"Қон эмас, рангли сув"
Таниқли ўзбекистонлик блогерлар, Нукусдаги намойишларни бостиришда рангли сув пуркагичдан фойдаланилгани ҳақида бир вақтда хабар тарқатишни бошлади.
Бунга қадар, ижтимоий тармоқларда Нукусда ерлар қизил қонга ботгани акс этган бир сурат тарқалди. Аксар фаоллар, буни ўққа тутилган намойишчилар қони, деб қоралади.
Бугун Тошкентдаги қатор фаол блогерлар, аслида бу қон эмас, балки қизил ранг қўшилган сув ва уни ИИВ махсус қўллаган, деган версияни тарқатмоқда.
Намойишчиларга қарата, рангли сув пуркалдими-йўқми, ва умуман, намойишга нисбатан кучишлатар тузилмалари қандай муносабатда бўлди, тўқнашувлар бўлдими, одамлар жароҳатландими ёки ўлдими - бу ҳақда ҳозирча аниқ расмий маълумот берилмади.
“Бундан асосий мақсад қизил ранг теккан тартиббузарларни тезда аниқлаш ва уларни қўлга олиш, агар қуролли намойиш бўлса, уларни қуролсизлантириш учун қилинади. Қизил ранг тезда кўзга ташланади ва аниқлаш осон бўлади”, деб ёзди жумладан Хушнудбек Худойбердиев Телеграм канали.
Бу версияни улашган блогерлар бу метод хорижий давлатларда ҳам қўлланилишини эслатди.
Блогерлар номини тилга олмаган бу хорижий давлат, улар улашаётган линкдан кўринишича – Белорусдир.
Намойишчиларга қарата, рангли сув пуркалдими-йўқми, ва умуман, намойишга нисбатан кучишлатар тузилмалари қандай муносабатда бўлди, тўқнашувлар бўлдими, одамлар жароҳатландими ёки ўлдими - бу ҳақда ҳозирча аниқ расмий маълумот берилмади.
Шаҳноза Соатова: Асл таҳлика қай томондан келаётганини англаш лозим
Блогер Шаҳноза Соатова, Қорақалпоғистондаги оммавий норозиликлар ҳақида ёзаркан, бу норозиликлардан келаётган асл таҳлика сабаблари ҳақида мулоҳазага чорлайди:
“Ўзбек — Қорақалпоқ халқлари қисмати бир, уни тарих тақозо қилган, биз танламаганмиз. Бироқ асрларки ёнма-ён бир эл бўлиб, бирга яшаб, бир-биримизга суяниб-қўллаб келяпмиз. Сиёсатчилар бир йўлини топишар, халқлар боши омон бўлсин. Ҳозир асл таҳлика қай томондан келаётганини англаш лозим. Нотинчликдан фойда бошқаларга бўлар, биз фақат зарар кўрамиз”.
Камолиддин Раббимов: Давлатчилик учун, катта муаммо расмийлаштирилди
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, Нукусдаги норозиликларга муносабат билдирар экан, хулоса чиқаришда бугунги постсвет ўлкаларидаги вазиятни инобатга олишни тавсия қилади.
“Пост-совет ҳудудида бўлаётган провокацияларни кўриб туриб, бу масалада бирлигимизга қарши бўлган ташқи кучларга имкон бермаслик керак. Асоссиз хавотир олаётган қардошларимизга мурожаатим шуки, глобаллашган дунёда, Ўзбекистон қорақалпоқ ўзлигига, тили ва маданиятига бўлган ҳурмат-эҳтиром, фақат ошиб боради”.
Айни пайтда у конституцион ислоҳотларга масъулларни ҳам танқид қилди:
“Энди бу ишлар билан, йўқ жойдан муаммо сиёсий ва геосиёсий даражада расмийлаштирилди, лекин, муаммо ечилмади! Давлатчилик учун, катта муаммо расмийлаштирилди. Шу ишни амалга оширишни ўйлаган бош «стратеглар», тўлиқ «ўтириб» қўйишди! Нима деб баҳо беришга ҳам қийналаман”, деб ёзди Раббимов.
Eurasianet муҳаррири: буни инобатга олмаслик нооқилона ҳаракатдир
Eurasianet Интернет нашрининг бош муҳаррири Питер Леонард Нукусдаги намойишлар акс этгани айтилган бир видео ўзининг Твиттер саҳифасида тарқатди.
“Буни жиноятчи тўдаларнинг иши деб, инобатга олмаслик ҳақиқатан жуда нооқилона ҳаракатдир”, деб изоҳлади Леонард.