Зеленский: “Эртанги ҳар бир кунимиз учун курашиш керак!”
Украина президенти Владимир Зеленский уруш бошланганига бир йил тўлиши муносабати билан қисқа ролик ва видеомурожаат эълон қилди.
“24 февраль куни миллионлаб украинлар оқ байроқни эмас, кўк-сариқ байроқни танлади. Қочишга эмас, душманга қарши чиқишга қарор берди. Қаршилик кўрсатишни ва курашни афзал кўрди”, деб ёзди у 24 февраль тонггида ўз телеграм-каналида.
Украина президенти бу йил “дард-алам, умид, кўз ёши ва бирлик йили” бўлганини урғулади. “Ва бу йил сиз билан бизнинг матонатимиз йили ҳамдир. Ишончимиз комилки, ғалабамиз йили ҳам бўлажак!” деб ёзди Зеленский.
Шундан сўнг унинг телеграм-каналида “Февраль. Матонат йили” номли мурожаат пайдо бўлди. “Биз кучлимиз. Ҳар эҳтимолга шаймиз. Биз барчани енгамиз. Чунки биз – Украинамиз!” Менбу сўзларни бир йил муқаддам, уруш давридаги илк мурожаатимда айтган эдим. Ўшанда биз эртани кўришимизни билмасдик. Аммо бир нарсани англадик: ҳар бир эртанги кун учун олишиш керак! Биз бир йилдан бери душманга бўш келмаяпмиз”, дея таъкидлади президент.
Зеленский “Украина таҳдидлар, ҳужумлар, кассетали бомбалар, ракеталар, камикадзе дронлар, блэкаутлар ва совуққа бардошли, чунки украинлар бу нарсалардан кучли”, дея қўшимча қилди.
Хитой Россия-Украина урушини тугатишга доир режасини тақдим этди
Хитой ТИВ Россия билан Украина ўртасидаги урушга барҳам бериш режасини тақдим этди. Ҳужжат 12 банддан иборат бўлиб, улар, Пекин назарида, жанговар ҳаракатларни тугатишга ёрдам беради. Режа олдиндан Киев билан муҳокама қилинмаган. Аввалроқ Вашингтон ХХР урушда Москвани дастаклашга ўтиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.
Хитой ўз режасида, жумладан, халқаро қонунчилик ва БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилишга чақиради, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик кафолатланиши лозимлигини таъкидлайди.
Пекин, шунингдек, “совуқ уруш менталитетидан воз кечиш”га, алоҳида мамлакатлархавфсизлигига жиддий қарашга ва зиддиятлар пайдо бўлишига йўл қўймасликка чақиради.
ХХР режасига кўра, томонлар ўт очишни тўхтатиб, сулҳ музокараларини бошламоғи ва гуманитар инқирозни бартараф этмоғи лозим.
Хитой режасида озиқ-овқат хавфсизлигини, ишлаб чиқариш ва таъминот занжирлари барқарорлигини кафолатлаш, шунингдек атом электр станцияларини муҳофаза қилиш заруратига доир бандлар ҳам мавжуд.
Шунингдек, Пекин бир томонлама санкциялардан воз кечишга чорлаган.
Хитой Москва билан Киев ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тақдим этажаги ҳақида ўтган ҳафта Мюнхень хавфсизлик конференциясида ХХР Компартиясининг ташқи сиёсат комиссияси раиси Ван И маълум қилган эди. У конференция доирасида – Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан, анжумандан сўнг эса Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашувлар ўтказган.
Украина президенти Владимир Зеленский ХХР режасидан хабари борлигини, бироқ тафсилотларини билмаслигини айтган эди. Пекин ҳужжатни тайёрлаш жараёнида Киев билан маслаҳатлашган эмас, дея хабар қилади France-Presse агентлиги. Шунга қарамай, Зеленский Хитойнинг ташаббусини ижобий баҳолади ва Пекинга учрашув тўғрисида сўров жўнатганини билдирди.
Ғарб ОАВлари АҚШ разведкаси Пекиннинг Москва билан яқинлашувидан хавотирда экани ҳақида ёзмоқда. Вашингтон тахминича, Хитой Россияга қурол-аслаҳа етказиб беришни бошлаши мумкин.
Бишкекда Украина урушининг бир йиллиги муносабати билан акция ўтказган фаоллар ушланди
24 февраль куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Россиянинг Украинага уруш очганига бир йил тўлиши муносабати билан рамзий акция ўтказган фаоллар ушланди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулшайир Абдирасулова Фейсбукдаги саҳифасида хабар берди.
“Уларни фуқаро кийимидаги шахслар ушлаб кетди, уяли телефонлари ҳам олиб қўйилди. Ички ишлар вазири, қани, тушунтириб беринг-чи, энди бизда ёдгорликка гул қўйиш, рамзий белгилардан фойдаланиш ҳам мумкин бўлмай қолдими?” деб ёзди Абдирасулова.
Ҳибсга олинган етти нафар фаол украиналик ҳайкалтарош Лев Синькевич ижодига мансуб ҳайкал пойига гул қўймоқчи бўлган.
Айни пайтда Қирғизистон пойтахтида бўлган Россия фуқароси Станислав Захаркин ҳам Озодликка акция қатнашчилари ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Фаоллар Бишкек шаҳрининг Первомайский тумани ИИБга олиб кетилган. Ички ишлар идораси ҳолат юзасидан кейинроқ расмий ахборот берилишини маълум қилган.
Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2022 йил 24 февраль куни президент Владимир Путиннинг буйруғи билан Россия қўшини Украина ҳудудига бостириб кирган, Киев ва бошқа шаҳарларга бомба ёғдирила бошлаган эди. Ҳарбий тажовузга бир йил тўлиши муносабати билан бутун дунёда Украинани қўллаб-қувватлаб, “Нур зулматни енгади” шиори остида бирдамлик тадбирлари ўтказилмоқда.
БМТ Россиядан Украинани тарк этишни талаб қилди. Ўзбекистон - бетараф
БМТ Бош ассамблеяси Украинада адолатли ва бардавом тинчлик ўрнатиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюцияни 141 давлат қўллади, 7 давлат қарши чиқди ва 31 давлат бетараф қолди.
Қарши чиққан давлатлар орасида Россия, Беларусь, Эритрея, Мали ва Сурия бор. Ўзбекистон бетараф позициясини билдирди. Украина масаласида бетараф қолган давлатлар қаторида Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон ва Ҳиндистон ҳам бор.
Резолюцияда Россия зудлик билан Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирилади.
БМТ Бош ассамблеяси резолюцияга Беларусь таклифини киритишдан бош тортди. Минск Украинага қурол етказиб беришни тақиқлаш ва Киевни Москва билан музокаралар ўтказишга ундашни таклиф қилган эди.
БМТ Бош ассамблеясида Хавфсизлик кенгашида бўлгани каби Россия вето қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Шу билан бир қаторда Бош ассамблея резолюциялари халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосан бажарилиши шарт эмас.
Ўзбекистон Россия Украинага бостириб кирганидан бери бетараф позицияда эканини таъкидлаб келади.
2022 йилнинг 17 мартида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенатда сўзлаган нутқида Тошкент “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганcк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаган эди. Кўп ўтмай Комилов ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилган.