Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

17:20 7.5.2023

Қодиров Путиндан “Ахмат” батальонини Бахмутга юборишни сўради

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров “Ахмат” махсус батальони бўлинмаларини Украина шарқидаги ҳозирда Россия қўшинлари штурм қилаётган Бахмут шаҳрига юборишни сўраб президент Путинга хат йўллади. Мактуб матни Қодировнинг телеграм-каналида эълон қилинган.

“Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб... Сиздан Россия Федерацияси мудофаа вазири Шойгу С.К. ҳамда Россия Федерацияси Миллий гвардия қўшинлари федерал хизмати директори Золотов В.В.га “Ахмат” бўлинмаларини бошқа йўналишлардан олиш тўғрисида кўрсатма беришингизни сўрайман”, дейилади мактубда.

Қодиров мурожаат жўнатилганини айтмоқда. Бироқ бу ҳарбий субординацияга зид, чунки Украинадаги Россия қўшинлари бирлашган гуруҳи мудофаа вазирлиги қўмондонлиги остида ҳаракат қилади.

“Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин аввалроқ ўқ-дори тақчиллиги сабабли ўз ХҲШни Бахмутдан олиб чиқиб кетишга қарор қилганини айтиб, бунда мудофаа вазирлигини ҳамда шахсан Шойгу ва бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни айблаган эди.

У Шойгу билан Герасимовни айблаб чиққан видео ўнлаб жасадлар манзарасида тасвирга олинган бўлиб, Пригожин улар Бахмутда атиги бир кунда ҳалок бўлган ХҲШ жангчилари эканини таъкидлайди.

6 май куни кечқурун Пригожин ХҲШнинг мудофаа вазирлиги билан зиддияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Унда вазирлик ХҲШ билан ўчакишиб қолгани туфайли “вагнерчилар” катта талафот кўраётгани, янги аскарлар ҳисобига сафларини тўлдириш имкониятидан маҳрум бўлгани ва “ҳолдан тойишгани” иддао қилинади.

ХҲШ раҳбарига кўра, бўлинма Бахмутдан чиққанидан сўнг ўз жанговар қобилиятини тиклаш билан шуғулланади.

17:14 7.5.2023

Қримга шимолдан киришда улкан тирбандлик пайдо бўлди – бунга “эвакуация” сабаб қилиб кўрсатилмоқда

Россия қўшинлари босиб олган Мелитополь шаҳрининг Украина тайинлаган маъмурияти раҳбари Иван Фёдоров Қримга шимол тарафдан киришдаги Чонгар ўтказиш масканида 5 соатлик тирбандлик вужудга келганини маълум қилди.

Мулозим буни босқинчи маъмурият Запорожье вилоятининг фронтга яқин ҳудудларида яшовчи аҳоли кўчирилишини эълон қилгани билан боғламоқда.

“Ҳарбийлар ва махсус рухсатномаси бор шахслар навбатсиз ўтиб кетишмоқда. Ўғирланган, таланган буюмлар ортилган юк машиналарига ҳам йўл очиқ. Минглаб енгил автомобиллардаги оддий одамлар эса камида 5 соатда ўтишяпти”, деб ёзган украин мулозими.

Аввалроқ оккупацион маъмурият Запорожье вилоятидан қарийб 70 минг киши олиб чиқилишини ва кўчириш гўёки ихтиёрий бўлишини айтган эди.

Айни чоғда “Реальное Запорожье” телеграм-канали Запорожье вилоятининг Россия оккупация қилган Молочанск ва Токмак туманларида ота-оналар ўз фарзандларини аҳолини “кўчириш” билан шуғулланаётган ҳарбийлардан яшираётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, эвакуация қилинган украиналиклар дастлаб Бердянскка, у ердан эса Ростов-Дон вилоятига олиб кетиляпти.

Фарзандларини эвакуацияга беришни истамаётган ота-оналарга ижтимоий тўловлардан маҳрум этиш билан таҳдид қилинаётгани тўғрисида маълумотлар бор.

14:17 6.5.2023

Россияда 9 май байрами бекор қилинди, Москвада парад одатдагидан кичик бўлади

Россияда Кремлга дрон ҳужуми сабаб қилиниб 9 май байрами тадбирлар бўлмаслиги мумкин.

Британия разведкасига кўра, хавфсизлик нуқтаи назаридан бутун Россия бўйлаб Ғалаба куни муносабати билан парадлар ва байрамлар бекор қилинган.

Россиянинг олти вилоятида ва босиб олинган Қримда байрам тадбирлари бутунлай бекор қилинди, мамлакатнинг бошқа минтақалари, жумладан 21 шаҳарда парад бўлмайди.

Москвада парад бўлиб ўтиши мумкин, аммо одатдагидан анча кичик миқёсда. Владимир Путин одатда фахрий меҳмонлар, ҳарбийлар ва фахрийлар таклиф қилинадиган Кремлдаги қабул ҳам бекор қилинди. У охирги марта пандемиядан олдин 2019 йилда ўтказилган. "Ўлмас полк" марши Москвада ва Россиянинг бошқа кўплаб шаҳарларида ўтказилмайди.

Буюк Британия Мудофаа вазирлигига кўра, 9 майдан бир неча кун олдин Кремлга дрон ҳужуми Россия қанчалик заиф эканлигини кўрсатган ва оммавий байрамлар пайтида Россия раҳбариятида уларнинг хавфсизлиги учун қўрқув уйғотган.

Шунингдек, Россия расмийлари байрамларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда норозилик намойишлари ва Украинадаги уруш юзасидан халқ норозилигини ифодалашнинг бошқа шакллари имкониятларини ҳисобга олган бўлиши ҳам мумкин.

14:07 6.5.2023

Украина кучлари Киев осмонида Россиянинг "Кинжал" ракетасини уриб туширган

Украина Қуролли кучлари Киев осмонида Россиянинг “Кинжал” ракетасини уриб туширганини тасдиқлади. Ушбу ракета тутиб бўлмайдиган ҳисобланади

Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Николай Олешчук ўзининг телеграм-каналида Украина расмийлари бир кун аввал Киев узра уриб туширилган Россиянинг гипертовушли “Кинжал” ракетаси ҳақида маълумот берди.

"Украина халқини тарихий воқеа билан табриклаймиз! Ҳа, биз "тутқич бермас" “Кинжал”ни уриб туширдик! Бу 4 май куни Киев вилояти осмонида тунги ҳужум пайтида юз берди”, деб ёзади у.

Генералнинг сўзларига кўра, ракета Американинг “Патриот” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG