Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:49

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:32 13.1.2024

Россия Украина шаҳарларини қирқта ракета ва дронлар билан ҳужумга тутди

13 январ куни Россия қўшинлари 40 та ракета ва дрон ёрдамида Украина шаҳарларига ҳужум қилди. Саккизта ракета уриб туширилди, 20 дан ортиқ ракета ва дронлар “нишонларига етиб бормади”, дея хабар беради Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари.

Департамент қурбонлар ва вайроналар ҳақида хабар бермади.

Ракета ҳужумлари ҳақида шанба куни Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисак ҳам хабар берди. "Биз ҳозир зарбалар қандай зарар келтирганини аниқлаяпмиз", - деб ёзди Лисак ўзининг телеграм-каналида. Унинг қўшимча қилишича, қурбонлар йўқ.

Харьков вилоятида иккита хусусий уй зарар кўрган, аммо қурбонлар йўқ, деди вилоят ҳокимлиги раҳбари Олег Синегубов.

Жума куни кечқурун Херсон вилоятининг Берислав шаҳри ҳужумга тутилди, 71 ёшли кампир кўп қаватли уй вайроналари остида қолиб кетди. У қутқарилди, деди вилоят маъмурияти раҳбари Александр Прокудин.

Чернигов вилоятида эрталабки ҳужум натижасида вайроналар бўлди, аммо қурбонлар йўқ, деди вилоят маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус. У қайси аҳоли пунктлари отишма остида қолганига аниқлик киритмади.

16:10 13.1.2024

Лондондан Киевга 3.1 миллиард долларлик дастак

Британия ва Украина раҳбарлари Киевда хавфсизлик битимини имзолаб, алоқаларини мустаҳкамлади.

Президент Владимир Зеленский Украинанинг НАТОга қўшилмагунча, бу битим амалда қолишини айтди ва уни “мисли кўрилмаган хавфсизлик келишуви” деб таърифлади.

Шартномада Лондон Киевга ёрдам кўрсатишда давом этиши кўзда тутилган. Бу ёрдам жумладан, разведка маълумотларини алмашиш, тиббий ва ҳарбий тайёргарлик ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорликни кўзда тутади.

Британия Бош вазири Риши Сунакнинг Киевга сафари чоғида эълон қилинган молиявий ёрдам 2 ярим миллиард фунт стерлингни ташкил қилади - бу аввалги икки йилга нисбатан 200 миллионга кўпдир.

"Бу кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналари, танкга қарши қуроллар, узоқ масофали ракеталар, минглаб ўқ-дорилар ва артиллерия снарядлари, яна минглаб украиналик ҳарбий хизматчилар ва аёллар учун машғулотларни ўз ичига олади. Яна минглаб дронларни яратиш учун 200 миллион фунт ажратилади. Бу Украинага ҳар қандай давлат томонидан берилган энг катта дрон пакетидир”, деди Сунак.

Британия бош вазирининг Киевга ташрифи Россиянинг Украинага босқини икки йилга яқинлашиб қолган кезда амалга ошди, Украина учун муҳим паллага тўғри келади.

АҚШ ва Европа Иттифоқидаги сиёсий қарама-қаршиликлар боис Украинага ёрдам оқими камайган.

“Биз уруш бошидан бери Украина билан биргамиз ва бирга бўлишда давом этамиз", таъкидлади Британия бош вазири.

Британия бош вазири Риши Сунак ва Украина президенти Владимир Зеленский жума куни имзолаган хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги битим Британия ҳарбийларининг Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишини назарда тутмайди.

Россия томонидан ҳужум содир бўлган тақдирда 24 соат ичида Украинага ёрдам кўрсатишни назарда тутади.

“Ушбу шартномада Британия томонидан Украинага тақдим этилган хавфсизлик мажбуриятларининг асосий таркибий қисмлари Украинага унинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш ва тиклаш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш? ҳар қандай ҳарбий кучайиши ёки янги тажовузнинг олдини олиш ва фаол равишда тўхтатиш ва унга қарши туришдир. Россия Федерацияси томонидан", - дейилади ҳужжатнинг кириш қисмида.

Келишувга кўра, Россия Украинага қуролли ҳужум уюштирган тақдирда 24 соат ичида “тажовузга қарши туриш ёки уни тўхтатиш учун зарур чораларни белгилаш” бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳужжатда қайд этилишича, Буюк Британия Украинанинг келажакда НАТОга аъзо бўлиши Европада тинчлик ва барқарорликка самарали ҳисса қўшади.

Украина президенти Владимир Зеленский Киевдаги матбуот анжуманида АҚШнинг муҳим молиявий ёрдами амалга ошишига умидвор эканини айтди.

Украина қуруқликдаги кучлари қўмондони Олександр Сирский жума куни Рейтер агентлигига берган интервюсида Киев уруш ҳаракатлари учун АҚШдан пиёда аскарларини қўллаб-қувватлаш учун қирувчи учоқлар ва узоқ масофали қанотли ракеталарни уришга қодир мудофаа тизимлари ва кўпроқ ҳарбий учоқлар сўраганини айтди.

