Си Цзиньпин Россияга боради
ХХР раиси ва иқтидордаги Хитой Компартияси лидери Си Цзиньпин 20-22 март кунлари расмий ташриф билан Россияга келади. Бу ҳақда 17 март куни Кремль матбуот хизмати ва Хитой ТИВ маълум қилди.
Кремлга кўра, томонлар “Россия ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик ва стратегик алоқаларни янада ривожлантириш масалалари”ни муҳокама қиладилар.
Хитой ТИВ эса “халқаро ва минтақавий масалалар бўйича чуқурлаштирилган фикр алмашув” бўлишини ҳам билдирди. Бу Си Цзиньпиннинг ўтган йили февралда Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан бери Россияга илк ташрифидир.
Шунингдек, ХХР раислигига учинчи муддатга сайланганидан кейин биринчи марта хорижга чиқишидир. Путин эса сўнгги бор ўтган йили, уруш бошлашидан олдинроқ Олимпиада ўйинлари очилиши муносабати билан Пекинга борган эди.
Аввалроқ, қатор Ғарб нашрлари Хитой Россияга қурол-аслаҳа, хусусан жанговар дронлар, артиллерия ва ўқ-дори бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзди.
Жума куни Politico нашри, Хитой ширкатлари Россияга мингта милтиқ, асбоб-ускуналар, жумладан дронлар учун зарур эҳтиёт қисмлар ва зирҳли нимчалар сотганини хабар қилди. Бироқ бу ҳали кенг кўламли ёрдамни билдирмайди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинни Россияга қурол-аслаҳа етказиб бериш оқибатларидан огоҳлантирган. Хитой эса бунақа режаси борлигини инкор этган.
АҚШ Украинани йил охиригача қўллайди
Оқ уй расмийси, АҚШ Украинани жорий йил охиригача қўллаб-қувватлаш учун етарли ресурсларга эга, дея таъкидлади.
«Биз Украинани молиявий йил охиригача қўллаш учун етарли ресурсларга эга эканимизга ишонаман. Бу муҳим. Қолаверса, бу борада икки партия ҳам якдил фикрга эга. Ҳозирда вазиятдан келиб чиқиб, қўшимча ресурсларни кўпайтириш керак ёки йўқлигини кўриб чиқамиз», деди Карин Жан-Пер, Оқ уй матбуот котиби.
Вашингтон 3 март куни Украинага 400 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилган эди. Ёрдам пакети асосан ўқ-дорилардан ва биринчи марта танклар ва зирҳли транспорт воситаларини ўз ичига олади.
Украина марказий банки раҳбари Андрей Пишний журналистларга берган интервьюсида Украина жорий йил давомида Ғарбдан 6 миллиард долларга яқин ёрдам олганини билдирди.
Бельгия Украинага 240 та Volvo ҳарбий юк машиналарини беради
De Standaart нашрининг ёзишича, Бельгия армиясидаги ушбу русумдаги юк машиналаридан жами 400 та бўлиб, улардан айримлари кран ва эвакуаторлар билан жиҳозланган.
Машиналар 1990-йилларда харид қилинган, 2023 йилда Бельгия ўз армиясининг ҳарбий юк машиналари паркини янгиламоқчи.
Шу муносабат билан, Volvo машиналари ва уларга оид эҳтиёт қисмлар Украинага берилмоқда. Дастлабки машиналар келаси ҳафтадаёқ Киевга жўнатилади.
Швеция Украинага 8 та Archer ўзиюрар артиллерия қурилмаси ва 10 та Leopard танкини жўнатади. Бу ҳақда Dagens Industri нашри хабар қилмоқда. Шу муносабат билан ҳукумат бюджетга тузатишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга тақдим этди.
Archer тез ҳаракатланади ва нишонни юқори аниқликда уради. Мудофаа вазирлиги ушбу қурилмалар АҚШнинг HIMARS реактив артиллерия тизими билан рақобат қила олмаса-да, Украина армияси учун фойдали бўлишини айтмоқда.
Польша эса яқин кунларда Украинага совет даврида ишлаб чиқарилган тўртта МиГ-29 қирувчи учоқларини жўнатишга ва келгусида бунақа учоқлардан яна етказишга ваъда бермоқда.
Бу Ғарб мамлакатларининг Украинага берган дастлабки расман тасдиқланган жанговар учоқлари бўлади.
Зеленский: бутун жанубий, шарқий ҳудудларни озод қиладиган кун ҳам келади
Украина президенти Владимир Зеленский ўтган йили рус армиясининг Донетск вилоятидаги театрни бомбардимон қилиши оқибатида ҳалок бўлган аёллар ва болалар хотирасини ёд этди.
Мариуполдаги Донецк вилоят академик драма театри 2022 йил 16 март тонгида ракета ҳужуми натижасида вайрон бўлган эди. Россия шаҳарни қамал қилган пайтда тинч аҳоли театр биносида жон сақлаб келаётган эди.
Киев театр биносини бомбардимон қилишда Россияни айблаган, Россия эса ҳужум украин миллатчилари томонидан қилинганини иддао қилган.
Зеленский ўзининг кундалик видеомурожаатида Россияни бино ичидаги тинч аҳолини атайлаб нишонга олишда айблади:
“Бино ёнидаги «Болалар» ёзуви туширилган белги Россия кимни нишонга олганини аниқ кўрсатади. Бу бунга ўхшаш ҳужумлардан бири холос. Россия буларнинг ҳаммаси учун жавоб беради. Ўтган йилнинг март ойи ўрталарида босқинчилар мамлакатимиз шимолида эди. Кейин улар жанубда бутунлай бошқа позицияларни эгаллаб олди. Биз эса душманни у ерлардан қувиб чиқардик. Худди бошқа шаҳарларни озод қилганимиз каби Мариуполни, бутун жанубий, шарқий ҳудудларни озод қиладиган кун ҳам келади”.