Ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқига Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида маълумот берди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутассадиси Жозеп Боррелга Қорақалпоғистондаги бугунги вазият юзасидан маълумот берди.
Вазирликнинг расман билдиришича, Норов Боррел билан 4 июль куни телефон орқали мулоқот қилган. “Европа томонига Қорақалпоғистондаги мавжуд вазият, вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик, минтақада тинчлик, осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди”,-дейилади расмий билдирувда.
Бундан ташқари мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
4 июль куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали Қорақалпоғистондаги вазиятни муҳокама қилгани хабар қилинганди.
Шу куни Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.
Нукусда нима бўлди? Расмий версия
Ўзбекистон давлат телевидениеси 4 июль тонгги соатларда улашган кадрлар.
Шаҳар 1-2 июль кунлари оммавий норозилик намойишларига саҳна бўлди. Расмий маълумотга кўра, 18 киши ўлган, 243 киши жароҳатланган, 500 га яқин одам тартибсизликларга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинган.
Оммавий намойишлар 26 июнь куни янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари ўзгартирилиши ҳақидаги хабардан сўнг, аввал тармоқларда бошланиб, 1 июль куни шаҳар марказига кўчди.
Бу видеода Нукусдаги намойишлардан кейинги вазиятга доир сўнгги тафсилотлар билан танишасиз.
Вашингтон ўзбекистонлик расмийларни Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича “шаффоф” текширув ўтказишга ундади
Қўшма Штатлар Қорақалпоғистонда яқинда бўлиб ўтган воқеалар юзасидан хавотир билдириб, томонларни бу тарангликни тинч йўл билан ҳал қилиш ва зўравонликдан тийилишга чақирди. Бунга оид баёнот АҚШ Давлат департаменти томонидан тарқатилди.
Баёнотда июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган ҳодисалар чоғида ҳалок бўлганларнинг оиласига таъзия изҳор қилиниб, жароҳатланганларга ҳамдардлик билдирилган.
“Биз Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга оширишга оид саъй-ҳаракатларини дастаклаймиз. Биз расмийларни, Ўзбекистон томонидан олинган халқаро масъулият ва мажбуриятларга мувофиқ равишда, тинч йиғилишлар ва фикрни эркин ифодалаш дохил барча тамал ҳуқуқларни ҳимоя қилишга чақирамиз”, дейилган Давлат департаменти баёнотида.
Шунингдек, Вашингтон вакиллари Ўзбекистон расмийларини ҳалқаро ҳуқуқий меъёрлар ва илғор амалиётга риоя қилган ҳолда зўравонлик ҳолатлари бўйича тўлиқ, ишончга сазовор ва шаффоф текширув ўтказишга чақиришган.
Баёнотда АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини оғишмай дастаклаши урғуланган.
БМТ Ўзбекистонни Нукус воқеаларини холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди
БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистон мухториятида содир этилган воқеаларни тезкор равишда холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди.
БМТ расмий сайтида Нукусдаги тартибсизликлар пайтида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши яралангани, улардан 94 нафари оғир аҳволда экани Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тасдиқлангани қайд этилди.
“Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча аниқланмади. Дастлабки маълумотларга қараганда, улар ўқотар қуроллардан ҳалок бўлган, жумладан, уларнинг бошларига ўқ отилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси жабрланганлар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин деб ҳисоблайди”,-дейилади баёнотда.
“Бизда мавжуд маълумотлар жиддий зўравонликлар, жумладан, одам ўлдириш ҳолатлари содир этилганиан гувоҳлик бермоқда ва бу бизни жуда ташвишга солмоқда. Мен ҳукуматни босиқ бўлишга чақираман”,-деди Мишель Бачелет.
Олий комиссар “жиноий ҳаракатларни содир этганлар, жумладан, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг қонунни бузган ходимларига нисбатан тезкор ҳолис ва мустақил тергов” ўтказиш зарур деб ҳисоблайди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси Нукус воқеаларида камида 500 киши қўлга олинганини ва улардан бирига “ҳокимиятни босиб олиш ва конституциявий тузимни ўзгартириш” моддаси асосида айблов билдирилганини, бу модда асосида у 20 йилга қамалиши мумкинлигидан ҳавотир билдирди.
Бачелет: “Одамлар ўз ҳуқуқларидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги шарт”, - деб баёнот берди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пакти иштирокчиси эканини, мазкур ҳужжатга асосан инсон ўз фикрини эркин ирод қилиш, тинч йиғилишлар ва жамият ҳаётида ишитрок этиш ҳуқуқига эга эканини эслатиб ўтди.
Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда зудликда интернет алоқани тиклашга чақирди.
Ўзбекистон 2020 йилда ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган эди. Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши инсон ҳуқуқлари бузилишларига эътибор қаратади ва алоҳида давлатлардаги вазият ва муаммоларни мониторинг қилувчи махсус гуруҳларга эга.