Россиянинг янги ҳужумлари туфайли Донецк вилояти аҳолиси озиқ-овқат, электр ва сув таъминотисиз кун кечирмоқда
Донецк шимолида жойлашган Святоирск шаҳри ўтган йилнинг сентябр ойида Украинанинг қарши ҳужумлари натижасида озод қилинди.
«Ҳеч ким чақирмаган бўлсада, руслар бу ерга келишди. Ҳозир эса буни натижасини кўриб турибсиз, ҳамма уйлар вайрон бўлган. Бу нега керак? Билмадим. Бу нарсалар 21 асрда содир бўлмаслиги керак эди. Қўшниларим ҳалок бўлди», дейди шаҳар турғуни Валерий.
Шаҳарда қолган кам сонли аҳоли кўнгиллилар олиб келадиган озиқ-овқат билан кун кечирмоқда.
80 ёшли Тамара Евдокимова Россия кучлари уни «қийноққа солганини» билдирди.
«Улар мени қийноққа солишди. Беш ойдан бери эшитмайман. Жарроҳ бўлиб ишлаганман. Руслар тишимни суғуриб олишди Нима ҳам қила олардим?»
У АП журналистига ҳовлисидаги рус армияси танкининг қолдиқларини кўрсатди.
"Нима қилишни ҳам билмайман. Тинчлик бўлишини хохлайман. Иккинчи жаҳон уруши даврида туғилганман. Нега энди бошқа бир уруш даврида ўлишим керак?”
Зеленский: "Россиядан янги терактлар кутиш мумкин"
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумлари натижасида вайрон бўлган энергетика тизимларини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни олқишлар экан, буни энергетика соҳасида ғалаба сифатида эътироф этишга ҳали эрта эканлигини таъкидлади.
«Ўтган ҳафтада содир бўлган йирик ракета ҳужумларидан сўнг, дам олиш кунларини узилишларсиз ўтказаётганимизнинг ўзи энергетикларимизнинг профессионаллигини кўрсатади», деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
«Бир нарсани тушунишимиз керак: бу энергетика соҳасида ҳали ҳал қилувчи ғалаба дегани эмас. Россиядан янги терактлар кутиш мумкин. Агар яна ҳужум амалга оширилса ёки истеъмолда ўсиш кузатилса, янги чекловлар бўлиши мумкин».
Зеленский янги ҳафтада ҳам режалаштирилган узилишлар бўлишини маълум қилди.
Россия сўнгги ойларда Украина энергетика тизимини муттасил бомбардимон қилиб келмоқда. Натижада миллионлаб украиналиклар электр, иситиш ва сув таъминотисиз қолди.
Душанба куни эрталаб Россия Купянскни ўққа тутди
“Шаҳарда турар-жой бинолари шикастланди, ёнғинлар юз берди. Хайриятки, ҳеч ким жабр кўрмади”, деб ёзди Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ўз телеграм-каналида.
У, шунингдек, ўтган суткада Чугуев ва Купянск туманларининг чегара яқинида жойлашган камида 10 қишлоғи ўққа тутилганини билдирган. Энг кўп Купянск, Волчанск ва Двуречнаяга зарар етган, шикастланган биноларнинг аксари хусусий уйлар экани айтилмоқда. Волчанскда хусусий уйга снаряд тегиши натижасида 47 ёшли эркак яраланган.
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг кунлик ҳисоботида якшанба куни Россия кучлари Украина ҳудудига иккита ракета зарбаси йўллагани ва 23 марта артиллериядан ўққа тутгани ҳақида сўз боради.
Бош штабга кўра, Россия Купянск, Лиман, Бахмут, Авдеевка шаҳарлари ҳамда Новопавловка қишлоғи атрофида – жами беш йўналишда ҳужум ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Хусусан, Бахмут ва Авдеевка яқинида душман қўшимча куч йиғаётгани қайд этилган.
Угледар - тўқнашувлар маркази
Сунъий йўлдош тасвирларида Угледар шаҳри артиллериядан ўққа тутилганини кўриш мумкин.
Шаҳар Украина ва Россия кучлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар марказига айланган.
Россия Угледарда кичик ютуқлар учун катта йўқотишлар қилмоқда. Рус қўшинларининг биргина муваффақиятсиз ҳужумида камида 30 та зирҳли техникасидан айрилгани айтилмоқда.
Украина Бош штаби қўмондони украин қўшинлари қамалдаги Бахмут шаҳрини мудофаа қилаётганини, Угледар ва Маринка шаҳарлари учун шиддатли жанглар давом этаётганини билдирди.
Британия разведкаси рус қўшинлари Бахмут шимолида олға силжиётгани бироқ Угледар йўналишида қийинчиликка дуч келаётганини билдирди.