Президент Зеленский Киевда Бринания бош вазири Риши Сунак билан музокаралардан бир кун олдин Болтиқбўйи ўлкаларида бўлди.

Латвия, Литва ва Эстония ҳукуматлари ҳам Украинага кўп миллиардлик ёрдамларни ваъда қилган.

Зеленский Эстонияга сафари чоғидаги чиқишида Россия-Украина урушида ўт очишни тўхтатиш сиёсий мулоқотга олиб келмаслигини ва фақат Россияга фойда келтиришини таъкидлади, чунки бу Москвага ўқ-дориларни ғамлашга имкон беради.

“Ҳар қандай пауза фақат Россия Федерациясига фойда келтиради. Нега? Чунки биз Россия ҳар куни қанча дрон, артиллерия ишлаб чиқараётганини яхши биламиз”, деди Зеленский.

Зеленский Россия Эрондан ракета сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ва Россия кучлари Шимолий Кореядан бир миллиондан ортиқ ўқ-дори олганини қўшимча қилди.

Украина президенти Эстонияга ташрифи чоғида Болтиқбўйи минтақасига кенг қамровли сафари доирасида бу ҳақда гапирди.

17:55 9.1.2024

Москва ЕИ, Британия ва АҚШда сайлов участкаларини очишдан воз кечиши мумкин

Москва президент сайловида “дўст бўлмаган мамлакатлар”да сайлов участкаларини очмаслиги мумкин.

Россия ҳукумати томонидан тузилган бу рўйхатга ЕИ мамлакатлари, АҚШ, Австралия, Британия, Швейцария, Черногория, Япония дохил жами 49 давлат киритилган.

Сайлов март ойи ўрталарига белгиланган. “Ведомости” хабарига кўра, Россия ТИВ муҳтамал қарорга сайловчилар хавфсизлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

2018 йилги президент сайловида чет элда 444 минг киши овоз берган эди. Расмий натижаларга кўра, 85 фоиз сайловчи Владимир Путин учун овоз берган бўлиб, бу Россия бўйича ўртача кўрсаткичдан (унинг умумий натижаси 76,6 фоиз бўлган эди) кўп.

Россия Украинага тўлақонли босқин бошлагани ортидан ўн минглаб киши Кремл сиёсатидан норози бўлиб, мамлакатни тарк этган. Биргина 2022 йилда ЕИ мамлакатларида 94 мингдан ортиқ россияликларга яшаш рухсатномаси берилган.

“Дўст бўлмаган мамлакатлар”да сайлов участкалари очилмаса ушбу мамлакатларда яшаётган россияликлар сайловда қатнаша олмайдилар. Чет элдан электрон овоз бериш эса ҳозирча назарда тутилмаган.

17:34 9.1.2024

Москва суди АҚШ фуқаросини гиёҳванд моддалар сақлашда айблаб, ҳибсга олди

Москвада туман суди Россияда туғилган АҚШ фуқароси Роберт Вудлэндни кўп миқдорда гиёҳванд моддаларни сақлаш сақлаш айблови билан икки ойга ҳибс қилди. Айби исботланган тақдирда Вудлэндга 20 йилгача қамалиши мумкин. Иш тафсилотлари очиқланмаган.

32 ёшли Вудлэнд Москва вилоятининг Долгопрудний шаҳридаги мактабда инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишларди. У Россияда туғилган бўлиб, 1993 йилда америкалик олимлар оиласи уни асраб олган. Кейинроқ у “Комсомольская правда”га болалар уйи фарзандликка бериш эвазига америкаликлардан 10 минг доллар пора сўрагани ҳақида гапириб берганди.

2019 йилда Вудлэнд биологик онасини топган, уларнинг учрашуви Биринчи каналда кўрсатилган. Шундан сўнг у Россиядан кетишга қарор қилади. Вудлэнд Россия фуқаролигини сақлаб қолган-қолмагани номаълум – суд ҳужжатларида унинг русча исм-фамилияси (Роман Романов) ҳам келтирилади.

Ҳибсга олиш қарори 6 январда чиқарилган. Бироқ шаҳар судлари матбуот хизмати бу ҳақда бугун, байрамдан кейинги илк иш кунида маълум қилган.

АҚШ ўз фуқароларини Россияга бормаслик ва биринчи имкониятдаёқ уни тарк этиш ҳақида бир неча бор огоҳлантирган эди. Давлат департаменти америкаликларни улар Россияда ноқонуний ҳибс этилишлари ва таъқиб этилишлари мумкинлигидан огоҳлантириб келади. Қатор ОАВларнинг манбаларига кўра, Москва Вашингтон билан маҳбусларни алмашишни режаламоқда ва айирбошлаш фойдалироқ бўлиши учун кўпроқ АҚШ фуқароларини гаровга олиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG