Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги конституция кучга кирди. Расмийлар "ноллаштириш" ҳақида сукут сақламоқда

Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонуни кучга кирганини эълон қилди.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган референдумда рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этгани ҳамда улардан 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституцияни ёқлаб овоз бергани ҳақида билдирган эди.

65 фоизга ўзгаргани айтилган конституция 65 яшар президент Шавкат Мирзиёевнинг 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очади.

Мирзиёевнинг амалдаги ваколати 2026 йилда тугайди. Тузатишлар, президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтиради. Ўзбекистон қонунчиларига кўра, ўзгартиришлар конституциянинг тахминан учдан икки қисмини ўзгартиради.

Таклиф этилган тузатишлар дастлаб мамлакатнинг Қорақалпоғистон Мухтор Республикасининг ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилишни ўз ичига олган эди.

Бироқ 2022 йил июл ойи бошида минглаб қорақалпоқлар минтақанинг Ўзбекистондан мустақилликка интилиш ҳуқуқининг йўқ қилинишига қарши норозилик намойиши ўтказгач, Мирзиёев Қорақалпоғистон мақомини ўзгартириш ғоясидан воз кечган.

Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, Қорақалпоғистонда хавфсизлик кучлари томонидан намойишлар тарқатиб юборилганида 21 киши ҳалок бўлган. Кейинчалик митингларнинг ўнлаб иштирокчилари конституциявий тузумни бузиш йўли билан ҳокимиятни эгаллашга уринганлик, оммавий тартибсизликлар уюштирганлик, давлат маблағларини ўғирлаш ва пул ювишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Референдум мустақил Ўзбекистон тарихидаги учинчи референдумдир.

2016-йилда вафот этган Мирзиёевдан аввалги авторитар биринчи президент Ислом Каримов 1995 ва 2002-йилларда икки марта референдум ўтказган ва бу унга ҳокимиятни сайловларсиз узайтириш имконини берган. Президентлик муддати ҳам ўзгартирилди.

14:39 28.4.2023

ЕХҲТ миссияси раҳбари: Демократия учун Ўзбекистон ҳукумати масъул

Ўзбекистонда 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдум ва референдумолди жараёнларини кузатиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) кузатув миссияси Тошкентга етиб борган.

Бироқ, кузатув миссияси чекланган, гуруҳ таркиби атиги 24 кишидан иборат.

Озодлик Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистондаги референдумни кузатиш миссияси раҳбари Алберт Йонсонни суҳбатга тортди.

Озодлик: Нега ЕХҲТ Ўзбекистонда референдумни кузатиш учун тўлиқ миссия эмас, чекланган кузатув миссияни юборишга қарор қилди?

Алберт Йонсон: Ҳозир биз референдумни кузатиш жараёнидамиз ва ўз методологиямиз бўйича ишлаймиз. Яъни, бутун жараённи кузатамиз, фактларни тўплаймиз ва референдум якунида дастлабки хулосаларни эълон қиламиз. Бизнинг вазифамиз бу ерда референдум жараёнига тайёргарлик Ўзбекистоннинг ЕХҲТ олдида олган мажбуриятларига мослигини аниқлаш, шунингдек, демократик референдум стандартлари ҳамда бу борадаги Ўзбекистон миллий қонунчилигига мувофиқлигини баҳолашдан иборат. Буни кузатиш учун ҳозир Тошкентда 10 нафар мутахассисдан иборат жамоамиз ишлаяпти. Ҳудудларда эса 14 нафар кузатувчимиз бор. 27 мартдан бери, деярли бир ойдан бери шу ердамиз. Миссиямиз бутун мамлакат бўйлаб бутун жараённи ҳар томонлама кузатади. Ўтган ёзда Ўзбекистонга келган миссия кузатув заруратини ўрганиб чиқди. Маҳаллий иштирокчилар билан муҳокмалар асосида шу қарорга келинди. Суҳбатдошларнинг ҳеч бири тўлиқ кузатувга эҳтиёж борлигини ёки барча сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш ва овоз бериш жараёнларини кузатиш зарурлигини таъкидламади. Шу билан бирга, улар жараённинг қонунчилик жиҳатларини кузатиш зарурлигини айтишди. Ишончимиз комилки, биз бутун жараённи ҳар томонлама баҳолаймиз ва ўз вазифамизни бажарамиз”.

