Қримда Россия ҳукуматига қарши норозилик кайфияти кучаймоқда
Аннексия қилинган Қримда Россия ҳукуматига қарши норозилик кайфияти кучаймоқда, айни чоғда маҳаллий аҳолига, жумладан оккупациядан қочиб келган Украина фуқароларига нисбатан қўзғатилган маъмурий ва жиноят ишлари сони ҳам ортиб боряпти.
Уларни асосан терроризм ва экстремизмда, шунингдек Россия қуролли кучларини “обрўсизлантириш”да айблашади. Украина президентининг аннексия қилинган Қрим бўйича доимий вакили Камила Ташевага кўра, бугунги кунда яриморолда 155 нафар сиёсий тутқун бўлиб, улардан 109 нафари қрим-татар мансубларидир:
“Кимдир Саша Тарапонга ўхшаб деворга ёпиштирилган варақаларни юлиб ташлайди. Кимдир маъмурий биноларга қизил бўёқ сепиб кетади, яна кимдир сариқ-кўкка бўяниб юради, бошқаси эса Z рамзли машинани пачоқлайди. Хуллас, норозилик билдириш шакллари кўп. Бу норозилик очиқ эмас, лекин бу ҳам норозиликнинг бир кўриниши. Ва биз бу одамлардан миннатдормиз. Уларни таъқиб қилишмоқда. Ва улар мустабид давлатда бунинг оқибати нима бўлишини яхши тушунишади”.
2014 йилнинг мартида Россия Украинага қарашли Қрим яриморолини аннексия қилган эди. Халқаро ташкилотлар Қрим аннексиясини ноқонуний деб топиб, Россиянинг хатти-ҳаракатларини қоралаганлар, Ғарб мамлакатлари эса унга қарши иқтисодий санкциялар жорий этган.
Кремль Қримни аннексия қилганини инкор этаркан, яриморолни ўз таркибига қўшиб олганини “тарихий адолат тикланиши” деб атайди.
Суриштирув: Россиянинг 10 минг ҳарбий хизматчиси ўлган
Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россиянинг 10 минг ҳарбий хизматчиси ўлгани, шундан 430 нафари сафарбар қилинганлар экани аниқланган.
ВВС ҳамда “Медиазона” қўшма суриштирувида шундай рақам берилди. Журналистлар очиқ манбалар - маҳаллий ОАВлар хабарлари, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва мулозимларнинг баёнотларидаги рақамларни тўплади.
Суриштирувга кўра, 9 декабрь ҳолатига, ўлими тасдиқланган ҳарбийлар сони бўйича Краснодар ўлкаси биринчи ўринда - 428 та ўлим қайд этилган. Буларнинг 40 фоизи ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда хабар берилмаган, балки уларнинг ўлими маҳаллий қабристонлардаги янги қабрлардан аниқланган.
Инсон талафотлари бўйича иккинчи ўринда Доғистон - 363 киши, учинчи ўринда эса Бурятия -356 киши ўлган. Ҳалок бўлганлардан 1509 киши, яъни 15 фоизи офицер бўлган. Энг кўп талафот пиёда аскарлар ҳиссасига тўғри келиши айтилмоқда.
Энг консерватив ҳисоб-китобга кўра, Россия армияси ва Росгвардиянинг Украинадаги йўқотишлари 20 минг кишидан ортиқ бўлиши мумкин. Аммо, жароҳат, ўлим туфайли бутунлай сафдан чиққанлар ҳамда бедарак йўқолганлар сони 90 минг кишидан кам эмас, дейилади суриштирувда.
Разведка: Россиянинг ҳозир Донбассда илгарилаши маҳол
Британия разведкасига кўра, Россия ҳамон Донбасс вилоятига чуқур кириб олишга интилмоқда, бироқ буни уддалаши маҳол.
8 декабрь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Украина ҳудудига бостириб киришидан мақсад Донбасс ва Украина жануби-шарқи аҳолисини “ҳимоя қилиш” эканини яна бир бор айтди.
Британия разведкасининг янги ҳисоботида урғуланишича, мазкур изоҳ Россиянинг ушбу урушдаги сиёсий ҳадафлари ўзгармаганини кўрсатади.
“Россия ҳамон Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларининг бутун ҳудудини ўз назоратига олишга интилаётгани тайин”, дейилади ҳисоботда.
Бироқ, разведкачилар фикрича, Россия қуруқлик қўшинлари яқин бир неча ойда Донецк вилояти ичкарисига чуқур кириб олишга муваффақ бўла олмайди.
Европа қаҳратон қиш билан юзлашмоқда
12 декабрь тонгидан Европанинг қатор давлатларида яна қалин қор ёғди. Ҳаво ҳарорати 0 даражадан пастда, аксар давлатларда -2 атрофида.
Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан энергетик ресурслар нархи фавқулодда ортгани боис, бу йилги совуқ минтақани таҳликага солиб турибди.
Лондондаги Кичик Венеция каналини муз қоплади. Энергик ресурслар нархи ошаётган бир пайтда, Буюк Британия ва умуман Европанинг қатор давлатларида аҳоли қаҳратон қиш билан юзлашмоқда.
“Ҳаво жуда совуқ. Дарёнинг устки қатлами музлаган. Шунинг учун ҳам ҳозир бу ерда яхталар йўқ. Бироқ яхта ичкарисида ҳаммаси яхши. Энг асосийси электр чойнак ишлаб турибди. Лекин кўриб турганингиздек ҳаво совуқ. Бугун бу ерда одамлар ҳам яхталар ҳам йўқ , чунки бугун сайр қилиш бироз хавфли"дейди лондонлик Иван Кардосо.
Буюк Британияда якшанба кун бўйи ҳаво ҳарорати 0 даражадан кўтарилмади. Лондонда совуқ об-ҳаво яна бир неча кун сақланиб қолиши кутилмоқда.
Украинада ҳам ҳаво ҳарорати бирдан совуди. 12 декабрь куни -2 даражага тушди.
Россия армияси шанба куни Одессадаги иккита энeргетика станциясига Эрон дронлари билан зарба берди. Натижада 1,5 миллионга яқин одам элeктр энергиясиз қолди.
Ҳозирда пойтахт Киев ва Киев вилояти, Украина ғарбидаги тўртта вилоят ва мамлакат марказидаги Днепропетровск элeктр таъминоти билан боғлиқ вазият "жуда оғир".