Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:30

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:42 8.2.2023

Байден Украинадаги урушни “аср синови” деб атади ва Киевга “қанча керак бўлса, шунча” ёрдам ваъда қилди

АҚШ президенти Жо Байден Конгрессга мурожаатида Украинадаги урушни “аср синови” деб атади ва Киевга “қанча керак бўлса, шунча” ёрдам беришни ваъда қилди. Унинг нутқи Оқ уй сайтида жонли ёйин қилинди.

“Мен бу залдан бир йил олдин, Владимир Путин Украинага қарши шафқатсиз уруш бошлаганидан бир неча кун ўтиб гапирган эдим. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Европанинг бошига тушган ўлим ва вайронагарчилик манзараларини хотирада жонлантирувчи мудҳиш ҳужум. Путиннинг босқинчилиги асрлар учун синов. Америка учун синов. Дунё учун синов. Биз энг асосий тамойилларга амал қиламизми? Биз суверенитетни қўллаб-қувватлаймизми? Биз халқнинг зулмсиз яшаш ҳуқуқини ҳимоя қила оламизми?»

АҚШ раҳбарига кўра, мамлакат глобал коалиция тузишга мувафақ бўлган: “Биз НАТОни жипслаштирдик ва глобал коалиция туздик. Биз Путин агрессиясига қарши турдик. Украина халқини қўллаб-қувватладик”, деди Байден.

АҚШ президенти Вашингтон украиналиклар ёнида “қанча керак бўлса, шунча” туришига ваъда берди.

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда. Учинчи февраль куни Пентагон умумий қиймати 2 млрд доллардан ортиқ янги ёрдам пакети ҳақида эълон қилди.

Унга 150 километргача масофадаги нишонларни ура оладиган GLSDB (Ground Launched Small Diameter Bomb) ракеталар ҳам киритилган. Аввалроқ Украина иттифоқчиларидан узоқдаги нишонларни урадиган қуроллар беришни бир неча бор сўраган эди.

Россия агрессияси бошланганидан бери АҚШ Украинага 29,3 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.

19:40 8.2.2023

Россия армияси Донецк ва Луганск вилоятларида Украина позицияларига ҳужум қилмоқда

Украиналик ҳарбий эксперт Олег Жданов Россиянинг барча кутаётган “катта ҳужуми” бошланиши мана шу, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, россияликларнинг асосий методи – пиёдаларни бир оз зирҳли техника бириктирган ҳолда ҳужумга ташлаш бўлса, Украина мудофаасининг энг катта муаммоси миномётлар ва снарядлар етишмовчилигидир.

Украин армияси кичик сержанти, харьковлик собиқ адвокат, ҳозирда Бахмутда жанг қилаётган Олег Головков шаҳарда вазиятни “таранг” дея таърифлайди, аммо Украина ҚК таъминот йўллари кесилиб, россияликлар катта ютуқларга эришгани ҳақидаги хабарларни рад этади.

Унга кўра, Россия қўшинлари улкан талафотлар ҳисобига “зўрға юз метрга силжий олган”.

Россия қўмондонлиги Путиннинг нима қилиб бўлса ҳам Донбассни забт этиш буйруғини бажараётгани хусусида ҳарбийлар ва экспертларнинг фикри бир жойдан чиқмоқда.

Бироқ Россия армиясининг Харьков марказини ўққа тутишдан муддаоси тушунарли эмас – чоршанбага ўтар кечаси шаҳарга 6-10 та С-300 ракетаси учиб келди, саноат корхоналарида портлаш содир бўлгани ва ёнғин чиққани ҳақида хабарлар бор.

19:37 8.2.2023

Россия армияси қайси ҳудудда ҳужум бошлайди?

АҚШдаги Ҳарбий-денгиз таҳлилари маркази эксперти Майкл Кофман фронтдаги вазиятга изоҳ берди ва вазият қай йўсин ривожланиши хусусида ўз тахминини айтди.

Унинг фикрича, кўплаб экспертлар кутаётган Россиянинг кенг кўламли ҳужуми катта эҳтимол-ла Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудуди билан чекланади: Киев, Харьков ёки Сумига ҳужум қилиш учун Россиянинг одам ресурслари етарли эмас.

Кофман, шунингдек, Россия армияси Сватово ҳамда Кременная йўналишларида (Лиман тарафга), Донецк вилояти жанубида эса – Угледар йўналишида ҳужумга ўтишини кутса бўлади, демоқда.

Экспертнинг хулосасини Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи ўзининг 6- февралдаги ҳисоботида келтирган.

19:35 8.2.2023

Германия ҳукумати Украинага 178 та Leopard 1 танкларини жўнатишга розилик берди

Германия ҳукумати маҳаллий ҳарбий ширкатларга Украинага 178 та Leopard 1 A5 русумли танкларни экспорт қилишга рухсат берди, дея маълум қилмоқда мамлакат мудофаа вазирлиги.

Бироқ айнан нечта Leopard 1 Киевга жўнатилиши таъмирлаш ишларидан сўнг маълум бўлиши айтилмоқда.

Танклар таъмири, украин ҳарбийларини ўқитиш ҳамкор мамлакатлар билан келишилган ҳолда олиб борилади, дея қўшимча қилинган вазирлик хабарномасида.

"Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиб Германия ҳукумати бугун расман яна бир узоқни кўзлаган қарор қабул қилди. Биз Украинани 178 тагача Леопард 1 танклари билан таъминлаймиз. Бу Леопард 2 нинг ўтмишдоши. Бироқ, уларни жанговар ҳолатга келтириш учун қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш керак. Бундан охир-оқибат қанча тайёр танк чиқишини аниқ билмайсиз, чунки баъзи таъмир ишлари жуда зарур. Аммо русларнинг баҳорги ҳужумини қайтариш учун бу ерда танк етарли», деди Германия Иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек.

Мазкур хабар Германия мудофаа вазири Борис Писториус Киевга ташриф буюрган куни пайдо бўлди.

Украина мудофаа вазири Алексей Резников ўз твиттерида Писториус билан, қўлида Leopard 2 танки моделини ушлаб турган суратини эълон қилди. “Биринчи Leopard 2 Киевга келди. Яна кўп келади. Раҳмат”, деб ёзди Резников.

Писториус 2023 йил охиригача Украина Leopard 1 русумли танклардан қарийб 80 та олишини, дастлабки 20-25 та танк ёзга қадар етказилишини билдирди. Киевга ҳаммаси бўлиб 100 дан ортиқ танк бериш режаланмоқда.

Leopard 1 Бундесвер асосий танкларининг олдинги авлоди бўлиб, 1980-йиллар ўрталарида ишлаб чиқаришдан олинган, унинг ўрнини нисбатан замонавийроқ модификацияси – Leopard 2 эгаллаган.

Шунга қарамай, Leopard 1 дунёнинг қатор мамакатлари армиясида ҳануз қўлланмоқда ва мунтазам равишда модернизация қилинади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG