Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:37

"Бесоқолбозлик": Халқаро ҳамжамият жазони бекор қилиш, ўзбек депутатлари уни кучайтиришга чақирмоқда


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят кодексидан "Бесоқолбозлик" моддасини олиб ташлашга чақириб келган блогернинг калтакланишида унинг ўзини айблади.

Миразиз Бозоров 28 март оқшомида, калтакланишидан бир неча соат олдин, Озодликка Амир Темур хиёбонида ўтказилиши режалаштирилган тадбирнинг ЛГБТга мутлақо алоқаси йўқлиги ва бу каби тадбирлар аввал ҳам қаршиликсиз ўтказиб келинганини айтган эди. У ўзининг гетеросексуал эканлигини ҳам қўшимча қилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм блогер Миразиз Бозоровга қарши ҳужумни қоралади ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Нега бир гуруҳ одамлар Тошкент марказида ҳужум уюштирди? Жиноят қонунчилигини либераллаштиришини айтиб келаётган ҳукумат нега Совет давридан қолган “Бесоқолбозлик” моддасини бекор қилишни истамаяпти? Ноанъанавий жинсий ориентация жиноятми, касалликми ё муайян кишилар учун табиий меъёрми?

Юздан зиёд эркак Тошкентнинг қоқ марказида аниме ва Кейпоп ихлосмандларига ҳужум қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:09 0:00

ИИВ баёноти

Ички ишлар вазирлиги 29 мартда эълон қилган баёнотида иккала томонни ҳам айблаган:

а) блогер Миразиз Бозоров ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Имом“ масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан”;

б) “натижада, 28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган”.

ИИВ видеобаёнотида 28 март куни “гейларни калтаклагани” чиққани ортидан қўлга олингани англашиладиган ва юзлари яширинган шахслар ҳам камера олдида: “Бу одамнинг гапларига эътибор берманглар. Бунақа фитналарга учиш керакмас экан. Мана биз алдандик, кўрдик кимлигини. Aқл билан иш қилиш керак экан” қабилидаги сўзларни айтишган.

ИИВ баёнотида, шунингдек Миразиз Бозоров“Бузғунчи ташқи кучлар ва ғараз ниятдаги турли халқаро ноҳукумат ташкилотлар кўмаги ва қўллови остида ҳаракат қилаётгани” иддао қилинади.

ИИВ ўз баёнотида бу ташқи кучларнинг кимлар эканига аниқлик киритмаган. Айни пайтда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм блогер Миразиз Бозоровга қарши ҳужумни қоралади ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

"Ўтган дам олиш кунлари Тошкент кўчаларида юз берган зўравонликни кўриш жуда ҳам ташвишли. Мен Ўзбекистон ҳукуматини ЛГБТИ жамоасини дастаклаш йўлида ўзининг сўз эркинлигидан истифода этган блогер Миразиз Бозоровнинг дўппосланишини текширишга чақираман", деб ёзди АҚШнинг Тошкентдаги юқори мартабали дипломати ўзининг Твиттер саҳифасида.

Блогер калтакланишидан олдин нима деган эди?

29 яшар блогер Миразиз Бозоровнинг ўзи 28 март оқшомида, калтакланишидан бир неча соат олдин, Озодликка шу куни Амир Темур хиёбонида ўтказилиши режалаштирилган япон анимацияси ва корейс поп мусиқаси мухлислари бўлган ўсмирлар тадбирининг ЛГБТга мутлақо алоқаси йўқлиги, бундан олдин худди шундай тадбирлар ҳеч қандай қаршиликсиз ўтгани, ўзи эса гетеросексуал эканлигини таъкидлаган.

Миразиз Бозоров 28 март куни кечқурун ўз уйи олдида калтаклаб кетилган.
Миразиз Бозоров 28 март куни кечқурун ўз уйи олдида калтаклаб кетилган.

ИИВ видеобаёнотида айтилишича, Миразиз Бозоров “бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган”.

Бироқ Миразиз Бозоровнинг Озодликка айтишича, у ҳеч қачон гейликни тарғиб қилмаган, у фақат гейлар ҳам жамият, шу жумладан, ички ишлар ходимлари томонидан босимга учрамасин, турли кўринишдаги шантаж қурбони бўлмасин, деган мақсадда Жиноят кодексининг 120- моддаси бекор қилиниши лозимлиги тўғрисида ёзиб келган, холос. “А я сам натуральний гетеросексуал”, дея қўшимча қилган Миразиз Бозоров.

Жамиятни иккига бўлиб ташлаган модда

Шу йил 22 февралда муҳокамага қўйилган янги Жиноят кодекси лойиҳаси 154- моддасида гомосексуализм учун жиноий жазо ўзгармаган ҳолда сақланиб қолган.

Айни пайтда кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукумати жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлида бир қатор амалий ишларни қилди. Бу жараён оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятларни ҳам қамраб олган.

Бироқ ҳукумат “Бесоқолбозлик” моддасини бекор қилмоқчи эмас. Нега?

Бу саволга жавоб бераркан, ўзбекистонлик педагог ва психолог олим Маҳмуджон Йўлдошев “Бу модданинг ЛГБТга алоқаси йўқ, бу модда педофилияга қарши моддадир, жаҳоннинг барча етакчи давлатларида ҳам шундай модда бор”, деди. Олим ўз фикрини “Бесоқолбозлик” атамасининг этимологияси билан уқтирмоқчи бўлди. Бироқ модда талқини икки хил талқинга ўрин қолмайдиган қилиб ёзилган: “Бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондириши”.

“Демак, ё модда номини ёки талқинини ўзгартириш керак”, - дейди Маҳмуджон Йўлдошев.

Талқин модда номига мосланса ва “Бесоқолбозлик” моддаси мазмун-моҳияти билан “Педофилия”га айланса, гомосексуалларни жазолайдиган алоҳида модда қабул қилиш керакми?

"Бу масалани Олий Мажлис депутатлари ҳал қилиши керак. Мен “мана бундай қилса тўғри бўлади”, деган узил-кесил фикр билдирмоқчи эмасман. Лекин бир психолог, педагог ва бу масалани ўрганган киши сифатида айтишим мумкинки, бутун дунёда ва ҳеч қачон бу муаммо ҳал қилинмаган, чунки табиатда бор ҳодисадир бу”, - дейди Маҳмуджон Йўлдошев.

Фикрини давом эттирар экан, олим ҳар қандай кишига, шу жумладан, жинсий озчиликларга нисбатан ҳам зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан тийилишга чақирди:

“Жоҳиллик билан уларни (гейларни) кўчада ушлаб, уриб ўлдирмайлик. Бугунги куннинг нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, тарихга қарайдиган бўлсак, булар ҳар доим бўлган, жамиятда улар 8 – 10 фоизгача учрайди. Шу нарсани тан олган ҳолда, бугунги медицинанинг имкониятидан фойдаланиб, уларга ёрдам берадиган бўлсак, муаммо ўз ўзидан йўқ бўладику?! Улар бир бирини зўрлаётгани йўқку! Демак, бу муаммоларга замон нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, муаммо ўз ўзидан ҳал бўлиб қолганини кўрамиз”.

Андижонлик врач Отабек Аҳлиддиновнинг фикрича, Ўзбекистонда жинсий озчилик вакилларига одатда уч хил “ташҳис” қўйилади:

“Қайси нуқтаи назардан қарашга боғлиқ. Ички ишлар ходимлари гейликни жиноят дейди, айрим шифокорлар касаллик дейди, демократ ва либераллар норма дейди”.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистоннинг бу борадаги жазо қонунчилигини либераллаштириши вақт масаласи, деб ишонади.

“Демократик ҳамжамиятга интеграциялашаётган Ўзбекистон вақти келиб, ЛГБТ каби жамоаларга нисбатан халқаро нормаларни тан олишга, бу борадаги сиёсатини либераллаштиришга мажбур бўлади. Чунки биз истасак-истамасак. бу борада Ғарбда Ўзбекистон каби нисбатан заифроқ давлатлар учун таъсир механизмлари етарли”.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бу масалада ўз позициясида қаттиқ турибди. 2020 йилнинг 2 мартида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Женевада бўлиб ўтган 128- сессияси кун тартибига Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳам киритилган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидовнинг маълум қилишича, ўзбек делегацияси бу масала муҳокамасини бойкот қилган:

“БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Европа мамлакатлари ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳужжат қабул қилиш ташаббусини илгари сурганида, Ўзбекистон, бошқа барча мусулмон мамлакатлар қатори, мажлислар залини тарк этган эди. Бу билан биз (Ўзбекистон) ушбу масалага принципиал муносабатимиз қандай эканини кўрсатган эдик”.

