Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:44

Трампнинг қайтиши: Ўзбекистон ва дунёни нима кутмоқда?

Қўшма Штатларда 5 ноябрь куни ўтган президент сайловида республикачилар номзоди Доналд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррисни ортда қолдириб, расман ғалаба қозониш учун зарур бўлган сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини қўлга киритди.

Айни пайтда республикачилар Конгресснинг юқори палатаси – Сенатда ҳам кўпчилик ўринни эгаллади.

Дунё раҳбарлари, жумладан, президент Шавкат Мирзиёев Трампни ғалабаси билан табриклади.

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трампни “сайловдаги ажойиб ғалабаси” билан табриклаб, Трамп раҳбарлигида Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига умид билдирди.

Трамп Украина ва Яқин Шарқдаги урушга қисқа вақтда барҳам беришини айтган, аммо бу борадаги режалари тафсилотини очиқламаган.

78 ёшли Трамп Оқ уйга сайланган энг кекса раҳбар бўлади.

132 йилдан бери АҚШда иккинчи марта сайлана олмай кейин яна ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиққан президент бўлади.

Шунингдек, Трамп Қўшма Штатлар тарихида судда айбдор деб топилганига қарамай, президентликка сайланган биринчи шахсдир.

03:09

Ҳаррис демократлар штаб-квартирасига борди

Камала Ҳаррис Вашингтон Демократлар сайлов қўмитаси штаб-квартирасига борди ва сайловчилар билан телефонда гаплашди.

Штаб-квартира ходимлари сайлов тугаши олдидан сўнгги бор овоз бермаган сайловчиларга қўнғироқ қилиб, уларни сайловда қатнашишга ундаётган эди.

Ҳаррис ҳам қўнғироқ қилиб, сайловчилар билан гаплашди. Рейтерс агентлиги хабарига кўра, телефон гўшагини кўтарган болалардан бирига Ҳаррис: "Бу Камала Харрис - сизнинг яна 10 йил ўсишингизни кутмоқда. Бу жуда муҳим, биз қиладиган иш жуда кўп", деган.

Демократик партия номзоди Ҳаррис сайланса, АҚШнинг биринчи аёл президенти ва асли келиб чиқиши Жанубий Осиёдан бўлган биринчи шахс бўлади.

00:52

Ўзбек иқтисодчилари АҚШ сайловлари ҳақида

Ўзбекистонлик ёш иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ва Ботир Кобиловлар АҚШ президенти сайловларини муҳокама қилди.

Uzbekonomics подкастида Ҳаррис ва Трампнинг сайловолди кампанияси, номзодларнинг дастурлари ҳамда иқтисодий платформалари ҳақида мулоҳаза юритди.

2024 йилдаги энг муҳим сиёсий ҳодиса бўлиб турган АҚШ сайловлари ҳақида ўзбек ижтимоий тармоқлари бу гал қарийб ёзмаётир. Ҳозирча расмий ва маҳаллий мустақил нашрлар қисқа ҳамда хронологик хабарлар билан чекланмоқда.

00:41

Трамп мағлуб бўлса, “биринчи бўлиб тан олиши”ни айтди

Республикачилардан номзод Доналд Трамп Флоридада овоз бериб бўлгач, журналистлар билан суҳбатда, жуда яхши сайловолди кампаниясини олиб борганига ишончи комил эканини айтди.

Трамп, агар сайловда ютқазса, биринчилардан бўлиб мағлубиятини тан олишини ҳам таъкидлади.

Демократлардан номзод Камала Харрис америкаликларни бирлашишга чақириб, Трампнинг иккинчи муддати Америка демократияси пойдеворига жиддий таҳдид, деб огоҳлантирди.

80 миллиондан ортиқ америкалик сайлов кунига қадар почта орқали ёки шахсан овоз берган.

00:24

Жоржия овоз бериш участкасида бомба таҳдиди

Жоржия штати Давлат котиби Бред Раффенспергер сайлов участкаларида бомба таҳдиди қайд этилгани, бу таҳдид "манбаи Россияга боғлиқ бўлиши мумкин"лиги ҳақида маълум қилди.

Раффенспергерга кўра, ҳозирча бу таҳдидни тасдиқловчи асослар йўқ, аммо расмийлари хавфсизликка оид ҳар қандай хабарни диққат билан текширмоқда. 4 ноябр куни Жоржиядаги сайлов участкаси ходими сайловчиларга бомбардимон билан таҳдид қилиб хат юборишда айбланиб, ушланган эди.

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) бир неча штатда сайлов участкаларига бомба қўйиш таҳдидидан хабари борлиги ва буларнинг аксарияти, гўёки Россия электрон почта доменларига алоқадор кўрилаётганини билдирди. Аммо, ФҚБ ҳам ҳозирча ҳеч бир таҳдид огоҳлантириши ишончли бўлиб чиқмаганини таъкидлади.

Жоржия АҚШ президентлик сайлови натижасида ҳал қилувчи рол ўйнаши кутилган еттита штатдан биридир. Ҳозир АҚШ бўйлаб расмийлар сайлов пайти ва сайловдан кейин сиёсий зўравонликлар бўлиши эҳтимолига қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилганини айтмоқда.

АҚШ прокурорлари америкаликларни зўравонликлардан тийилишга чақирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG