Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:50

AҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади

5 июль куни Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича мустақил ва шаффоф текширув ўтказиш чақириқларига АҚШ ва БМТ ҳам қўшилди.

Нукус шаҳрида 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар пайтида 18 киши ҳалок бўлди ва 243 киши яраланди. Тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари.

Расман билдирилишича, жароҳатланганлардан 149 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига кетишга рухсат берилган. 94 киши эса касалхонага ётқизилган. Улар орасида аҳволи оғир бўлганлар ҳам бор.

Нукусдаги тартибсизликларда 516 фуқаро қўлга олинган. Уларнинг айримлари суриштирувдан сўнг маъмурий жазо қўлланилган ҳолда қўйиб юборилган.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари Ўзбекистон таркибидаги республика аҳолиси орасида норозилик уйғотган эди. Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар ортидан 1 июль куни Нукусда оммавий намойишлар бошланиб кетган.

Норозиликлар ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда президент фармонига кўра, фавқулодда ҳолат 3 июль соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 га қадар давом этади, бу даврда 21:00 дан 7:00га қадар комендантлик соати жорий этилади.

2 июль оммавий намойишлар бўлаётган Қорақалпоғистон республикаси маркази Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ моддалари ўзгаришсиз қолишини эълон қилган.

13:04 8.7.2022

Бош прокуратура: Даулетмурат Тажимуратов 159-модда бўйича айбланмоқда

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича 14 киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Бош прокуратура 8 июль куни баёнот чиқариб, қорақалпоғистонлик фаоллар Даулетмурат Тажимуратов, Азамат Турданов, Лолагул Қаллихоноваларнинг қамоққа олинганини тасдиқлади.

Баёнотда айтилишича, Даулетмурат Тажимуратов, Азамат Турдановга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш мақсадида тил бириктириш) бўйича иш қўзғотилган.

Намойиш етакчиси сифатида кўрилаётган Тажимуратов 1 июль куни Нукусдаги масжид ёнида йиғилган одамларга Ўзбекистон таркибидан чиқиш бўйича даъватлар айтаётгани видеоси тарқалган эди.

Лолагул Қаллихонова эса гумонланувчи сифатида процессуал тартибда ҳибсга олинган. Унинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига дахлдор жиноятлар белгилари аниқланган, дейилади Бош прокуратура хабарида. “У ушбу ишда гумонланувчи сифатида иштирок этган ва процессуал тартибда ҳибсга олинган”, — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

11:32 8.7.2022

Сенат раиси Қорақалпоғистондаги воқеалардан ҳамма тўғри хулоса чиқариши лозимлигини айтди

Танзила Норбоева
Танзила Норбоева

Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича ҳамма ўзига тўғри хулоса чиқариши ва ўз ишини қайта кўриб чиқиши лозим. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева парламент юқори палатасининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси очилиши чоғида билдирган.

Норбоевага кўра, аввало бу воқеалар барча масалалар халқ билан ҳамнафас тарзда ва ўз вақтида ечилишига барча давлат органлари ва идораларининг кучи ва ресурсларини жалб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ўз сўзида Сенат раиси аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммо ва масаланинг катта ва кичиги бўлмаслиги, улардан ҳар бирининг ечими муҳимлигини урғулаган.

“Ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта бир куни катта муаммога айланади. Халқ вакиллари сифатида бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги учун биринчи навбатда биз масъулмиз! Мухтасар қилиб айтганда, ўз ишимизни танқидий қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади”, деган Танзила Норбоева.

18:07 6.7.2022

Мирзиёев: Куч тузилмаларининг ҳаракатлари текширилади

6 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Нукусдаги зўравонликлар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам жалб этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тергов ҳукумат кучларининг намойишларни бостириш чоғида қанчалик мутаносиб куч қўллаганига ҳам баҳо беради.

Аввалроқ Европа Иттифоқи, АҚШ ва БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши расман 18 кишининг ҳаётига зомин бўлган воқеалар юзасидан ҳар томонлама, холис ва шаффоф текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашга чақирганди.

"Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда.

Бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарур.

Шунинг учун, Бош прокурор Н.Йўлдошевга топшириқ – ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилсин ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилсин.

Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин",
дея Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Президент матбуот хизмати.

Айни пайтда Мирзиёев ”Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилганини ҳам иддао қилган, аммо бирон давлат номини тилга олмаган. Президентнинг сўзларига кўра, мақсад "Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган".

Ўзбекистон расмийларига кўра, Нукусда 1-2 июль кунлари мамлакатнинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистоннинг “суверен” мақомини бекор қилиш таклифига қарши бошланган оммавий намойишлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олингани маълум қилинган.

14:53 6.7.2022

БМТ Ўзбекистонни Нукус воқеаларини холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистон мухториятида содир этилган воқеаларни тезкор равишда холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди.

БМТ расмий сайтида Нукусдаги тартибсизликлар пайтида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши яралангани, улардан 94 нафари оғир аҳволда экани Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тасдиқлангани қайд этилди.

“Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча аниқланмади. Дастлабки маълумотларга қараганда, улар ўқотар қуроллардан ҳалок бўлган, жумладан, уларнинг бошларига ўқ отилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси жабрланганлар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин деб ҳисоблайди”,-дейилади баёнотда.

“Бизда мавжуд маълумотлар жиддий зўравонликлар, жумладан, одам ўлдириш ҳолатлари содир этилганиан гувоҳлик бермоқда ва бу бизни жуда ташвишга солмоқда. Мен ҳукуматни босиқ бўлишга чақираман”,-деди Мишель Бачелет.

Олий комиссар “жиноий ҳаракатларни содир этганлар, жумладан, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг қонунни бузган ходимларига нисбатан тезкор ҳолис ва мустақил тергов” ўтказиш зарур деб ҳисоблайди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси Нукус воқеаларида камида 500 киши қўлга олинганини ва улардан бирига “ҳокимиятни босиб олиш ва конституциявий тузимни ўзгартириш” моддаси асосида айблов билдирилганини, бу модда асосида у 20 йилга қамалиши мумкинлигидан ҳавотир билдирди.

Бачелет: “Одамлар ўз ҳуқуқларидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги шарт”, - деб баёнот берди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пакти иштирокчиси эканини, мазкур ҳужжатга асосан инсон ўз фикрини эркин ирод қилиш, тинч йиғилишлар ва жамият ҳаётида ишитрок этиш ҳуқуқига эга эканини эслатиб ўтди.

Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда зудликда интернет алоқани тиклашга чақирди.

Ўзбекистон 2020 йилда ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган эди. Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши инсон ҳуқуқлари бузилишларига эътибор қаратади ва алоҳида давлатлардаги вазият ва муаммоларни мониторинг қилувчи махсус гуруҳларга эга.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG