Россия суди Навальнийнинг қамоқхонадан нутқ сўзлашига имкон бермади
Кремль танқидчиси Алексей Навальний сафдошлари қамоқхонада унинг соғлиғи ёмонлашган бўлиши эҳтимолидан жиддий хавотир билдирганидан бир неча кун ўтиб ва бир неча ой ичида илк дафъа жамоатчиликка кўриниш берди.
Чоршанба (26 апрель) куни Ковров шаҳридаги ахлоқ тузатиш колониясида туриб видеоалоқа орқали Москва суди мажлисида иштирок этган Россия мухолифати лидери озиб кетгандек кўринса-да, ўз тарафдорлари билан гаплашаркан, юзида табассум бор эди, деб ёзади “Настояшчее время”.
Навальнийнинг яқинда якка кишилик камерада вақтни қандай ўтказгани ҳақидаги кириш сўзи якунлагани ҳамон суд у билан видеоалоқани узиб қўйган.
Суд мажлиси ОАВлар учун ёпиқ эди, лекин, хабар қилинишича, Навальний терговчилар унга қарши терроризмга доир, ўз таъбирича, “абсурд” жиноят иши очишганини ва бу иш бўйича қўшимча 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкинлигини билдирган.
“Улар абсурд айбловларни ёпиштириб, менга 30 йиллик қамоқ билан таҳдид солишяпти”, дейилади Навальнийнинг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда эълон қилган баёнотида.
“Жараённинг ёпиқ ўтказилиши – бу нафақат менинг иш билан танишиб чиқишимга халал беришга, балки бу ҳақда ҳеч кимга билдирмасликка уриниш ҳамдир”, деган мухолифатчи.
Навальнийга кўра, қамоқхонада бўлгани ҳолда уни террорчилик содир этган, дея иддао қилиш ўтакетган бемаъниликдир. Мухолифатчи айтишича, иш ҳарбий судда кўрилади.
Собиқ юрист Алексей Навальний ўн йилча муқаддам президент Владимир Путин ва унинг атрофидаги элитага қаратилган масхараомуз чиқишлари ва жуда катта кўламдаги коррупцияга доир суриштирувлари орқали танилган. У ҳозирда фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик айблови билан 11,5 йиллик қамоқ муддатини ўтамоқда.
Мухолифатчининг ўзи бу айбловлар унинг “унини ўчириш учун” бичиб-тўқилганини урғулайди.
Навальний 2021 йилда қаттиқ тоби қочиши ортидан Германияда даволангач (Ғарб лабораторияларида ўтказилган текширувлар мухолифатчи асабларни фалажловчи модда билан заҳарланганини тасдиқлаган) ўз ихтиёри билан Россияга қайтиб, тарқоқ Россия мухолифатининг ҳурматини қозонган.
Навальнийга кўра, уни 2020 йил августда Сибирда заҳарлаганлар. Кремль эса уни ўлдиришга уриниш бўлганини инкор этиб келади.
WP: АҚШ Украинани 2023 йил 24 февралда Россия объектларига зарба беришдан қайтарган
Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) Россия Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлаганига бир йил тўлган куни – 24 февралда Россиянинг Москва ва бошқа шаҳарларда жойлашган қатор объектларига ҳужум қилишни режалаган.
Бу ҳақда, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг яқинда сиздирилган махфий ҳужжатларига таяниб The Washington Post хабар қилмоқда.
Хабарда айтилишича, Украинанинг муҳтамал зарбаларидан икки кун олдин, яъни 22 февралда Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Украина ҳарбий разведкаси “Вашингтон илтимосига кўра Россия ҳудудига зарба беришни кейинга қолдиришга рози бўлган”ини билдирган.
Бироқ АҚШнинг айнан қайси идораси илтимос билан мурожаат қилгану Киев нега илтимосни қондиришга рози бўлгани мавҳум қолаётир. АҚШ ва Украина расмийлари Washington Post мақоласига изоҳ беришганича йўқ.
АҚШ газетаси таъкидлашича, РББ раҳбари Кирилл Буданов тобеларидан бирига 24 февраль куни Россиядаги нишонларга “кенг кўламли зарба бериш”га ҳозирлик кўриш кераклигини айтган.
Муҳтамал нишонлар орасида Москвадан ташқари, Новороссийск порти ҳам бўлган. Аммо махфий ҳужжатларда Украина разведкаси бу нишонларга айнан қандай зарба беришни режалагани очиқланмаган.
Россия Украина шарқидаги музейни бомбардимон қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Россия кучларининг Купянск шаҳри марказидаги ўлкашунослик музейига ҳужуми оқибатида музейнинг аёл ходими ҳалок ва яна 10 киши яраланганини маълум қилди. Вайроналар остида яна одамлар бўлиши мумкин.
Зеленский офиси раҳбари Андрей Ермак ва вилоят губернатори Олег Синегубов Россия музейни С-300 ракетаси билан нишонга олганини билдирди.
Рейтерс видео ҳаққонийлигини текширишга муваффақ бўлди, бироқ видео санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Купянск Харков вилоятида жойлашган бўлиб, урушдан олдин шаҳарда 26 минг аҳоли яшаган.
Сентябр ойида Украина кучлари Купянск билан бирга Изюм ва Балаклия шаҳарларини озод қилган эди.
Лавров: «Биз хавфли чегарага яқинлашдик»
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши саммитида дунё Совуқ уруш давридагидан ҳам хавфлироқ вазиятга келиб қолганини айтди:
"Совуқ уруш даврида бўлгани каби, эҳтимол ундан ҳам хавфлироқ вазиятга етдик. Вазият кўп томонлама муносабатлар ва унга бўлган ишончнинг йўқолиши ортидан янада оғирлашмоқда. Ғарбнинг молиявий ва иқтисодий тажовузлари глобаллашувнинг афзалликларини йўққа чиқармоқда. АҚШ ва унинг иттифоқчилари дипломатиядан воз кечиб, жанг майдонида ҳал қилинадиган муносабатларга чорлаяпти”
АҚШнинг БМТдаги вакили Линда Томас-Гринфилд барча айбни Россия зиммасига юклади.
Томас-Гринфилднинг айтишича, Россия "Украинага бостириб кирди ва БМТ низомининг қоқ юрагига зарба берди".
Унинг қўшимча қилишича, бу ҳаракат "ноқонуний, асоссиз ва кераксиз уруш" нинг бир қисмидир.
“Россия ўз чегараларидан ташқарида ҳам, ичкарида ҳам умуминсоний ҳуқуқ ва эркинликларни бузди. Халқаро ҳуқуқни бузди. Бунга Америка фуқаролари Пол Уилан, Тревор Рид, Бритни Гринер ва ҳозирда Эван Герцҳковичнинг ноқонуний ҳибсга олиниши яққол мисол. Тревор ва Бриттни ҳозир уйида, соғ-саломат. Аммо Россия Пол Уиланни қамоқда қолдирди, яқинда эса Эван Герцҳковични сиёсий савдолашишга восита сифатида ҳибсга олди. Пол нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлиб қолган. Бироқ, Эван журналист, у шунчаки ўз ишини қилаётган эди».