Канада Украинага беришни ваъда қилган Леопард 2 танкларининг илк партияси Полшага етиб борди
Канада мудофаа вазири Анита Ананд бу ҳақида твиттерда маълум қилди.
«Иттифоқчиларимиз билан бир қаторда биз ҳам яқин орада Украина Қуролли кучларини танклардан фойдаланишга ўргатишни бошлаймиз», — дея таъкидлади Ананд ўз твитида.
Украина расмийлари Россия босқинининг бир йиллиги арафасида, русларнинг кенг кўламли ҳужумга ўтишини айтиб келмоқда.
Украина ҳудуди бўйлаб ракета ва авиация зарбалари эҳтимоли юқорилигича қолаётир
Украина Қуролли кучларига кўра, рус армияси шарқда 5 тарафдан - Авдеевка, Бахмут, Купянск, Лиман ва Новопавловск йўналишида ҳужумга фаол ҳаракат қилмоқда.
Украина ҚК қўмондонлиги Россия армиясининг мунтазам ҳарбий қисмлари билан “Вагнер ХҲШ” бўлинмалари ҳаракатларида номувофиқлик борлигини қайд этган.
Британиянинг Financial Times газетаси, Украина ҚКдаги юқори мартабали манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, Россия қўшинлари яқин 10 кун ичида ҳужум бошлаши мумкин.
Аввалроқ Украина мудофаа вазири Алексей Резников, Россиянинг янги ҳужумлари, уруш бошланганига бир йил тўладиган кун – 24 февралга тўғри келиши мумкин, деган эди. Ҳужумдан мақсад бутун Донбассни ишғол этиш бўлиши мумкин, деб ёзади Financial Times.
Айни пайтда Донецк ва Луганск вилоятларининг қатор ҳудудларида қақшатқич жанглар давом этмоқда. Британия нашрининг Украина разведкасидаги манбалари Россия Донецк вилояти жанубига, энг аввало Мариупол атрофидаги аҳоли масканларига қўшимча кучлар ташлаганини билдирган.
Россия ҳужумга ҳозирланар экан, Ғарб танклари ва бошқа ҳарбий ёрдами Украинага етиб келишидан олдин фронтда илгарилашни кўзламоқда, дея урғулаган Financial Times.
Владимир Зеленский Украина шарқида, Донецк вилоятида шиддатли жанглар давом кетаётганини билдирди:
«Босқинчилар февраль ойида қандайдир рамзий ғалабага эришмоқчи. Улар ўтган йилги мағлубиятлар учун қасос олишга уринишмоқда. Фронтнинг турли нуқталарида босим кучайганига гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, Донетск вилоятида вазият оғир. У ерда шиддатли жанглар кетмоқда. Аммо, вазият қанчалик қийин бўлмасин, қанчалик кучли босим бўлмасин, чидашимиз керак».
Украиналиклар Испаниядаги ҳарбий мактабда ҳарбий сабоқ олмоқда
Бир гуруҳ украиналик фуқаролар Испаниянинг Толедо ҳарбий мактабида бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтди.
Испания украиналик ҳарбий хизматчиларни ўқитиш учун алоҳида дастур ишлаб чиққан. 12 январь куни 192 нафар украиналик ҳарбий Испанияга келди. Улар беш ҳафталик машғулотлардан сўнг, 16 февраль куни Украинага қайтади.
«Мен ўзимни бу ерда ажойиб ҳис қиляпман. Биринчи кунлар қийин бўлди. Лекин ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Энди анча осонроқ. Ҳозир жисмонан тайёргарлигим анча яхшироқ", дейди украиналик ҳарбий Руслан.
Ҳарбий мактаб раҳбари Карлос Веранинг сўзларига кўра, аскарлар ўқ отиш ва асосий жанговар кўникмаларни ўрганиш учун кунига 10 соат, ҳафтада олти кун машғулотлар олиб боришмоқда.
«Улар жуда шижоатли. Аскарлар ўз мамлакатлари урушда эканлиги, у ерда қариндошлари, яқинлари борлигини ҳис қилган ҳолда келишган. Уларда ғалаба қозониш истаги бор», деди подполковник Иранзо.
Толедо марказида ҳар икки ойда 400 нафаргача украиналик ҳарбий хизматчини ўқитиш режалаштирилган.
Евроиттифоқ ва G7 мамлакатлари Россия нефть маҳсулотлари нархларига чеклов жорий қилди
Евроиттифоқ ҳамда G7 мамлакатлари Россия нефть маҳсулотлари учун энг юқори чекланган нархларни белгилади, дея маълум қилди Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.
“Биз Россияни уруш олиб бориш воситаларидан маҳрум қилишда давом этишимиз лозим. Якшанба, 5 февраль кунидан бошлаб ЕИ Россия нефть маҳсулотлари импортини тақиқлайди. Шунингдек, биз G7 мамлакатлари билан бирга нефть маҳсулотлари нархларини чеклаб, глобал энергетика бозорлари барқарорлигини таъминлаган ҳолда Россиянинг даромадларини қирқамиз”, деб ёзди у “Твиттер”да.
Ўз навбатида, Швециянинг ЕИ Кенгашидаги ваколатхонаси Евроиттифоқ элчилари Россия нефть маҳсулотларининг энг юқори нархлари борасида келишувга эришганини тасдиқлади.
“ЕИ элчилари нефть маҳсулотларининг энг юқори нархларини маъқуллашди, энди у ЕИ Кенгашида узил-кесил қабул қилиниши керак. Бу ЕИ ва ҳамкорларининг Украинага тажовуз қилган Россияга навбатдаги муносиб жавоби бўлади”, дея таъкидланган ваколатхона баёнотида.
Bloomberg маълумотига кўра, ЕИ мамлакатлари устама билан сотиладиган Россия дизель ёнилғисининг бир баррелига 100 доллар миқдорда чекланган энг юқори нарх белгилаган.
Арзонроқ нефть маҳсулотлари, хусусан, мазут учун белгиланган энг юқори нарх эса бир баррелга 45 долларни ташкил қилади.