Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:55 11.5.2023
Putin
Putin

Путинни парадда урушда қатнашмаган икки чекист қария ўртасига ўтқизишди

Журналистлар 9 май куни Қизил майдонда ўтказилган ҳарбий парадга оид қизиқ маълумотларни топишмоқда.

ТВ трансляцияси чоғида диктор парадга таклиф этилган ветеранлар исмларини бирон марта ҳам ўқимагани эътиборни тортди.

Улар ҳақида ҳатто ҳозирда бўлаётган Россиянинг Украинага қарши уруши қатнашчиларидан ҳам камроқ гапирилди. Ўтирган ветеранлардан ҳеч бири нацистлар Германиясига қарши жанг қилмаган бўлса эҳтимол, деб ёзади

Масалан, Владимир Путинни икки чекист қария ўртасига ўтқизишган. Буни “Агентство” нашри журналистлари аниқлашди. Ўнг томонидаги – НКВДнинг Украина ғарбидаги жазо операцияси иштирокчиси Юрий Двойкин экани айтилмоқда.

1944 йилда у “миллатчилар яширин ташкилотини йўқ қилиш операцияси”ни бажариши керак бўлган – Двойкиннинг “Ўлмас полк” сайтидаги саҳифасида шундай дейилади.

Яна айтилишича, у ўқ отиш машғулотларида инструкторлик қилган, лекин фронтга бормаган. Рейхстаг ишғол этилаётган пайтда Двойкин Украинанинг ғарбий вилоятларида аҳолини қатағон қилиш билан шуғулланган.

Юрий Двойкин, гарчи Иккинчи жаҳон уруши жангларида қатнашмаган бўлса-да, ҳар қалай ўша даврда армияда хизмат қилган. У 1925 йилда туғилган, ҳозирда 98 ёшда.

Аммо Владимир Путиннинг чап ёнидаги киши КГБ зобити Геннадий Зайцев бўлиб, у 1953 йилдагина армияга олинган. 1945 йилнинг 9 майида у бор-йўғи 11 ёшда бўлган.

18:43 11.5.2023

CNN: Буюк Британия Украинага олисга учадиган қанотли ракеталар берди

Буюк Британия Украинага кутилаётган қарши ҳужум арафасида узоқ масофага учадиган Storm Shadow қанотли ракеталарини етказиб берди. Бу ҳақда, юқори мартабали Ғарб мулозимларига таяниб CNN хабар қилмоқда.

Хабарга кўра, бунақа қурол урушда ўзгариш ясаши мумкин, чунки у Украинанинг Россия босиб олган ҳудудлари ичкарисига зарба бериш имконини беради.

Айтилишича, айни пайтда Украинага Ғарб мамлакатлари берган қуроллар билан энг узоғи 49 миль (78 километр) масофага зарба бериш мумкин.

Storm Shadow – Буюк Британия ва Франция ҳамкорликда ишлаб чиққан олис масофага учувчи қанотли ракета бўлиб, одатда ҳаводан учирилади ва 250 километрдан зиёд масофадаги нишонларни ура олади.

Ишлаб чиқарувчи MBDA Missile Systems ширкати Storm Shadow’ни “аниқликни таъминловчи илғор навигация тизимига эга, кечаю-кундуз ва исталган об-ҳавода қўллаб, душман ҳудудига чуқур зарба бера оладиган қурол”, дея таърифлаган.

“Ракета, радарлар кўриб қолмаслиги учун пастлаб учиб, тепаликларни айланиб ўта олади”, дейилади MBDA сайтида.

20:51 9.5.2023

Украина Мирзиёевнинг парадга борганини қоралади

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг Москвадаги Қизил майдондаги тадбирдаги иштироки ҳақида баёнот берди.

"Биз Европада Иккинчи жаҳон урушидан бери номаълум миқёсда уруш бошлаганидан мақтанаётган ҳарбий жиноятчи билан бирга ушбу хорижий давлатлар раҳбарларининг оммавий тадбирда иштирок этишини ўз яшаши ва озодлиги учун курашаётган Украина халқига эътиборсизлик, ахлоқсиз ва дўстона бўлмаган қадам, деб биламиз.

Бундан 78 йил аввал нацизм устидан қозонилган ғалабага Ўрта Осиё ва Кавказ халқлари беқиёс ҳисса қўшган. Улар нацизм устидан ғалаба қозонганларнинг жасорати билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Кремлнинг сохта акциясида иштирок этиш тақдирига лойиқ эмас", дейилади баёнотда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 8 май куни Кремлнинг «ғалаба парадида» қатнашиш учун Москвага учиб кетган ва ўша куни мезбон президент Владимир Путин билан учрашув ўтказган.

Матбуот хизмати маълумотида айтилишича, икки президент Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан “бир-бирини самимий қутлаб, фахрийларимиз, дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ” тилаган.

Путин Мирзиёевни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан ҳам табриклаган.

Мирзиёев 9 май куни Москвада ўтказилган парадда иштирок этди. У билан бирга Қирғизистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистон раҳбарлари ҳам парадда қатнашди.

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари парадда «Георгий лентаси» тақиб олгани, Арманистон Бош вазири, Қозоғистон, Туркманистон президентлари ҳеч қандай нишон тақмагани, Ўзбекистон ва Беларус президентлари эса ўзларининг миллий байроқларини нишон сифатида тақиб олгани видеоларда кўрилди.

Аммо Шавкат Мирзиёев кўкрагида кўринган Ўзбекистон миллий байроғи Кремлнинг «1945-2023. 9-Мая» ёзувли значоги билан қадалгани кўринади. Значокнинг ўртасида эса Кремл сурати ва беш юлдуз акс этган.

20:47 9.5.2023

Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда Ғалаба байрамига бағишланган парад ўтказди

Россия 9 май иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигини хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда нишонлади. Кремлга ва бир нечта ҳудудларга қилинган ҳужумлардан сўнг бу йилги байрамда хавфсизлик чоралари одатдагиданда кучайтирилган.

Ғалаба куни Россияда энг муҳим давлат байрамларидан бири бўлиб, бу санада россияликлар иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани нишонлайди.

Россия Украинадаги урушда минглаб аскарларини йўқотгани эса байрам тадбирини бошқача ҳиссиётларга тўлдирди.

Бу йилги парадда замонавий танклар кўринмади. Фақат совет давридаги Т-34 зирҳли танклари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва баллистик ракеталарни учириш мосламаларини ўз ичига олган ҳарбий техникалар намойиш қилинди.

Россия президенти Владимир Путин ўз нутқида Россияга қарши уруш “бошлангани”ни айтиб, бунинг учун “Ғарб глобалист элитаси”ни айблади ва уларни нацистлар билан қиёслади. Путиннинг сўзларига кўра, улар “мамлакатнинг парчаланиши ва вайрон бўлишига эришмоқчи”. Россия Украинадаги уруш пайтида, Путин” таъкидлаганидек сўзларига кўра, "Донбассни ҳимоя қилади ва унинг хавфсизлигини таъминлайди".

Умуман олганда, Путин ўз нутқида иккинчи жаҳон уруши ҳақида эмас, балки ўзи махсус операция деб атаган Украинадаги уруш ҳақида гапирди. Путин Россия кучларининг Украинадан кутилаётган йирик қарши ҳужумга тайёргарлиги ҳақида тўхталмади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG