МРА Татарскийга ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди
Москванинг Басманний тумани суди террор хуружини амалга оширганликда айбланаётган петербурглик Дарья Треповани 2 июнгача ҳибсхонада қолдириш ҳақида ҳукм чиқарди.
Трепова иши Санкт-Петербург кафесидаги портлаш ҳамда ҳарбий блогер Владлен Татарскийнинг ўлими билан боғлиқ. Мазкур портлаш чоғида 40 чоғли киши жароҳатлангани айтилмоқда.
Россия Тергов қўмитаси 2 апрель куни Санкт-Петербургдаги кафеда содир бўлган портлаш бўйича Треповага нисбатан уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилган террор хуружига оид модда бўйича айблов эълон қилиб, уни ҳибсга олишни талаб қилган эди.
Тергов версиясига кўра, Дарья Трепова душанба оқшомида асли исми Максим Фомин бўлган крмелпараст ҳарбий блогер Владлен Татарский шарафига зиёфат ўтказилаётган кафеда унга бюст берган. Кейинроқ ичига портлаш мосламаси ўрнатилган бюст портлагани натижасида блогер ўлган, ўнлаб одам яраланган.
Трепова ҳодисанинг эртасига қўлга олинган. Россия Тергов қўмитаси Татарскийнинг ўлимида Украина махсус хизматлари қўли борлигини иддао қилган.
Кеча қечқурин “Миллий республика армияси” (МРА) Татарскийга ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Журналист Роман Попков томонидан юритиладиган “Роспартизан” телеграм-каналида эълон қилинган баёнотга кўра, акция тинч фуқароларга қарши қаратилган эмас, “жабрланганларнинг ҳаммаси урушнинг фаол тарафдори” ҳисобланади.
Финляндия НАТОга аъзо бўлди. Шойгу жавоб чораларидан огоҳлантирди
Россия Украинага ҳужум қилганидан сўнг бетарафликдан воз кечиб, ўз хавфсизлиги учун НАТОга аъзо бўлишга қарор қилган Финляндия 4 апрель куни бу ниятига етди.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг буни тарихий воқеа деб атади:
«Финляндия альянсга аъзолик орқали хавфсизлик кафолатига эга бўлади. Бизнинг жамоавий мудофаа тўғрисидаги бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун тамойили бугундан бошлаб Финляндия учун ҳам амал қилади».
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Финляндиянинг НАТОга қўшилиши ва альянснинг ҳарбий тайёргарликни кучайтириши можаро хавфини оширганини таъкидлади.
Шойгу, шунингдек, «Искандар» ракета тизимлари Беларусга кўчирилганини, улардан оддий ёки ядро ракеталарини ташишда фойдаланиш мумкинлигини билдирди:
"Бу ҳолатда биз ҳам жавоб чораларини кўряпмиз ҳамда Иттифоқчи давлат хавфсизлигини ҳимоя қиляпмиз. Энди Беларусда душман нишонларига ядро қуроли билан зарба бериш қобилиятига эга қирувчи самолётлар мавжуд. Бундан ташқари, Искандар М оператив-тактик ракета тизимлари ҳам Беларус Қуролли кучларига топширилди. Бу тизим ҳам оддий, ҳам ядровий ракеталарни учира олади”.
Череватий: Вагнерчилар ҳожатхона устига байроқ тикишди
"Вагнер"нинг Бахмутни қўлга олгани ҳақидаги иддаоларини рад этган украин ҳарбийлари шаҳар кенгаши биноси яқинида ва яқин атрофдаги бошқа шаҳарчаларда ҳам жанглар давом этаётганини айтди. Украина томони буни «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин ўз кучлари шаҳар маъмурий биноси устига байроқ кўтарганини айтганидан бир неча соат ўтиб таъкидлаган.
2 апрель куни “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати Бахмут эгаллангани ҳақида видеони эълон қилди, тасвирларда Россия ва вагнерчилар байроқлари кўтарилиши акс этган.
Шарқий ҳарбий қўмондонлик вакили Сергей Череватий Пригожин баёнотини рад этаркан, «вагнерчилар қандайдир ҳожатхона устига байроқ тикишди» дея мазах қилди:
"Бахмут Украинаники, улар уни қўлга олиш тугул бунга яқин ҳам келмаган. Улар қандайдир ҳожатхона устига байроқ кўтаришди. Ён томонга номаълум бир нарсани ёпиштириб, латталарини илишди ва шаҳарни эгаллаганликларини айтишди. Майли, шундай деб ўйлашаверсин”.
Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг кечки баёнотида айтилишича, сўнгги 24 соат ичида жами 45 та душман ҳужуми қайтарилган, Бахмут эса жанубдаги Авдиивка ва Марьинка шаҳарлари билан бирга “ҳарбий ҳаракатлар марказида” бўлган.
Украин аскарлари қарши ҳужумга тайёрлигини айтмоқда
Бахмут яқинидаги Украина армиясининг танк бригадаси аскарлари узоқ кутилган қарши ҳужумга тайёр эканини маълум қилди.
«Аскарлар қарши ҳужумга тайёр. Биз фақат буйруқни ва қайси йўналишда ҳужум бошлаш тўғрисида кўрсатма берилишини кутяпмиз», деди украиналик ҳарбий.
Украина мудофаа вазири Олексий Резников ўтган ҳафта қарши ҳужум апрель ойида бошланиши мумкинлигини эълон қилди.
Украина Ғарб қуроллари, жумладан, танклар, зирҳли техникалар ва ўқ-дорилар етказиб берилиши жанг майдонида устунлик беришига ва қулай об-ҳаво шароити олдинга силжиш учун имкон беришига умид қилмоқда.