар, балки эски кийимда юрганларни ҳам тутиш топширилган. У ҳам тутиб кетилганлар текинга фермада ишлатилаётганини тасдиқлади. Соғломроқ кўринганлар қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун саралаб олиняпти.

Озодлик полиция ходимининг бу гапларини тасдиқлай олмайди, қаттиқ назорат қилинадиган бу ёпиқ Марказий Осиё давлатида расмийлар нодавлат ОАВга гапиришни истамайди.

Охирги қамашлар ҳақидаги одамлар шикоятларини текшириш учун Озодлик мухбири Ўғузхон кўчасидаги полиция бўлимига бориб, у ерда тутиб кетилганларнинг оила аъзолари ўз яқинлари аҳволидан хабар олиш учун тўпланиб турганига гувоҳ бўлди.

Полиция расмийлар тўпланганларга уларнинг яқинлари кўчада бир аҳволда юргани учун қўлга олинганини айтган.

“Қўрқмайман”

Полиция бўлимида бир аёл расмийлардан эрини зудлик билан озод этишни талаб қилди. Унинг айтишича, эри бозордаги ишидан уйига қайтаётганда тутиб кетилган. Эри бозорда ҳаммоллик қилар экан. Бозор ишчиларининг алоҳида униформаси йўқ, сабзавот ва мева ташиш билан шуғулланадиган ишчилар эски кийимда бўлиши табиий у ерда.

Аёлнинг полиция офицерлари билан гаплашиши жанжалга айланиб кетган. Аҳоли ҳукумат одамларига қарши гапиришга қўрқадиган бир авторитар давлатда бундай вазият жуда ноёб саналади.

Полиция ходимлари аёлни бир гапдан қолмаса, ишини йўқотиши билан таҳдид қилган. Аммо Сув ва оқава хизматида ишловчи бу аёл қаттиқ туриб, уларга ҳеч нарсадан қўрқмаслигини айтган.

Кўчани тиланчилар ва уйсизлардан тозалаш одатда катта байрамлардан аввал ёки Ашҳобод бирор нуфузли хорижий меҳмонни қабул қилишидан олдин ўтказиладиган тадбирдир.

Кейинроқ ўша аёл Озодликка исмини ёзмаслик шарти билан полиция ниҳоят эрини озод қилишга ваъда берганини айтди. Аёл ишини йўқотишдан қўрқмаслиги, чунки олаётган маоши барибир асосий эҳтиёжларига етмаслиги, камига турли ҳукумат тадбирларига деб, ҳар ойликдан ушлаб қолишларини гапирди.

Яқинда у ва унинг жамоасига давлат қураётган уйлар учун ҳисса қўшишлари кераклигини айтишибди.

Туркманистонда бу каби йиғимлар одатий ҳол.

“Болаларимнинг ейишга овқати йўқ, Уйимиз қулаб тушай деяпти. Нега давлат лойиҳаларига пул тўлашим керак”, деди у Озодликка.

Камбағаллар кўзга кўринмасин

Кейинги йиллардаги ишсизлик даражасининг баландлиги, озиқ‑овқат нархлари кўтарилиши, ҳукумат ёрдами йўқлиги кўплаб туркманларни қашшоқлик ёқасига олиб бориб қўйган.

Туркманистон шаҳарларида аёл ва эркакларнинг аҳлатхоналарда егулик қидириб юриши одатий ҳолга айланган.

Мустабид президент Гурбангули Бердимуҳаммедов раҳбарлигидаги Туркман ҳукумати одамларнинг муаммоларига эътибор қаратиш у ёқда турсин, бу муаммолар борлигини ҳам тан олмайди.

Аксинча, у тиланчилар ва уйсизларни, қишлоқлардан иш қидириб келганларни кўздан йўқотиш учун полиция кучларини ишга солмоқда.

XS
SM
MD
LG