Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:31

“Абу Сахий” Туркиядан келган товарларни эгаларига бера бошлади


Ўзбекистон улгуржи ва чакана савдо бозорларидаги аскар истеъмол моллари Ўзбекистонга йиллардан бери асосан "Абу Сахий" орқали импорт қилиб келинган.
Ўзбекистон улгуржи ва чакана савдо бозорларидаги аскар истеъмол моллари Ўзбекистонга йиллардан бери асосан "Абу Сахий" орқали импорт қилиб келинган.

Ўзбекистон бозорларини импорт маҳсулотлари билан таъминлаб келган “Абу Сахий”даги вазиятга бевосита алоқадор тадбиркорлар ширкат фаолиятида текширув бошлангунга қадар Ўзбекистон ҳудудига¸ асосан¸ Туркиядан олиб келинган товарларнинг “озод этилгани”¸ аммо Хитойдан юборилган кейинги юклар ҳамон ўзбек-қирғиз чегарасида қолаëтганини билдирди.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ янги йилдан бери “Абу Сахий” ширкати орқали Хитой¸ Туркия каби давлатлардан юборилган товарларини ола олмаëтган ўзбекистонлик савдогарлар орасида ҳафта охирида “Абу Сахий” карго очилипти¸ одамлар товарларини олаяпти” деган гап кенг тарқалган.

Сўнгги вазиятни ўрганиш мақсадида Озодлик Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси расмийлари билан боғланди.

“Икки-уч кун бўлди¸ товарларни эски тартибда олишга рухсат берилди. Растаможкада ҳеч қандай ўзгаришсиз¸ тадбиркорлар молларини олаяпти”¸ деди Тошкент божхоначиларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда¸ бу расмий вазиятга оид бошқа тафсилотлар¸ хусусан¸ қайси давлатдан¸ қачон юборилган товарларнинг вақтинчалик “музлатиш”дан озод этилиб¸ эгаларига берилаëтганига ойдинлик киритмади.

“Абу Сахий” карго мижози бўлган айрим тадбиркорлар Озодликка ўтган ҳафта товарларини Тошкентда олган савдогарлар борлиги¸ аммо улар ҳозирча “Абу Сахий” фаолиятида текширув бошлангунга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб улгурган товарларини олганини билдирди.

Чилонзор туманида жойлашган асосий карго омборхонасидан мол беришаяпти. Шахсан ўзим ўткан куни бориб олдим Туркиядан юборган товарларимни. Ҳеч нарса ўзгармапти¸ аввалгидак килосига 5.5 доллар тўлаб олиб чиқтим”¸ деди янги йил бошида Туркиядан текстиль маҳсулотлари жўнатган тошкентлик тадбиркорлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Товарини олганлар бор. Фақат олдин келиб улгурган ва текширув туфайли олиша олмаганларга товар беришган. Шеригим бугун ҳам “Абу Сахий” складига бориб келди. Ëпиқ экан. Хитойдан ҳеч қанақа товар келмапти ва ҳеч кимга товар берилмаяпти”¸ деб маълумот йўллади “Абу Сахий” карго хизмати орқали Хитойдан Ўзбекистонга мол олиб келиш билан шуғулланган тадбиркорлардан бири.

Хитой товарларига йўл ëпиқлигича қолмоқда

“Абу Сахий”нинг Хитойдаги ваколатхонаси хизматчилари 13 февраль куни ҳам вазиятда ҳеч қандай ўзгариш йўқлиги ва ширкат фаолиятида текширув бошлангандан кейин Хитойдан юборилган моллар ҳамон ўзбек-қирғиз чегарасида қолаëтганини айтди.

Ўш ва Андижон ўртасидаги “Дўстлик” чегара ўтказиш пунктидаги божхона хизмати ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ бошқа юк машиналари ўтказилаëтгани¸ аммо “Абу Сахий” юклари ортилган фураларга ҳамон Ўзбекистон ўз чегарасини очмаëтганини билдирди.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг Қирғизистон томонидаги божхона ҳудудида ишловчи бошқа бир хизматчи ҳам¸ “Абу Сахий” фуралари ҳамон турган жойидан жилмаганини тасдиқлади.

Ўзбекистон бозорларидаги аксар йирик ва майда савдогарлар йиллардан бери асосан “Абу Сахий” орқали хориждан истеъмол товарлари импорт қилиб келгани боис¸ ширкат карго фаолиятида 2016 йил декабрь ойининг сўнгги кунларида бошланган узилиш¸ Озодликка мурожаат қилаëтган тадбиркорларнинг айтишича¸ улар фаолиятини қарийб фалаж қилиб қўйган.

Тошкент ва вилоятлардаги савдогарлар Озодлик билан суҳбатда янги йилга қадар олган товарлари тугаб бораëтгани¸ агар¸ асосан¸ Хитой ва Туркиядан юборилган товарлар тез орада эгаларига берилмаса¸ уларнинг касод бўлиши таҳдиди остида қолганларини айтмоқда.

Ўзбекистон назорат тизимларидаги айрим расмийларининг Озодликка ўз шахси сир қолиш шарти билан билдиришича¸ янги йилдан “Абу Сахий” ширкати фаолияти устидан прокуратура¸ солиқ ва божхона хизмати ходимлари қўшма текширув бошлаган.

Солиқ ва божхона қўмитасининг ўтган ҳафта Озодлик боғланган расмийлари “Абу Сахий” ширкатининг йиллар давомида мамлакатга олиб келинган катта миқдордаги истеъмол моллари нархини бир неча ўн бараварга камайтириб¸ ундан деярли бож ва солиқ тўламаганликда гумонланаëтгани ва бу текширув тугамагунча¸ Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган товарлар музлатиб қўйилгани¸ Қирғизистондан юк ўтказиш тўхтатиб қўйилганини билдирди.

Аммо “Абу Сахий” ширкати эгаси¸ марҳум президентнинг куëви Тимур Тиллаев ўз адвокати орқали бу хабарларни “асоссиз” деб атади ва ширкат фаолиятининг текширилаëтганини инкор қилди.

“Абу Сахий” ширкатининг Ўзбекистон импорт моллари бозоридаги ниҳоятда катта улуши боис мамлакат бозорларида пайдо бўлаëтган қимматчилик ва тақчиллик муносабати билан Озодлик 13 февраль куни яна Тиллаевлар адвокатига изоҳ сўраб мурожаат қилди.

(Жавоб олиниши билан Озодлик уни жамоатчиликка тақдим этади.)

XS
SM
MD
LG