Конституцияда айнан нимани ўзгартириш таклиф қилинган эди?
Ўзбекистон Конституциясига 170 га яқин ўзгартиш киритиш режаланмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган ўзгартишларда президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, шунингдек амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг президентлик муддатларини “ноллаштириш” назарда тутилган.
Ўзбекистон Конституциясининг амалдаги таҳририда 70-модда қуйидагича баён қилинган:
“Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади.”
26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги лойиҳада мазкур модда қуйидагича ўзгартирилган эди:
“Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади”.
Амалдаги Конституциянинг 74-моддасида:
“Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга” дейилган.
Янги лойиҳада эса ушбу модда қуйидагича мазмунда таклиф қилинган эди:
“Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир.”
Норозилик намойишлари ортидан президент Мирзиёев Конституциянинг 70,71,72, 74 ва 75 моддалари ўзгаришсиз қолишини эълон қилди.
Конституцияга ўзгартиришлар ташаббускорларидан бўлган “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров "Қорақалпоғистондаги вазият ташқаридан туриб манипуляция қилинаётган бўлиши мумкин"лигини иддао қилди.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг муҳокамаси 4 июлга қадар давом этиши билдирилган.
У президент Шавкат Мирзиёевнинг икки президентлик муддатини ноллаштириши кутилади. Ўзгаришлар умумхалқ референдумида маъқуллангани тақдирда, 64 яшар Мирзиёев 2040 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Президент Мирзиёев Нукусдаги чиқишида "янгиланаётган Конституцияни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этиши"ни айтган, аммо бу Конституция бўйича референдум кечиктирилиши ёки қолдирилишини англатадими, маълум эмас.
Референдумнинг аниқ санаси ҳозиргача эълон қилинмаган.
Ўзбекистон расмийлари вазиятни қандай изоҳламоқда?
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 июль куни Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг Қорақалпоғистондаги вазият бўйича биринчи расмий баёноти бўлди.
ИИВ маълумотига кўра, “жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида, деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган”. Ўзбекистон ҳукумати юз берган воқеаларда “айрим фуқаролар”ни айблади.
“Ҳозирда жамоат тартиби тикланиб, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда»
Бироқ баёнотда намойиш иштирокчилари қандай талаблар билан чиқишгани ҳақида ҳеч нима дейилмаган.
Кейинроқ Қорақалпоғистон ҳукумати қўлга олишлар ҳақида маълум қилди, бошқарув идораларини босиб олишга уринишлар ва ташқаридан аралашувлар бўлганини билдирди. Баёнотга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “тартибсизлик ташаббускорларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларини тўхтатган” ва қаршилик кўрсатганларни қўлга олган. Матнда воқеаларнинг сабаблари, намойиш иштирокчилари ҳамда ушланган шахслар сони очиқланмаган.
Норозиликлар хронологияси
Конституциянинг янги таҳрири 26 июнда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизини ташкил қилувчи ушбу ҳудудда Тошкент томонидан таклиф этилаётган 170 та ўзгартишдан иккитасига – республика суверенитети ҳамда Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқи бекор қилиниши қорақалпоқлар орасида норозиликларга сабаб бўлган.
Жума куни телеграм-каналларда оммавий намойишлар видеолари ёйинланди. Тасвирларга қараганда, кўчаларга катта сондаги одам чиққан, айримлар Қорақалпоғистон байроғини кўтариб олгани кўринади.
5 июль куни тинч митингга чиқишга чақирган маҳаллий юрист ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибс этилганидан сўнг норозилик оммавий тус олгани айтилади.
Хабарларга кўра, кейинроқ, намойишлар манзарасида Тажимуратов озод этилган.
Ҳаққонийлигини тасдиқлаш қийин бўлган бошқа видеоларда махсус кучлар акс этган. Видеолар илова қилинган изоҳларда улар Нукусда тасвирга олингани айтилади.
Нукусликлар шаҳарда мобил интернет чеклаб қўйилганини айтишмоқда. Норозилик Қорақалпоғистоннинг бошқа шаҳарлари – Чимбой ва Мўйноққа ёйилгани ҳақида хабарлар бор.
Қозоқ-ўзбек чегараси ёпилди
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарича, Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг Мангистау вилояти чегарасидаги “Даут ата” – “Тажен” маскани орқали одамлар, транспорт воситалари ва юкларни ўтказиш вақтинча тўхтатди.
Қорақалпоғистон Қозоғистоннинг Мангистау, Актюбе ҳамда Қизилўрда вилоятлари билан чегарадош. Қозоғистон МХҚ чегарадан ўтиш “ўзбекистонлик ҳамкорларнинг ахборот тизими ишдан чиққанлигига доир 2022 йил 1 июлдаги маълумотига мувофиқ” вақтинча тўхтатилганини билдирди. Қўмита пресс-релизига кўра, Қорақалпоғистон – Бейнеу йўналишида темир йўл қатновини ҳам тўхтатиб туриш режаланмоқда.
2 июль куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеcи, ҳукумати ва Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнот чиқариб, 1 июль куни бир гуруҳ шахслар фуқароларни Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдига йиғиб, бу биноларни эгаллаб олишга уринганини таъкидлади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари оммавий намойиш ташкилотчиларининг бир гуруҳи ва ходимларга қаршилик кўрсатган яна бир қанча шахслар қўлга олинганини маълум қилди.
Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистоннинг суверен мақомини ва унинг Ўзбекистондан ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартишлардан норози одамлар Нукус кўчаларига чиқди. Улар одамларни митингга даъват қилгани ортидан ҳибсга олинган маҳаллий фаол Даулетмурат Тажимуратовни озод этишни талаб қилишди.