«Навалний» фильмига «Оскар» берилди
Россиялик мухолифат етакчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши ва унинг ҳибсга олиниши ҳақидаги «Навалний» фильми «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида «Оскар» мукофотини қўлга киритди.
“Раҳмат Даниэл, бу ерга йиғилган ҳаммага раҳмат! Менинг эрим фақат ҳақиқатни гапиргани учунгина қамоқда ўтирибди. У фақат демократияни ҳимоя қилгани учун қамоқда ўтирибди. Алексей, мен сен ва мамлакатимиз озод бўладиган кунни кутяпман. Кучли бўл! Раҳмат!” деди Юлия Навальная.
Ҳужжатли фильмда Навалнийнинг Сибирда заҳарлангани, кейин эса Германияда даволаниб оёққа тургани ҳақида ҳикоя қилинади.
Ғарб давлатлари буни Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлмиш Навалнийнинг овозини ўчиришга қаратилган суиқасд деб атаган. Кремль воқеага алоқадорлигини рад этган.
46 ёшли Алексей Навалний ҳозирда қамоқ жазосини Россиядаги қаттиқ тартибли колонияда ўтамоқда.
Ҳужжатли фильм охирида Навалнийдан, агар у ўлимингиздан олдин рус халқига нима деган бўлардингиз деб сўралади. У эса “Таслим бўлишга ҳаққингиз йўқ", дея жавоб қайтаради.
Аввалроқ мазкур картина Британиянинг кино санъати соҳасидаги бош мукофоти – BAFTA киноакадемияси мукофотига ҳамда АҚШ Продюсерлари гильдияси мукофотига сазовор бўлган.
АҚШда “Навальний” фильми премьераси 2022 йилнинг январь ойи охирида бўлиб ўтган эди. Ўшанда Дэниэл Роэр Озодлик радиосига берган интервьюсида россиялик кенг томошабинлар оммаси, жумладан Алексей Навальний ҳам картинани томоша қилиш имконига эга бўлишига умид билдирган.
Фильм суратга олинишига деярли тасодиф – Роэрнинг Bellingcat суриштирувчиси Христо Грозев билан танишиб қолиши сабаб бўлган. Грозев ўз вақтида Навальний билан бирга уни заҳарлаган ФСБ ходимларини фош қилганди.
Фильмдаги материалларнинг бир қисми Роэрда Навальний воқеаси бўйича тўлиқ метражли ҳужжатли кино ишлаш ғояси туғилишидан анча олдин россиялик мухолифатчининг сафдошлари томонидан оддий айфонда тасвирга олинган.
Украина армияси Донецк ва Луганск вилоятларидаги беш йўналишда Россиянинг 92 та ҳужумини қайтарди
“Ўтган суткаларда душман Донецк ва Луганск вилоятларининг маъмурий чегараларига чиқишга уринишда давом этди. Бунинг учун асосий кучлар Лиман, Бахмут, Авдеевка, Марьинка ва Шахтёрск йўналишларида ҳужум ҳаракатларини амалга ошириш учун жамланди. Бизнинг мудофаачиларимиз душманнинг мазкур йўналишлардаги 92 та ҳамласини қайтаришди.Бахмут йўналишида душман Бахмут шаҳрини ишғол этишга қаратилган ҳаракатларини тўхтатгани йўқ. Ушбу йўналишда душман зарбаларидан 15 та аҳоли маскани жабр кўрди”, дейилади Украина ҚК Бош штаби хабарномасида.
Россиянинг Херсонга ҳужуми: Қурбонлар бор, Зеленский «террорчилик ҳужумларини» қоралади
Россиянинг Херсон шаҳрини ўққа тутиши оқибатида уч нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Бу ҳақида президент Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида маълум қилди. Зеленский бу руспараст бўлинмаларнинг “шафқатсиз террор ҳужуми” эканини таъкидлади.
Украина Херсонни руслар эгаллаганидан саккиз ой ўтиб, ноябрь ойида қайтариб олган эди. Рус қўшинлари ҳозир Херсонни тинимсиз бомбардимон қилиб келмоқда.
Херсон вилояти маъмурияти тинч аҳоли орасидан яна бир инсон ҳалок бўлганини хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Херсонда ҳалок бўлган уч нафар фуқаро озиқ-овқат сотиб олиш учун дўконга чиққан бўлган:
"Шафқатсиз террорчилик ҳужумларига учраган барча шаҳар ва қишлоқларимизга ҳамдардлик билдираман. Агрессор давлат фақат биргина мақсадда яъни кўпроқ инсонларни ўлдириш ва ҳамма жойни вайрон қилиш учун ракета, артиллерия, дрон ва миномётларни ишга солмоқда. Харобалар, вайрон бўлган уйлар - бу Россия ўзини намоён қилаётган ҳақиқат".
Херсон вилояти губернатори Олександр Прокудиннинг билдиришича, артиллерия ҳужуми чоғида бир кекса аёл яраланган.
Ғарб танклари уруш тактикасини сезиларли даражада ўзгартиради - Украина танк бригадаси қўмондони
Ғарб танклари Украинадаги уруш тактикасини сезиларли даражада ўзгартиради, дея таъкидлади украиналик тажрибали танк бригадаси қўмондони, Леонид Хода. У Россия босқинидан бир ой ўтиб Украина Қаҳрамони унвонини олган.
Хода Чернигов атрофидаги жангларда қатнашган ва ҳозирда Донетск вилоятининг жанубида 1-Сиверск танк бригадасини бошқариб келмоқда.
У Ғарб танклари Украинага жанг майдонида муҳим устунлик беришига ишонади.
"Ғарб танклари узоқ масофадаги нишонларни йўқ қила олади ҳамда ахборот узатишда кенг рақамли имкониятларга эга. Агар танк имкониятларидан тўғри фойдаланилса, душман ўқ отиш масофасига яқинлашгунча уни йўқ қилиш мумкин”, — дейди Леонид Хода Рейтерс агентлигига берган интервьюсида.
Бир қанча Ғарб давлатлари рус қўшинларига қарши курашда ёрдам бериш учун Украинага замонавий жанговар танклар етказиб беришга ваъда берган.