Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Электр токининг юқори кучланишидан юзлаб хонадоннинг телевизори куйди


Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидаги Охунбобоев маҳалласида 3 март куни электр токида ишлаб турган барча асбоб-жиҳозлар ишдан чиқди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, 3 март куни тушдан кейин электр симларига бирданига юқори кучланишда келган ток, хонадонларда ишлаб турган барча телевизор, кондиционер, лампочка ва бошқа ускуналарни портлатиб, куйдириб юборган.

Маҳалла расмийси 3 март куни 73та хонадонда электр жиҳозлари ишдан чиққанини айтмоқда.

Охунбобоев маҳалласида яшайдиган, 80 яшар Абдулла Шопўлатовнинг айтишича, унинг икки телевизори 3 март куни куйиб кетган:

- Ўғлимизнинг катта телевизори бор эди, у куйди. Кейин ўғлимиз кичик телевизорни қўйган эди, у ҳам куйди. Бунинг сабабчиси электросет, светни ўйнатиб кўп свет берган. Бориб сўрасак, суғурта қилдирганмисиз дейди. Ахир бу табиий офат эмаску, бунинг жавобгари электросет. Бизда, бу ерда, ҳеч ушлайдиган жойи қолмади. Мирзиёевнинг қишлоқ ҳудудларини ободонлаштириш ҳақидаги фармонларини бу ердагилар оёғини осмондан қилиб ижро этишмоқда. Менинг айтар гапим шу!

Охунбобоевлик Рўзигул ўзи ва қўшниларининг барча электр асбоблари куйиб қолганини айтади:

- Лампочкалар бирданига оппоқ бўлдию, кейин пақ этиб ёрилиб кетди. Мени телевизорим, электр ҳисоблагичим ҳам куйди. Бу биринчи бор бўлаётгани йўқ. Ҳар сафар телевизорим куйганда, янги телевизор олишимга маблағим йўқ. Қўшниларимнинг ҳам телевизорлари куйиб кетган. Битта келин дугонамиз бор, уч марта куйди телевизори. Бу бизнинг айбимиз эмаску, телевизорларимизни куйдирганлар ўрнига бошқа олиб берсин.

Электр ҳисоблагич ва телевизоридан айрилган Юлдузхон ҳам электр тармоқлари идораси аҳолига етказган зарарини қоплаб бериши шартлигини айтади:

- Телевизорим билан учётчигим пақиллаб портлаб кетди. Қўшниларимда ҳам шу аҳвол. Электр идораси келиб ҳар бир уйга кириб кўрсин, халққа қанча жабр етказганини ҳисобини олсин, электр ҳисоблагичларни ўз ҳисобидан ўрнатсин, янги телевизор олиб берсин. Биз электрдан бепул фойдаланмаймизку, биздан ҳақини ундириб олишни билади, токини ҳам ўхшатиб берсин.

Ангор туманидаги Охунбобоев маҳалла фуқаролар йиғини котиби Эркин Гаппаровнинг Озодликка айтишича, 3 март куни содир бўлган ҳодиса барча хонадонларга катта молиявий зарар олиб келган:

- 3 мартда кун бўйи свет ўчиб-ёниб, ўйнаб турди. Бир соат ёқади, бир соат ўчиради. Ўша пайт замикание бўлганми, иккита фаза қўшилиб қолган, оқибатда эса юзлаб оиланинг уйида электрда ишлаб турган техникалар куйиб кетди. Биз бу воқеа ортидан ишчи гуруҳ тузиб, ҳозирча 73 та хонадонни аниқладик, бирида телевизор куйган, бирида радио куйган, бирида электр ҳисоблагичлар, лампочкалар, бирида кондиционер, телефон заряд қилувчи ускуналар, нимаики токка уланган бўлса ҳаммаси куйган. Аризалар тушишда давом этмоқда. Бу воқеа юзасидан прокуратурага хат қилиб бордим, лекин прокурор аризамни қабул қилмади.

Ангор тумани прокурори Жасур Раҳмонов Озодлик билан суҳбатда, ҳақиқатан ҳам Эркин Гаппаров 5 март куни прокуратурага мурожаат қилганини, лекин нима сабабдан унинг аризаси ўринбосари томонидан қабул қилинмаганини ҳозирча билмаётганини айтди:

"Ўринбосарим иш билан чиқиб кетган, телефони ўчгани боис уни ҳозир тополмаяпман. Лекин бизга қилинган мурожаатлар ҳаммаси кўриб чиқилади. Жумладан, Эркин Гаппаровнинг аризаси ҳам. Биз бу ҳолатни тегишли соҳа мутахассиси иштирокида ўрганиб чиқамиз ва қонуний тўхтамга келамиз".

Ангор электр тармоқлари идорасининг диспетчери ва унинг раҳбари Алишер Йўлдошев Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида электр энергияси таъминотида узилишлар кўп бўлиши ҳақида Озодлик мунтазам хабар бериб келган.

Ўзбекистонда ҳозирги вақтда иш фаолиятида бўлган энергетика қурилмалари ўтган асрнинг ўрталарида ишга туширилган бўлиб, уларнинг деярли 67 фоизи эскирган.

Бу маълумот "Ўзбекэнерго" АЖ матбуот хизматининг баёнотида келтирилган.

Маҳаллий сайтлар эълон қилган баёнотда айтилишича, мамлакатдаги мавжуд электростанциялар ҳам ўтган асрнинг 50-60 йилларида барпо этилган бўлиб, уларнинг аксариятида қувватлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Энг янгиси ҳисобланган Тахиатош ИЭСнинг ҳам фойдаланишга топширилганига 27 йилдан ошган.

«Ўзбекэнерго» ўз хатида электр энергияси таъминотини яхшилаш устида ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида ёзган.

XS
SM
MD
LG