Озодлик: ЕХҲТнинг атига 24 кишидан иборат чекланган миссияси референдумни қандай кузатади? Тушунтириб берасизми?

Алберт Йонсон: “Айтиб ўтганимдек, бизда 14 нафар эксперт ва узоқ муддатли кузатувчилар бор. Вазифамиз референдумни кузатиш ва жараёнга ҳар томонлама объектив баҳо бериш. Яна такрорлайман яна бизнинг вазифамиз фақат кузатиш, овоз бериш жараёнини назорат қилиш эмас. Биз 20 йил давомида ЕХҲТ ҳудудида 400 дан ортиқ сайловни кузатганмиз. Лекин бизнинг хулосаларимиз ва тавсияларимиз албатта эълон қилинади, бу референдум ўтганидан сўнг амалга ошади. Матбуот анжумани ўтказамиз, унда кузатувларимиз, дастлабки ҳулосамизни эълон қиламиз”.

Озодлик: ЕХҲТ миссияси, гарчи у чекланган бўлса-да, 65 яшар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига имкон берувчи бу тадбирга легитимлик беради, деган танқидларга нима дейсиз?


Алберт Йонсон: “Олдин айтганимдай, вазифамиз жараён демократик меъёрларга мос келадими ёки йўқми, шуни кузатиш учун бу ердамиз. Жараённинг барча жиҳатларини кузатиб борамиз ва биз билан гаплашмоқчи бўлган барча иштирокчиларни тинглаймиз. Барча томон учун очиқмиз.


Озодлик: Тарғибот жараёнларида фақат “ҲА” деган кампанияни қўллаб қувватловчи тадбирларни кўряпмиз. Референдумда фуқароларнинг янги конституцияни маъқулламаслик эҳтимоли қанчалик деб ўйлайсиз?


Алберт Йонсон: “Биз бу ерда овоз бериш натижаси ҳақида ҳеч қандай тасаввурларсиз жараённи кузатамиз. Энг муҳими, жараён. Бизни овоз бериш натижалари унчалик қизиқтирмайди. Муҳим савол шуки, жараён шаффофми, жараён ЕХҲТ мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилмоқдами? Ҳар доимгидек фактлар ўзи сўзлайди. Бутун мамлакат бўйлаб биз кўплаб одамлар билан кўплаб учрашувлар ўтказамиз, вазифамиз техник баҳо беришдир ва бизнинг хулосаларимиздан қандай фойдаланиш ҳукумат ва ўзбек халқига ҳавола.

Демократик сайлов жараёнини таъминлаш учун Ўзбекистон ҳукумати масъулдир.

Озодлик: Ўзбекистон расмийлари Конституцияни ўзгартиришни ислоҳотларни давом эттириш учун муҳим демоқда. Сизнингча муаммо конституциядами?


Алберт Йонсон: Яхши савол, лекин ўтган ёзда амалга оширилган сайловолди баҳолаш миссиясига қайтадиган бўлсак, албатта кузатувчилар билан сухбатда бўлган кўплаб одамлар конституцияга киритилажак ўзгартишларни яхшиланиш сифатида таърифлаган.

Шу билан бирга, президент ваколатини узайтирилиши борасида хавотирлар ҳам бор, қонун ҳужжатлари сўз эркинлиги, тинч йиғилишлар ва уюшмалар эркинлигини чеклаши ҳақида ташвишли фикрлар ҳам айтилди. Албатта, бу ҳақда олдинги ҳисобот ва тавсияларда айтилган. Лекин биз воқеани иккала томоннинг фикрини эшитган ҳолда баҳолаймиз.

Озоллик: Сизнинг миссиянгиз ўтган парламент ва президент сайловларида сиёсий рақобат бўлмагани ва мухолифатга йўл берилмаганини танқид қилган эди. Сайловлардан буён ўтган вақт мобайнида Ўзбекистонда бирон нарса ўзгардими?

“Тўғри айтдингиз, 2021 йилдаги сайловлар ва 2019 йилги парламент сайловлари ҳақидаги олдинги ҳисоботларга қарасак. Масалан, 2021 йилги ҳисоботда президентлик сайлови сўнгги ислоҳотлар, ижобий яхшиланишларни намойиш этгани ва ҳали чинакам плюралистик муҳитга олиб келмагани ҳақида хулоса қилинган. Шунингдек, ҳисобот кенг кўламли масалалар бўйича 24 та аниқ тавсияларни ўз ичига олади, шу жумладан, ҳуқуқий соҳани яхшилашни ҳам.

Ҳозир биз конституциявий референдумни кузатмоқдамиз ва жараён давом этмоқда ва айтганимдек, кутамиз. Биз бутун жараённи кузатиб борамиз ва референдумдан сўнг хулосамизни эълон қиламиз”.

Озодлик: Президент Мирзиёев 2040 йилгача ҳокимиятда қоладиган бўлса, бу Ўзбекистондаги демократиянинг тақдири ва Мирзиёев ҳукуматининг халқаро ҳажмамият, жумладан,сизнинг ташкилотингиз билан алоқалари учун нимани англатади?


Алберт Йонсон: “Такрор айтаманки, биз жараённи кузатмоқдамиз ва буни ўз методологиямизга мувофиқ амалга оширмоқдамиз. Менинг ишим кейинги ой якунланади, мен 9 май куни Тошкентдан жўнаб кетаман, лекин барча институтлар бизнинг ваколатимиз қамраб олган барча соҳалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролик жамияти билан ишлашда давом этади. “

Озодлик: Жаноб элчи, суҳбат учун катта раҳбат.

Алберт Йонсон:“Сизга ҳам раҳмат, фаолиятимизга қизиқиш билдирганиз учун.”









14:59 28.4.2023

Референдум куни Тошкентда метро соат 5дан ишлайди

Тошкент метрополитени 30 апрель куни референдум муносабати билан поездлар қатнови эрталаб соат 5дан ишлари ҳақида маълум қилди.

15:04 28.4.2023
Референдум арафасида: Танқидий пост қўйганлар “суҳбат”га чақиртирилмоқда

Ўзбекистон блогосферасида эса танқидий ва манфий постларни қўйиб бораётган нафақат блогерлар ва жамоатчилик фаоллари, балки оддий фойдаланувчилар “профилактик суҳбатлар”га чақиртирилмоқда.
Айрим фаоллар сўзларича, ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралар томонидан “салбий” ёки “негатив” деб топилган изоҳ эгаларидан “қилмишидан пушаймон экани”, “хато фикр билдиргани” ва “бошқа бундай қилмаслиги” тўғрисида тилхат олинмоқда.
Референдум арафасида Ўзбекистонда нафақат жамоатчилик фаоллари ёки блогосфера, балки ҳар қандай йиғинлар назоратга олишга уринишлар кузатилмоқда.
Блогерлар ҳукумат ва ОАВ лари ўртасида жарлик пайдо бўлаётганидан хавотирда.

15:48 28.4.2023

Алишер Илҳомов “Ўзбекистоннинг янги Конституцияси мамлакатдаги автократия даражасини оширди”

Лондонда яшовчи ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов "Asia Terra" нашрига берган суҳбатида президент Мирзиёвнинг ҳозирги иккинчи президентлик муддати тугаганидан сўнг унинг ҳокимиятда яна 14 йилга қолишига йўл очувчи конституциявий ўзгаришлар мамлакатдаги ҳокимият режимининг авторитар характерини кучайтиради, бу эса ҳокимиятнинг бўлиниши принципининг бузилишига ва президентнинг бир қатор ҳокимиятларни эгаллаб олишига олиб келади, деб фикр билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG