Хитой раҳбари Си Цзинпин Москвага сафар қилмоқда
Цзинпин, Гаага суди Россия президенти Путинни қамоққа олишга ордер берганидан кейин у билан учрашган биринчи давлат раҳбари бўлди.
Россия ҳам, Хитой ҳам ХЖСга аъзо эмас.
«Си Цзинпиннинг айнан ҳозир Москвага ташриф буюриши у Путинни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида жуда муҳим сигнал. Қолаверса, АҚШ ва Ғарбга ўзларининг ҳамжиҳат эканликларини, АҚШ ва Ғарб таъсирига қарши туришда бирлашганликларини кўрсатиш ҳам мақсад қилинган», деди Неw Аmerican Security маркази раҳбари ўринбосари Андреа-Кендал Тейлор.
АҚШ ҳам ХЖСнинг юрисдикциясини ратификация қилмаган. Бироқ президент Жо Байден Путинга қўйилган айбловлар асосли эканига ишонишини айтди.
«У аниқ уруш жиноятларини содир этган», деди Байден.
Вашингтон раҳбарияти, Хитойнинг Россия босқинини қоралашдан бош тортганини урғулаб, Пекиннинг Украинадаги урушда воситачилик қилишига ишонч билдирмаётир.
Хитой ўтган ой Украинада можарони тўхтатишни кўзда тутувчи 12 банддан иборат келишувни таклиф қилганди. Аммо, айни пайтда, Пекин Россияга қурол етказиб беришга тайёрланмоқда, деган хавотирлар бор.
Путинни Мариуполда “Бу кўзбўямачилик!” деб қарши олишди
Владимир Путин 19 март куни кутилмаганда, Украинанинг Россия ишғоли остидаги Мариупол шаҳрига борди.
Кремль, Путин Мариуполда рус ҳарбий қўмондонлиги билан учрашгани ва ташрифдан сўнг Россияга қайтганини акс эттирувчи видеони эълон қилди.
Президент Владимир Путин Мариуполдаги кўпқават уй ҳовлисида аҳоли билан суҳбатлашди. Телеграм-каналлар, бу суҳбат асносида кимдир “Бу кўзбўямачилик!” деб қичқирганига эътибор қаратди.
Кадрларда Путиннинг ҳамроҳлари ўша онда теваракка аланглаб, қўллари билан имо-ишора қилаётгани кўринади. “Вёрстка” нашри видеони ўрганиб, унда акс этган бино “Невский” тураржой мажмуаси ва Путин билан гаплашганлардан бири ростдан ҳам мариуполлик эканини аниқлади.
Гаага суди, Путин Украинанинг ишғол этилган ҳудудлар, хусусан Мариуполдан болаларнинг Россияга ноқонуний депортация қилинишига жавобгар, деб гумон қилмоқда.
Россия армияси Мариуполни 2022 йилнинг майида, узоқ давом этган қамал ва қонли жанглардан сўнг босиб олган. Шаҳар артиллерия зарбаларидан деярли яксон бўлган.
БМТ маълумотига кўра, Мауриуполдаги кўпқаватли турар-жой биноларининг 90 фоизи ва хусусий уйларнинг қарийб 60 фоизи вайрон бўлган ёки шикастланган. Урушга қадар шаҳарда 426 минг аҳоли яшарди, улардан 350 минг киши қочқинга айланди. Россия қамали чоғида камида 25 минг киши ҳалок бўлди.
Пётр Павел: Украина учун имконият эшиклари шу йил очиқ бўлади
Чехиянинг янги президенти Пётр Павел, Польша нашрига берган интервьюсида Украина биринчи қарши ҳужумни бой берса, ишғол этилган ҳудудларини озод этиш учун иккинчи имконият туғилиши фавқулодда қийин бўлади, деди.
Павелга кўра, яъни янги қарши ҳужумни маблағ билан таъминлаш жуда катта муаммога айланиши мумкин.
Чехия президенти, Украина армиясининг қарши ҳужуми шу йил, яқин бир неча ой ичида бошланади, демоқда. Унинг фикрича, “имконият эшиклари шу йил очиқ бўлади”, уруш келгуси қишгача чўзилган тақдирда эса “Ғарбдан ҳозирги кўламда ёрдам олиш ниҳоятда қийинлашади”.
Пётр Павел собиқ юқори мартабали ҳарбий бўлиб, НАТОнинг Ҳарбий қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Украина учун 300 млн. доллар маблағ тўпланди
Украина учун хайр-эҳсон йиғишга мўлжалланган United24 давлат платформасида эса 300 млн. доллар маблағ тўпланган. Бу ҳақда президент Владимир Зеленский оқшомги видеомурожаати чоғида маълум қилди:
“Шу кунларда United24 хайрия платформасида йиғилган маблағ миқдори 300 млн доллардан ошди. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан минглаб донорларимиз бор. Одиий одамлар, хусусий ширкатлар ҳарбийларимиз учун дронлар, тез ёрдам машиналари сотиб олишга, касалхоналар ва инфратузилмани таъмирлашга ёрдам беришмоқда”.
United24 сайтида айтилишича, платформа бутун дунё бўйлаб хайрия ташкилотлари, шериклар, донорлар ва жамоат арбоблари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида ташкил этилган.
Унда тўпланган маблағ Украина Миллий банкига ўтказилиб, армия ва аҳолига ёрдам беришга сарфланади.