Бу баёнотдан бир йил ўтиб, 28 март куни пойтахтнинг марказий майдонида 120- моддани бекор қилишни тўғри деб билувчилар орасида ўз фикрини очиқ айтишга журъат қила олган блогер ҳужумга учради.

“Бу ҳодисанинг оғир турмуш шароити туфайли кишиларнинг асаб толалари тортилган ижтимоий кескин бир вазиятда ўртага чиққани хатарлидир. Мен жинсий ориентацияси ўзгача жамоаларнинг омма ғазабига дучор бўлиши, ҳатто ҳукумат бу борада калаванинг учини йўқотиб қўйишидан хавотирдаман”, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

23 март куни Хьюман Райтс Уотч Ўзбекистонни Жиноят кодексидан гомосексуализмга оид моддани чиқариб ташлашга чақирди.

"Ўзбекистонда гейлар ҳибс ва таъқиблар билан бир қаторда гомофоблар ҳужумига дучор бўлмоқда. Ҳукумат гейларга тенг ҳуқуқ ва эркинлик бериши, гомосексуализмни жиноят, деб кўрувчи совет давридан қолган қонунни бекор қилиши керак!" , дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилоти чиқарган баёнотда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам 2020 йил майида Ўзбекистон ҳукуматини Жиноят кодексидан 120-моддани чиқариб ташлашга чақирган. Ўтган йил декабрида эса 9 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти айни мазмундаги чақириқ билан чиққан эди. Ўзбекистон расмийлари эса ушбу чақириқларга жавобан мамлакатда ЛГБТ мансубларига қарши зўравонликларга доир биронта ҳам ҳолат қайд этилмаганини айтишган.

Икки томоннинг розилиги асосидаги бир жинсли алоқа учун жиноий жавобгарлик постсовет ҳудудида фақат икки давлат - Ўзбекистон ва Туркманистонда сақланиб қолган. Хьюман Райтс Уотчнинг айтишича, Туркманистон бу борадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ниятида эканини билдирган.

Сўнгги ҳодиса манзарасида расмий Тошкент бу борада бирон бир сиёсий баёнот қилгани йўқ. Ҳукуматга яқин алоҳида сиёсатчилар, жумладан, Миллий тикланиш партияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров гейларни қораловчи баёнот билан чиқди.

"Бу ҳолат Жиноят кодексининг 120-моддасини янада кучайтиришга эҳтиёж борлигини яққол кўрсатди.

Модда бесоқолбозлик, ЛГБТ ғояларини ҳар қандай шаклда тарғиб қилишни таъқиқлаши керак. Албатта, жазо жуда юмшоқ. Бу модда санкциялари мажбурий даволаш, озодликдан маҳрум этиш, мамлакат фуқаролигини бекор қилиш, мамлакатдан бадарға қилишгача кўзда тутиши керак", деб ёзди Қодиров 28 март куни ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Депутат Расул Кушербаев ҳам ўзининг Телеграм каналида "ЛГБТ масаласига қаршилиги"ни ёзди. Айни пайтда у "куч ишлатиш ва тартибсизликлар"га ҳам қарши эканини билдирди.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти дунё бўйлаб лесбиянка, гей, бисексуал, трансгендер, квир ва интерсекс (LGBTQI) вакилларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашни устувор йўналишлардан бири, деб эълон қилган. Таҳлилчилар жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Қўшма Штатлар билан инсон ҳуқуқлари юзасидан мулоқотни қайта бошлаган ва ўтган йили ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган Ўзбекистоннинг иккинчи маъмурияти бу борада Каримов давридагидан кўпроқ сиёсий босим остида қолишини тахмин қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG