Россия: Кремлга дронлар ҳужум қилишида АҚШнинг қўли бор
Россия Кремлга бўлган дронлар ҳужумида АҚШни айблаб чиқди ва ҳужумдан президент Владимир Путинни ўлдириш кўзланганини ва унинг ортида Вашингтон турганини иддао қилди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар учун ўтказилган брифингда шундай баёнот бераркан бундай деди:
“Россия нишонларни ўзи танлайди, Украина эса шунчаки АҚШнинг режаларини амалга оширади. Биз бундан хабардорлигимизни Вашингтон билиб қўйсин”.
Бироқ мазкур ҳужумда АҚШнинг қўли борлигини тасдиқловчи бирон далил тақдим этмади.
Украина бу воқеага алоқадорлигини инкор этмоқда. Чоршанба куни эрталаб ёйинланган видеоларда икки учар объект Кремлга яқинлашаётгани ва бири Сенат саройи устида портлагани акс этган.
“Киев ҳамда Вашингтоннинг ўзини оқлашга уринишлари умуман қовушмаяпти. Бунақа ишлар, бунақа террористик ҳужумларга доир қарорлар Киевда эмас, Вашингтонда олинишини жуда яхши биламиз”, деди Песков.
Песковнинг иддаосича, Қўшма Штатлар кўп ҳолларда Украинага нафақат ҳужум нишонларини, балки ҳужум қилиш воситаларини ҳам танлаб беради.
“Барча буйруқлар океан ортидан келади. Биз буни яхши биламиз ва идрок этамиз... Вашингтон бизнинг бундан хабардорлигимизни билиб қўйиши керак”, деди Кремль воизи.
Песков Россия интиқом олиш ҳуқуқини ўзида қолдирганини айтди, бироқ бу қай шаклда амалга оширилиши ҳақида ҳеч нима демади.
Унга кўра, Россияда бир неча вариант мавжуд, қанақа шаклда жавоб бериш масаласи эса обдон ўйланади. Песков айтишича, воқеа бўйича шошилинч тергов ўтказилмоқда, бироқ натижалар қачон чиқиши маълум эмас.
Украин аскарлари Бахмут яқинида душман ҳужумларини қайтармоқда
Украин қўшинлари Бахмут шаҳри яқинида Россия ҳужумларини қайтараётганини маълум қилди.
Улар оғир қуроллар билан рус позицияларини бир неча бор ўққа тутди.
«Улар деярли ҳар куни бизнинг позицияларимизга ҳужум қилишади, аммо уларнинг ҳужумларни қайтарамиз. Икки ҳудудда жанглар шиддатли кетяпти. Вазият озми-кўпми яхши», дейди бригада қўмондони Олександр.
Рейтер уруш шароитида командирнинг сўзларини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Украина ҳарбийлари қарши ҳужум олдидан Бахмутни ташлаб кетмаслигини билдирди.
“Урушга нуқта қўйишга тайёрмиз. Уйга қайтиш вақти келди. Қарши ҳужум учун тегишли кўрсатмаларни кутяпмиз", дейди украин аскари Олексий.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинага яна ўқ-дори юборади
Қўшма Штатлар чоршанба куни Украинага яна 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу АҚШнинг Украинага 2021-йил августидан бери 37-ҳарбий ёрдам пакети, дейилади Пентагон баёнотида.
Ёрдам пакети ҲИМАРС ракета тизимлари учун снарядларни, 155 мм гаубицалар ва улар учун снарядлар, миномёт снарядлари, танкга қарши қуроллар, Hydra-70 самолёт ракеталари, ўқ-дориларни ташувчи тракторлар ва трейлерларни ўз ичига олади.
Чоршанба куни, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари Украина учун ўқ-дори сотиб олиш схемасини келишиб олгани маълум бўлди. Асосан, бу мақсад учун 1 миллиард евро ажратиш аввалроқ келишилган, бироқ бир неча ҳафта давомида техник муаммолар сабаб баҳслар бўлган эди.
Россия ҳарбий суди ҳарбий комиссариатига ўт қўйган қозоғистонликни 13 йилга озодликдан маҳрум қилди
Биринчи Шарқий округ ҳарбий суди Қозоғистон фуқароси Ансаган Молдахметовни Омскдаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйиш иши бўйича 13 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Бу ҳақда ФСБнинг Омск вилояти бўйича департаменти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Молдахметов бир гуруҳ шахслар томонидан ўт қўйиш йўли билан теракт содир этганликда айбдор деб топилди (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми).
Эркак жазонинг дастлабки уч йилини қамоқхонада, қолган муддатини қаттиқ режимли колонияда ўтказади.
Айбловга кўра, Молдахметов яна бир Қозоғистон фуқароси Сеил Муратули билан бирга 2022-йил 13-май куни Омск ҳарбий рўйхатга олиш бошқармаси биносига молотов коктейли улоқтирган. Ёнғин натижасида архив ҳужжатлари зарар кўрган.
Ўт қўйишдан кейин Муратули ва Молдахметов Россияни тарк этишди, аммо иккинчиси бир мунча вақт ўтгач қайтишга қарор қилди. Хавфсизлик кучлари Молдахметовни ўтган йилнинг августида чегарада қўлга олган эди.
2022-йилда Россияда ҳарбий рўйхатга олиш ва қабул қилиш бўлимларига 77 марта ўт қўйишга уриниш бўлган, деди Марказий округ ҳарбий суди судяси Артем Макаров.
Россия Бош штабининг таъкидлашича, комиссариатларга ўт қўйиш ҳолатлари террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланади ва 15 йилгача қамоқ билан жазоланади.
Ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячилари урушга қарши бундай ўт қўйиш ҳолатларини терроризм эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳааркатларнинг бундай малакаланиши сиёсий сабабларга, Россия ҳукумати Украинага қарши босқинчилик урушини бошлагани билан бевосита боғлиқ.