Путинга шикоят қилган рус аскарлари қайтадан олд жабҳага жўнатилган
Россия президентига олд жабҳадаги ҳужум бўлинмаларидан мудофаа бўлинмасига ўтказишни сўраб уч марта мурожаат қилган иркутсклик сафарбар жангчилар Донецк вилоятининг Авдиивка шаҳри яқинида қайтадан ҳужум бўлинмасига жўнатилган. Бу ҳақда “Сибир. Реалии” ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари ва “Народ Байкала” нашрига таяниб хабар бермоқда.
Февраль ойининг бошида 1439-полкдан сафарбар қилинганлар Россия ҳукумати ва Владимир Путинга видеомурожаат қилган. Ҳарбий хизматчиларнинг сўзларига кўра, улар ноқонуний равишда, ҳужум бўлинмаларига юборилиш учун “ДХР” деб номланган қўмондонликка ўтказилган.
26 февралда, ҳарбий хизматчиларнинг иккинчи видеоси пайдо бўлган куннинг эртасига Иркутск вилояти губернатори Игор Кобзев ҳарбий прокуратурадан бу ҳақда тушунтириш сўрагани ва яқин кунларда сафарбар қилинганлар мудофаага ўтказилишига ваъда берганини айтди.
Куни кеча худди шундай видеомурожаат ҳарбий прокуратура ва Россия Мудофаа вазирлигига Тюмен вилоятидан сафарбар қилинганлар томонидан юборилган эди. Улар фронтга тайёргарликсиз жўнатилганидан шикоят қилишган.
Мобиллаштирилган руслар ёмон хизмат шароитлари, ўқ-дорилар этишмаслиги ва қўмондонлик томонидан зўравонлик ҳақида бир неча бор шикоят қилишди.
Улардан баъзилари Украинадаги жангларни давом эттиришдан бош тортган.
Аввалроқ Би-би-си рус хизмати сўнгги уч ой ичида ҳалок бўлганларнинг аксарияти сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳбуслар эканини хабар қилган эди. Умуман олганда, уруш бошланганидан бери журналистлар 15 мингдан ортиқ русларнинг ўлимини тасдиқлашга муваффақ бўлишди, уларнинг мингдан ортиғи сафарбар қилинганлардир.
Бахмутда вазият оғир
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маслаҳатчиси Александр Роднянский Россия кучлари ҳозир Бахмутни ўраб олишга ҳаракат қилаётганини айтди.
“Ҳозирча аскарларимиз шаҳарни ушлаб туришибди. лекин керак бўлса, улар стратегик орқага чекинадилар, чунки биз аскарларимизни сабабсиз қурбон қилмоқчи эмасмиз", - деди Роднянский Си-Эн-Эн каналига берган суҳбатида. Агар Бахмут ҳимоячилари чекинса, бу Россияга Украина шарқидаги Краматорск ва Словянск каби йирик шаҳарларига юришига йўл очади.
Украина президенти Владимир Зеленский қамалда қолган Бахмут шаҳри атрофидаги вазият “борган сари мураккаблашиб бораётганини” айтди.
"Бахмут хали ҳам энг оловли нуқта бўлиб қоляпти. Аскарларимиз шаҳарни ушлаб турибди. Баъзи жойларда руслар катта йўқотишларга дучор бўляпти. Бугун генерал Сирский билан гаплашганимда биргина унинг йўналишида 800 га яқин душман аскари йўқ қилинганини маълум қилди. Россия учун эса одамни қиймати йўқ, гўшт қиймалагичга ташлашда давом этмоқда”.
Америка урушни ўрганиш институти тақдим этган сўнгги маълумотга кўра, рус қўшинлари Сватово ва Кременная ҳудудларида чекланган қуруқлик ҳужумларини амалга оширган ва эҳтимол Кременная шимолидан бироз олдинга силжишга эришган. Шунингдек, рус кучлари Бахмут шимолида тактик ютуқларга эришган ва Бахмут атрофида ва Авдиивка-Донецк ҳудудида қуруқлик ҳужумларини давом эттирмоқда,
АҚШ Украинага яна 10 миллиард доллар ёрдам ваъда қилди
АҚШ молия вазири Жанет Еллен душанба куни Украинага расмий ташриф билан келди. У Вашингтон Украинага молиявий ёрдамни тўхтатмаслигини таъкидлади. Унинг ташрифи давомида Киевда ҳаво тревогалари эшитилиб турди.
Еллен Украина бош вазири Денис Шмихал билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, АҚШ Украинага хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар ёрдам тариқасида қарийб 50 миллиард доллар ажратганини ва Украина иқтисодиётини ривожлантириш учун яна қўшимча бир неча миллиард долларлик ёрдам пакетини эълон қилганини билдирди:
«Биламизки, урушда етарлича курашиш ҳукуматдан аввало иқтисодий омилларни ва шу билан бир қаторда таълим, тиббий хизмат ва фавқулодда вазиятлар каби муҳим давлат хизматларини таъминлашни ҳам талаб қилади».
Денис Шмихал АҚШга кўрсатилаётган ёрдами учун миннатдорлик билдириб, Жанет Елленни «Украинанинг дўсти» дея олқишлади.
Шмигал Украина буджети тақчиллиги ҳозирда 38 миллиард долларга етганини айтиб, АҚШ сентябрь ойигача яна 10 миллиард доллар ёрдам ваъда қилганини қўшимча қилди.
Еллен президент Жо Байденнинг АҚШ қанча вақт керак бўлса, шунча вақт Украина билан бирга туради деган гапини такрорлади.
Еллен коррупцияга қарши курашнинг муҳимлигини таъкидлар экан, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ёрдам маблағлари сарфланишида шаффофликни таъминлаш борасида қилган ишларини мақтади.
"Бир кунда 50-60 ярадор"
Бахмутдаги дала шифохонасига ҳар куни жароҳатланган ўнлаб аскарлар олиб келинади. Бу ерда тиббий бригада жароҳатларни текширади ва аскарларни даволанишга ёки жангни давом эттириш учун фронтга жўнатади.
Шафқатсиз жангларнинг инсоний талофатлари кўлами қанчалигини дала шифохонасидаги ярадорлар сонидан ҳам билиш мумкин.
«Менинг жамоам тинимсиз ишлайди. Урушдан олдин 9 ойда 50-60 нафар ярадорни қабул қилардик, ҳозир эса баъзан бир кунда будан ҳам кўпроқ аскарларни қабул қиляпмиз. Иш кўп, лекин шифокорлар малакали. Улар жангчиларимизнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда”, дейди шифокор Анатолий.