Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:07

AҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади

5 июль куни Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича мустақил ва шаффоф текширув ўтказиш чақириқларига АҚШ ва БМТ ҳам қўшилди.

Нукус шаҳрида 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар пайтида 18 киши ҳалок бўлди ва 243 киши яраланди. Тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари.

Расман билдирилишича, жароҳатланганлардан 149 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига кетишга рухсат берилган. 94 киши эса касалхонага ётқизилган. Улар орасида аҳволи оғир бўлганлар ҳам бор.

Нукусдаги тартибсизликларда 516 фуқаро қўлга олинган. Уларнинг айримлари суриштирувдан сўнг маъмурий жазо қўлланилган ҳолда қўйиб юборилган.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари Ўзбекистон таркибидаги республика аҳолиси орасида норозилик уйғотган эди. Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар ортидан 1 июль куни Нукусда оммавий намойишлар бошланиб кетган.

Норозиликлар ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда президент фармонига кўра, фавқулодда ҳолат 3 июль соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 га қадар давом этади, бу даврда 21:00 дан 7:00га қадар комендантлик соати жорий этилади.

2 июль оммавий намойишлар бўлаётган Қорақалпоғистон республикаси маркази Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ моддалари ўзгаришсиз қолишини эълон қилган.

18:48 11.7.2022

AҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади

Жорий йил 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда рўй берган намойишлар юзасидан АҚШ Конгрессига ҳисобот киритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов "Қорақалпоғистондаги вазият тўғрисида холис маълумот бериш учун" Конгресс аъзолари билан видеоконференция орқали музокара ўтказган.



Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, учрашув якунлари бўйича Конгрессга “Congressional Record”ни тақдим этишга шайлик изҳор этилган. “Congressional Record” қонунчилик идорасининг расмий ҳужжати сифатида барча сенатор ва конгрессменлар идораларига тарқатилади.

“Конгрессменлар мазкур ҳужжатга Қорақалпоғистонга оид маълумотларнинг киритилиши маълум даражада Конгресс аъзоларининг бу борадаги ҳамжиҳатлигини кўрсатишини таъкидлаган”, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.

5 июль куни АҚШ Давлат департаменти Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдириб, Ўзбекистон ҳукуматини кенг қамровли, очиқ ва ишончли тергов-текширув ўтказишга чақирганди. Баёнотда Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши таъкидланган.

Ўзбекистон ҳукумати 1-2 июль кунлари Нукусда зўравонликларга айланиб кетган оммавий намойишларда 18 киши, жумладан, 4 нафар куч тизимлари ходимлари ҳалок бўлганини айтган. 240 дан ортиқ одам яраланган. Ўзбекистон ҳукумати хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очганини рад этган.

Президент Мирзиёев воқеалар юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилиши, жумладан, куч тузилмаларининг қанчалик мутаносиб куч қўллагани ҳам текширилишини айтган.

18:39 8.7.2022

Зайнилобиддин Низомиддинов Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисига ўринбосар бўлди

Ўзбекистон президенти администрацияси раиси лавозимидан олинган Зайнилобиддин Низомиддинов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси биринчи ўринбосари этиб тайинлангани.

Бу ҳақда Kun.uz нашри ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар берди.

Зайнилобиддин Низомиддинов 2018 йил августидан буён Президент администрациясига раҳбарлик қилиб келган.

8 июнь куни унинг лавзоимидан олингани хабар қилинди. Бунга "саломатлигидаги муаммо" сабаб қилиб келтирилди.

16:14 8.7.2022

Қорақалпоғистон масжидларида Ҳайит намозлари ўқилмаслиги айтилди

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри. 6 июль, 2022.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри. 6 июль, 2022.

Нукус шаҳридаги "Аллаберди Азиз" масжидининг Озодлик суҳбатлашган ходими Қорақалпоғистон ҳудудида эълон қилинган фавқулодда холат сабаб Қурбон Ҳайити намози ўқилмаслигини айтди.

"Фавқулодда холат вақтига тўғри келмайди. Ҳайит намози вақти эрталаб 6.05да. Кечаси 9дан эрталабки 7гача ҳаракатланиш мумкин эмас. Шунинг учун топшириқ келган, ҳамма уйларида ўқисин деган", - дейди исми очиқланмаслигини истаган масжид ходими.

Нукус шаҳрида яшовчи фаол Азимбой Отаниёзовнинг Озодликка айтишича, Қорақалпоғистоннинг бошқа масжидларида ҳам Ҳайит намозлари бўлмаслиги айтилган.

"Бизда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан фарқли диндорлар кам, лекин Ҳайит намозига боришади. Лекин, эртага жамоа намозлари масжидда ўқилмас экан, фавқулодда холат сабаб", - дейди Азимбой Отаниёзов.

Лекин, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Қорақалпоғистон ҳудудида 9 июль куни Ҳайит намозлари бекор қилингани ҳақда расман маълум қилгани йўқ.

Мусулмонлар диниий идораси эълон қилган жадвалда, "Қорақалпоғистон Республикасида ҳайит намози соат 06:05 да ўқилади", деб ёзилган.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририга қарши оммавий норозилик намойишлари юз берган Қорақалпоғистонда 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Президент фармонига асосан "Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида соат 21:00 дан соат 7:00 га қадар комендантлик соати жорий этилди".

Коронавирус пандемияси эълон қилинган 2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистонда, минтақанинг бошқа давлатларда бўлгани каби, Қурбон ҳайити намози ўқилмаган эди. Ўшанда Ўзбекистон муфтияти Уламолар кенгаши ҳайит намози ўрнига қуёш чиққандан сўнг 4 ракатли Зуҳо намозини ўқишни тавсия қилганди.

Мусулмонлар диний идораси жадвалига асосан мамлакат ҳудудларида ҳайит намози қуйидаги вақтларда ўқилади:

Андижон вилояти — 05:05;
Бухоро вилояти — 05:35;
Жиззах вилояти — 05:20;
Навоий вилояти — 05:30;
Наманган вилояти — 05:05;
Самарқанд вилояти — 05:25;
Сирдарё вилояти — 05:20;
Сурхондарё вилояти — 05:25;
Тошкент вилояти — 05:15;
Тошкент шаҳри — 05:20;
Фарғона вилояти — 05:05;
Хоразм вилояти — 06:00;
Қашқадарё вилояти — 05:30;
Қорақолпоғистон Республикаси — 06:05.

14:13 8.7.2022

Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ишдан олинди

Ўзбекистон Президентининг Фармонига мувофиқ Зайнилобиддин Низомиддинов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилган.

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Расмий хабарда айтилишича, Низомиддинов "саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан" лавозимдан бўшатилган. Аммо унинг қайси ишга ўтказилгани ва ўрнига кимнинг Администрация раҳбари этиб тайинланиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Президент Администрацияси раҳбариятидаги ўзгариш Қорақалпоғистонда камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган қонли воқеалардан қарийб бир ҳафта ўтиб содир бўлмоқда.

Низомиддиновнинг истеъфоси расман бу воқеаларга боғланган ёки йўқлиги номаълум.

Аввалроқ Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбалари Президент Администрацияси раҳбари Қорақалпоғистонда қон тўкилишига олиб келган Ўзбекистон Конституцияси янги таҳриридаги ўзгаришларга бош-қош бўлганини айтишганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG