Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Алимент тўламаëтганларни жавобгарликка тортишга маҳалла ва милиция ҳам қўшилди


Расмий статистикага кўра¸ ўтган йил декабрига қадар пойтахт Тошкент суд ижрочилари қўлида алимент тўламаслик бўйича қарийб 22 минг иш йиғилиб қолган ва бу кўрсаткич кейинги икки йил ичида 42 фоизга ошган. Ана шу муаммога ечим топиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳалла қўмиталари ва участка нозирларини ҳам алимент бўйича қарздорликни камайтириш жараëнига қўшиш ташаббусини ўртага ташлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўтган ҳафта миллиардлаб сўмни ташкил этаëтган алимент бўйича қарздорликни ундиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларга оид янги ташаббусини жамоатчиликка эълон қилди.

Бу ташаббусга кўра¸ қарздорликни ундириш жараëнида суд ижрочиларига ëрдам беришга бундан буëғига маҳалла қўмиталари¸ участка милиция нозирлари ва меҳнат биржалари вакиллари жалб этилади.

Бундай ҳамкорлик¸ алимент тўламасликка ишсизлигини баҳона қилувчиларга қарздорликни узиш учун имкон бериш мақсадида таклиф қилинган. Айтилишича¸ маҳалла фаоллари ва участка нозири билан алимент бўйича қарздорга ўз мажбуриятини эслатадиган меҳнат бошқармаси вакиллари¸ ишсиз қарздорга иш таклиф қилади¸ вакансиядаги ишлар рад қилинган ҳолда¸ ишнинг жиноий судга ўтказилишидан огоҳлантиради.

Республика Суд департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда бу ташаббусни ниҳоятда кўпайиб кетган алимент бўйича қарздорлик муаммосини ҳал этиш йўлидаги яхши ният қадами¸ деб баҳолади :

- Эй¸ нимасини айтасиз¸ қарздорлар кўпайиб кетган. Фақат суд ижрочиларининг ўзининг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти¸ шуларга ëрдам беринглар¸ деган маънода бўлаяпти бу. Mаҳалла ва милицияга мажбурий эмас¸ улардан ëрдам сўралаяпти. Боласи бор оилаларни¸ авваламбор¸ яраштиришга ҳаракат қилинглар. Ярашмаса¸ мажбуриятларини тушунтиринглар¸ дейилаяпти. Тўласин¸ ўзини боласи учун ахир¸тўламаса¸ қамалиб кетишидан огоҳлантиринглар¸ дейишаяпти¸ деди Озодлик гаплашган суд ижрочиларан бири.

Бу суҳбатдош ҳозирча пойтахтда бошланган бу ташаббус қарздорликни қисман камайтиришга ëрдам берса-да¸ хорижга кетиб¸ алимент тўламай юрганлардан пул ундиришга ярамаслигини эътироф этади:

- Қочиб кетганларга республика ҳудудида қидирув эълон қилинган¸ келган заҳоти улар ушланади. Қачондир келади ва йиғилиб қолган қарзи ундирилади¸ бўлмаса қамалиб кетади. Ўзбекистон билан Россия ўртасида қидирувдаги шахсларни топширишни кўзда тутувчи Минск конвенцияси бор¸ лекин алимент тўламай қочиб юрганлар ҳозирча бу келишувга тушмайди. Шунинг учун уларни Россиядан ушлаб олиб келолмаймиз¸ дейди суд ижрочиларидан бири.

Самарқандлик Дилором опанинг қизи 2014 йилда собиқ эридан вояга етмаган фарзанди учун алимент ундириб беришни сўраб судга мурожаат қилган. Қўлида суд қарори бўлишига қарамай¸ ҳозирда 7 ëшга кирган бола учун Россияда қочиб юрган ота бир тийин ҳам алимент тўламаган:

- Апрелда уч йил бўлади¸ алимент тўламаяпти. Суд ижрочига неча марта борсак¸ ҳар гал бир гапни айтади – қачон келса¸ ўшанда ушлаб¸ қарзини ундирамиз¸ дейди. Биз у одамни қидирувга берганмиз¸ фақат Ўзбекистон бўйича¸ деб айтади. Россияда бошқа хотинга уйланиб¸ унинг болаларини боқаяпти экан¸ ўзининг фарзандига бир тийин ҳам бермайди¸ дейди Дилором опа.

Жиззахлик маҳалла оқсоқолларидан бири Очил Мирзаев ажралишлар¸ унинг ортидан алимент тўламасликнинг бутун Ўзбекистон бўйлаб жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммога айланганини ўз маҳалласи мисолида тасвирлашга уринади:

- Одамлар чиндан ҳам тўламай қўйган. Бир хили 30 миллион қарз¸ бир хили 7-10 миллион қарз. Тўла-тўла¸ деймиз¸ тўламаса¸ қамаб юборамиз. Суднинг қарори бор¸ суд ижрочилари ҳисоблаб берган сумма бор¸ шуни тўламаяпти¸ деб ҳужжат қилса¸ жиноий иш очилиб¸ қамалиб кетади¸ дейди бахмаллик маҳалла оқсоқоли.

Алиментлар бўйича қарздорликнинг кўпайиб кетишига¸ суд ижрочиларининг ишлик ва ишсизлардан алимент ундиришда қўллайдиган икки хил ҳисоб-китоби ҳам сабаб бўлганини қайд этган бу оқсоқол¸ Ўзбекистон ҳукумати алимент ҳисоблаш ва ундириш механизмини соддалаштириши лозим¸ деган ишончда:

- Ҳар бир бола учун прожиточний минимумдан келиб чиқиб¸ бир хил миқдор¸ масалан¸ 50 минг¸ 75 минг қилиб белгилаш керак¸ унга инфляция даражаси қўшиб борилиши керак. Ҳозирги тартибда¸ иши борга камроқ¸ ишсизга эса¸ катта алимент белгиланаяпти. Шунга тўлайман деса¸ кўпчиликнинг қурби етмайди¸ дейди Очил Мирзаев.

Ўтган йил октябрида ажрашишлар муаммосига бағишлаб ўтказилган махсус мажлисда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов Тошкент шаҳри ажрашиш бўйича Ўзбекистонда биринчи экани¸ пойтахтда қайддан ўтган оилаларнинг 32 фоизи қисқа вақт ичида ажраб кетаëтганини таъкидлаган эди.

Бу муаммога ечим топишни шахсан Шавкат Мирзиëев ўз назоратига олганини айтган Усмонов¸ ажралишлар сонини камайтириш мақсадида кескин чораларни ишга солажаги¸ хусусан¸ ажралганлар исми-шарифини "Тошкент" телеканалида ўқиб-эшиттиришни йўлга қўяжагини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG