Республикачилар ва демократлар муросага келди
АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади. Ҳужжат молиявий йил охиригача - 30 сентябргача федерал идораларни молиялаштиришни назарда тутади.
Шундай қилиб, ШАТДАУН деб аталадиган таҳдид, яъни давлат институтларини молиялаштиришнинг етишмаслиги бартараф этилди.
Қабул қилинган қонун лойиҳаси Вакиллар палатаси ва Сенатдаги демократлар ва республикачилар ўртасидаги муроса натижаси бўлди. Бироқ қуйи палатадаги республикачиларнинг аксарияти, асосан, Доналд Трампнинг ўнг қанот тарафдорлари уни қўллаб-қувватламади. Улар чегара хавфсизлиги учун кўпроқ пул сарфлаш билан бирга ҳукумат харажатларини янада қисқартиришга чақирмоқда.
Президент Байден қонуннинг қабул қилинишини "америкаликларга сармоя киритиш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш" сифатида олқишлади.
Улар орасида Украина, Исроил ва Тайванни қўллаб-қувватлаш учун 95 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенат томонидан қабул қилинган, бироқ айрим республикачилар позицияси туфайли ҳали Вакиллар палатасида овоз беришга киритилмаганди.
Севастополь бомбардимон қилинди
Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига, шунингдек, Қора денгиз флотининг “инфратузилма объектларига” зарба берганини даъво қилмоқда.
Аннексия қилинган Севастополга Кремл томонидан тайинланган ҳоким Михаил Развожаев Украина армиясининг тунги зарбасини “сўнгги пайтларда содир бўлган энг оммавий зарба” деб атади.
Унинг хабар беришича, 10 дан ортиқ ракеталар уриб туширилган, . Унинг сўзларига кўра, 23 март куни кечқурун Украина Қуролли кучларининг ҳужуми натижасида 65 ёшли севастополлик ҳалок бўлган, яна тўрт киши жароҳатланган.
Украина президенти: Путин Красногорскдаги терактда айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Россиядаги концерт залда юз берган терактга муносабат билдирди.
- Кеча Москвада содир бўлган воқеалардан кўриниб турибдики, Путин ва унинг гумашталари айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда. Уларнинг усуллари доим бир хил. Вайрон бўлган бинолар, отишмалар ва портлашлар- бу каби манзараларни аввал ҳам кўрганмиз. Улар ҳамиша кимнидир айбдор қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, улар (Россия) ўзининг юз минглаб террористларини Украина ерларига, бизга қарши жанг қилиш учун юборди. Лекин ўз мамлакатида бўлаётган воқеаларга аҳамият беришмайди. Ўз фуқаролари билан муомала қилиш, уларга мурожаат қилиш ўрнига, Путин 24 соат сукут сақлаб, буни Украина билан қандай боғлаш ҳақида ўйлади, деди Владимир Зеленский.
1999 йили Москва, Буйнкаск ва Волгодонскдаги 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган портлашларда Россия чечен исёнчиларини айблаган ва шундан сўнг ўша пайтда бош вазир бўлган Путин Чеченистонга қўшин киритишга буйруқ берган эди. Бироқ чеченлар терактлар Россия махфий хизмати томонидан уюштирилганини иддао қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Зеленский «террор ҳужумида Россияни айблай оладиган даражада ақлдан озган ягона давлат раҳбари» дея Зеленскийнинг гапларига муносабат билдирди.
Аввалроқ Путин ҳужум ортидан 11 киши, жумладан тўрт нафар қуролли шахс қўлга олинганини маълум қилганди. Улар яширинишга уриниб, Украина чегараси томон ҳаракатланаётган вақтда қўлга олинган. Украина томонида улар чегарани кесиб ўтиши учун олдиндан жой ҳозирлаб қўйилган”, — деди Путин.
Зеленский Путинни Украинага бостириб кириш ўрнига рус қўшинларидан Россия ичида терроризмга қарши курашишда фойдаланишга чақирди.
Россиялик сиёсатчилар ўлим жазосини тиклашни талаб этмоқда
Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши ўлим жазоси масаласи бўйича "Конституциявий суд қарорларини бартараф эта олмайди". Бу ҳақда Федерация Кенгашининг Конституциявий қонунчилик қўмитаси раҳбари Андрей Клишас ўзининг телеграм-каналида ёзди.
"Единая Россия" партияси раҳбари Васильев ўлим жазосини қайтариш масаласи ўрганилаётганини билдирди.
“Ҳозир ўлим жазоси ҳақида жуда кўп саволлар берилмоқда. Бу мавзу, албатта, чуқур, профессионал ва мазмунли ўрганилиб, жамиятимиз кайфияти ва умидларига мос қарор қабул қилинади”, деди партия етакчиси.
Аввалроқ, Бесландаги мактабга қилинган ҳужумдан кейин Россия тарихида энг кўп қурбон бўлган Крокус Сити Холлдаги теракт муносабати билан бир қатор кремлпараст позицияга эга сиёсатчилар ва шарҳловчилар Россияда ҳеч бўлмаганда терроризм билан боғлиқ жиноятларга ўлим жазосини қайтаришни талаб қилиб чиқа бошлади.
Ҳозирда Россияда ўлим жазосига чексиз мораторий жорий қилинган. 2009 йил 19 ноябрда Россия Конституциявий суди қарор қабул қилди, унга кўра Россияда ҳеч бир суд энди ўлим жазосини тайинлай олмайди. У Конституциянинг Россияда ўлим жазоси "бекор қилинмагунича" мавжудлиги ва қонунчилик умуман уни тўлиқ бекор қилишга қаратилганлиги ҳақидаги қоидага ишора қилди.
Жиноят кодексида одам ўлдириш билан боғлиқ бир қатор жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш имконияти сақланиб қолган, лекин амалда судлар ўлим жазосини тайинламайди. Бироқ, терроризм ҳақидаги моддада бундай жазо назарда тутилмаган. Конституциявий суд раҳбари Валерий Зоркиннинг таъкидлашича, ўлим жазосини тиклаш фақат янги Конституция қабул қилингандан кейингина мумкин.
Крокус Сити Холлдаги терактдан сўнг ЛДПР раҳбари ва президентликка собиқ номзод Леонид Слуцкий, собиқ президент Дмитрий Медведев, "Адолатли Россия" партияси раҳбари Сергей Миронов, шунингдек, масалан, медиа менежери Тина Канделаки ёки узоқ вақтдан бери омма олдида кўриниш бермаган Россия Бош прокурорининг маслаҳатчиси Наталя Поклонская ўлим жазосини қайтаришни талаб қилди.
Россия президенти Владимир Путин яқинда Россияда ўлим жазоси йўқлигини тан олиб, аслида у хоин деб атаганларни – Украина томонида жанг қилаётган Россия фуқароларини судсиз қатл қилишга чақирди. У уларга қуролланган жиноятчилар сифатида муносабатда бўлишга ва шунга мос равишда уларни ўлдиришга даъват қилди.