Қорақалпоғистонга оид илк брифинг
3 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да АОКАда махсус брифинг бўлиб ўтади.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат бўйича дастлабки ишлар ҳақида маълумот берилиши кутилмоқда.
Ўзгаришларни маъқуллаган депутатларга жазо таклиф қилинди
Таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов, ўз Телеграм каналида, Қорақалпоғистонда норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлган конституциявий ўзгаришларни маъқуллаган Олий Мажлис депутатларига ўзига хос жазо чорасини таклиф қилди:
“Конституцияга ўзгаришлар бўйича қонун лойиҳасини бир ўқишда, бир овоздан тасдиқлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тарқатилиб, овоз бериш жараёнида қатнашган депутатларнинг барчаси сайловда қайта иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак”.
Мирзиёев Нукусдан туриб видеоселектор ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон расмийлари билан йиғин ўтказаётгани акс этган фотосуратлар эълон қилинди.
Расмий хабарда айтилишича, президент эрталабдан видеоселектор ўтказиб, барча туманлар билан мулоқот қилган:
“Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг кечаги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда”.
Eurasianet муҳаррири: буни инобатга олмаслик нооқилона ҳаракатдир
Eurasianet Интернет нашрининг бош муҳаррири Питер Леонард Нукусдаги намойишлар акс этгани айтилган бир видео ўзининг Твиттер саҳифасида тарқатди.
“Буни жиноятчи тўдаларнинг иши деб, инобатга олмаслик ҳақиқатан жуда нооқилона ҳаракатдир”, деб изоҳлади Леонард.