Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:24

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Блинкен: Навальний ўлими учун Россия жавобгар

Навальнийга қарши маҳкама сиёсий мотивларга эга иш ҳисобланади. Сиёсатчининг адвокатлари унга нисбатан айбловни бир неча бор абсурд деб атаган. Халқаро ташкилотлар уни сиёсий маҳкум деб тан олади. Навальний қамоқхонада туриб видеоалоқа орқали судларда қатнашаркан, россияликларни Украинадаги урушга қарши чиқишга даъват этарди.

Кремл Навальний ва жамоасининг суриштирувларини кўриб кўрмасликка олди. Владимир Путин йиллардир Россия мухолифати етакчисининг исмини тилга олмади, балки “у одам” ёки “у фуқаро” деб атаб келди.

“Россиядан Алексей Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабарлар келди. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида Россия ҳукумати, Путин Алексей Навальнийни таъқиб қилди, заҳарлади ва қамоққа ташлади. Бу хабарлар агар рост бўлса, биринчи навбатда, унинг рафиқаси ва оиласига ҳамдардлик билдирамиз. Унинг қамоқхонада ўлиши, бир одамнинг қўрқуви, у қурган тизимнинг ожизлиги ва чиркинлигини кўрсатади. Унинг ўлими учун Россия жавобгар. Агар бу хабарлар чин бўлса, Алексей Навальний ўлдирилишини ҳали бошқа мамлакатлар билан муҳокама қиламиз", деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Навальнийнинг ўлими тафсилотлари тасдиқланганидан сўнг, Вашингтон кейинги қадамларни муҳокама қилишини маьлум қилди.

Байден: Навальнийнинг ўлимида Путин айбдор

АҚШ президенти Жо Байден Алексей Навальний Россия қамоғида ўлганидан дарғазаб бўлганини айтаркан, айни чоғда бу хабар уни ажаблантирмаганини урғулади. Байденга кўра, агар хабарлар тасдиқланса, бу ўлим учун жавобгарлик Россия президенти Владимир Путин зиммасида бўлади.

Байден россиялик мухолифат етакчисининг қамоқда вафот этганига доир хабарлар муносабати билан расмий баёнот берди.

“Биласизми, мен, бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар каби, Алексей Навалнийнинг ўлими ҳақидаги хабардан ғазаблансамда, ажабланмадим. У коррупция, зўравонлик ва Путин ҳукумати қилган барча ёмон ишларга жасорат билан қарши чиқди. Бунга жавобан Путин уни заҳарлади, ҳибсга олишни буюрди. Уни сохта жиноятлар учун жавобгарликка тортди. Қамоқхонага ташлади. Ҳатто қамоқхонада ҳам у ҳақиқатнинг кучли овози эди. У 2020 йилги суиқасддан кейин қувғинда тинчгина яшаши мумкин эди. Бунинг ўрнига у Россияга қайтди. У ишини давом эттирса, қамоққа тушиши ёки ҳатто ўлдирилиши мумкинлигини билиб, Россияга қайтди. Лекин барибир ўз йўлидан қайтмади, чунки у ўз мамлакатига, Россияга жуда қаттиқ ишонган. . . . Лекин хато қилманг. Адашманг. Навалнийнинг ўлимида Путин айбдор. Унинг ўлими учун Путин жавобгар”, деди президент Байден Оқ уйда қилган махсус баёнотида.

Навальнийнинг матбуот котиби унинг ўлимини тасдиқлади

Навальний жамоаси унинг қамоқхонада ўлганини тасдиқлади. Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш имзолаган “Теам Навальний” каналида, жумладан шундай хабар пайдо бўлди:

“Алексей Навальний ўлдирилган. Унинг ўлими 16 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 14:17 да содир бўлган, бу ҳақда Алексейнинг онасига берилган расмий хабарномада ёзилган.

Колония ходими Навальнийнинг жасади Салехардда эканлигини айтди. Тергов қўмитаси терговчилари уни олиб кетишди. Ҳозир уни “ўрганишмоқда” экан. Биз Алексей Навалнийнинг жасади зудлик билан оиласига берилишини талаб қиламиз”

Навальний хотирасига дунё бўйлаб акциялар ўтказилмоқда

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида русийзабон диаспоралар Навалний хотирасига митинг ўтказилишини эълон қилди. “Ковчег” ташкилоти тузган рўйхатда 20 дан зиёд мамлакатда шундай тадбирлари бўлиши қайд этилган (рўйхат тўлдирилмоқда). Акциялар асосан Россия консулхоналари ва элчихоналари ёнида бўлиб ўтади.
Тбилисида фаоллар Россия манфаатлари секцияси биноси ёнида акция ташкил қилишди.
Ереванда, “Новай газета.Европа” хабарига кўра, полиция митингчиларни элчихонага киритмаяпти, бино қуршаб олинган.

Прагадаги Россия элчихонаси олдида ўнлаб одам йиғилган.
Шунингдек, Лондондаги Россия элчихонаси ёнида ҳам митингчилар бор.

АҚШда бир қанча митинглар бўлди. Нью-Йоркда одамлар рус ва инглиз тилларида “Путин – қотил”, “Биз таслим бўлмаймиз” деб ёзилган плакатларни кўтарганча Россия элчихонаси ёнига келишди.

Сакраментодаги акцияда юзлаб киши қатнашди: улар, жумладан, Путин портрети ва “Бизга пул тўлашмаган, биз сендан текинга нафратланамиз” деган ёзув туширилган узун плакатни кўтариб келишди.
АҚШнинг бошқа шаҳарларида ҳам одамлар Навалний хотираси ҳурматига кўчаларга чиқдилар.
Акциялар Буэнос-Айрес, Белград, Берлин, Вилнюс ва бошқа кўплаб шаҳарларда ҳам бўлиб ўтди. Айрим мамлакатларда митинглар шанба ва якшанба кунларига белгиланган.
“Сота” нашри хабарига кўра, Минскда тугатилган “Яшиллар” партияси етакчиси Дмитрий Кучук Россия элчихонаси олдига Навалний хотираси учун гул қўяётган чоғида тутиб олиб кетилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG