Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

“Тошкент судлари бу йил эр-хотинларни ажратмайди”


Озодлик манбаларига кўра¸ шу кунларда пойтахт судлари эр-хотинларни ажратиш ҳақида қарор чиқаришни деярли тўхтатган. Бу ҳолат Тошкент шаҳар ҳокими 13 октябрь куни ажрашишлар муаммосига бағишланган катта йиғин ўтказиб¸ "оилавий ажримларни камайтириш ўз устивор вазифаси" эканини таъкидлаганидан сўнг кузатилмоқда. Айни пайтда¸ “Тошкент” телеканали 4 декабрь кунги сайловлардан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимининг “ажрашаëтган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини” эфирга узатишни режаламоқда.

“Боласи борга ажрим йўқ!”

Тошкентлик Анварбекнинг кўпдан бирга яшамай қўйган хотини билан ажрашиш ҳақида судга ариза топширганига икки йил бўлган.

- Икки йилдан бери судга қатнайман. Ҳар гал “ўйлаб кўриш ва ярашиш учун бирда 6 ойлик¸ яна бирида 3 ойлик муддат беришади. Нима эмиш¸ ўртада бола бор¸ шунинг учун ажрашишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш керак экан. Биз ҳам обдон ўйлаганмиз¸ бўлмагандан кейин¸ судга борганмиз. Кечагинда суддаги танишим “бу йил ажрашишлар устидан назоратни янаям кучайтиришди¸ шунинг учун йил охиригача ҳеч кимга развод берилмайди”¸ деб айтди. Бу ички сир эмиш¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Анварбек.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг Озодлик мухбири суҳбатлашган вакили¸ ажрашишларга оид бундай тақиқ мавжудлигини билвосита тасдиқлади.

“Ажрашиш ҳақида ариза қабул қиламиз¸ лекин бу дегани ажрим ҳақида қарор чиқарилади¸ дегани эмас. Ҳамма ҳужжатларни тўплаб¸ давлат божи (энг кам иш ҳақининг 3 бараварида)ни тўлаганингиздан кейин¸ маҳалла қўмитаси¸ хотин-қизлар қўмитасидагилар сиз билан ишлайди. Ўртада бола бўлса¸ биринчи марта 6 ëки 3 ойлик муддат берилади¸ кейин вазиятга қараб иш тутилади. Умумий қоида йўқ¸ ҳар бир ариза алоҳида кўриб чиқилади ва сизга қарор қачон чиқишини ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Лекин бу анчага чўзилади”¸ деди Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди вакили.

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов¸ ажратишга оид суд ҳукми чиқаришга тақиқ борлигидан бехабарлиги¸ аммо судларнинг ажратиш тўғрисида қарор чиқаришни ҳатто ўта кулгили ҳолатларда ҳам пайсалга солинаëтганига гувоҳлигини айтади.

- Ҳозир жуда қийин қилиб қўйган. Оилани ажратишни тақозо қиладиган жиддий далил-исботни тақдим қилсангиз ҳам¸ муддат беради. Яқинда бир аëл икки эрим бор¸ биттаси билан расмий никоҳдаман¸ иккинчиси билан диний¸ расмийсидан ажратинг¸ деб борди. Судда иккала эр ҳам қатнашди¸ шунақа деб гувоҳлик беришди¸ шуниям ажратмади¸ олти ой муддат берди¸ дейди тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов.

“Ажрашишларни қисқартириш шахсан Мирзиëев назоратида”

Тошкент судларининг оилаларни ажратиш¸ хусусан¸ вояга етмаган болалари бор эр-хотинларни ажратиш ҳақида қарор беришни кескинлаштиргани Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов айни муаммога бағишлаб ўтган ойда уюштирган йиғинидан сўнг кузатилмоқда.

Мазкур мажлисда 2015 йил кўрсаткичлари бўйича Тошкент шаҳри ажрашиш бўйича Ўзбекистонда биринчи экани¸ пойтахтда қайддан ўтган оилаларнинг 32 фоизи қисқа вақт ичида ажраб кетаëтганини таъкидлаган Усмонов¸ бу вазият шахсан муваққат президент Шавкат Мирзиëев назорати остида экани¸ ажримлар сонини қисқартириш кун тартибидаги энг асосий вазифа эканини таъкидлаган эди.

Ички ишлар¸ суд-прокуратура¸ ФХД˸ хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳам иштирок этган ва Усмонов танқидига дучор бўлган бу мажлисда¸ ажралишларни камайтириш бўйича кескин чораларга қўл уришга қарор қабул қилинди.

“Ажрашаётган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини ҳозирча ҳар 15 кунда (“Тошкент” телеканалида) соат 23:00 да эфирга узатиладиган дастурда, ўзгариш бўлмаса, соат 21:00 да эълон қиламиз. Агар яққол натижа сезилмаса, ажрашаётган оила аъзоларининг суратини эфирга узатамиз. Бу билан биз ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаймиз, аксинча, очиқ маълумотларни оммага тақдим этамиз”, деди октябрь ойидаги йиғинда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов.

Айни шунингдек ҳоким¸ бундан буëн ажрашганлар исм-шарифининг шаҳар ҳокимлиги нашри “Тошкент оқшоми” газетасида мунтазам чоп этиш ҳақида ҳам буйруқ берди.

Усмоновнинг қарори шахсий ҳаëт дахлсизлигига зид¸ аммо¸ лекин....

Тошкент шаҳар ҳокими бу қарорининг ижроси борасида Озодликка гапирган шаҳар ҳокимлиги мутахассиси¸ ҳозирча бу жараëнга оид ахборот тўпланиб¸ таҳлил қилинаëтганини билдирди.

“Қарор чиқди¸ лекин унинг ижроси ҳали бошланмади. Ҳозир ҳоким ўринбосари¸ хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Юлдашевна бошлигидаги ишчи комиссия тузилган. Улар район хотин-қизлар бўлимлари билан бирга ишлашаяпти. Ажрашганларни телевизорда кўрсатиш¸ газетада исми-фамилиясини эълон қилиш ҳали бошланмади. Бир томондан¸ бу одамларнин шахсий ҳаëтига аралашув. Бошқа томондан¸ ажраши жудаям кўпайган¸ ўртада болалар увол бўлаяпти¸ қанчаси жиноят кўчасига кириб кетаяпти. Нимадир қилиш керак¸ лекин нималиги ҳозирча аниқмас. Телевизорда ҳамманиям кўрсатишмайди. Тўйдан бир йил ўтар-ўтмас¸сарпо-суруғ¸ қайнона-келин келишмагани каби арзимаган важ билан ажралганлар ҳақида кўрсатувлар қилишмоқчи. Жиддий сабаб билан ажраганларни тегишмаса керак¸ дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмийси.

“Ижро сайловдан кейин бошланади”

Ажрашган эр-хотинлар рўйхатини ҳар ойда икки марта тунги соат 11 да ўқиб-эшиттириш зиммасига юкланган “Тошкент” телеканали масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда Усмонов қарорининг ижроси ҳали бошланмаганини эътироф этди.

“Ҳозир ҳамма сайлов билан овора¸ бу масалага вақт йўқ. Сайловлар ўтсин¸ кейин бошламоқчимиз. Лекин бу қанақа қилинади¸ ажралганлар ҳақидаги маълумотни бизга ким беради¸ буни билмаймиз. Ажрашиш ҳақида қарор чиқарган фуқаролик судлари берса керак¸ деб ўйлайман. Балки¸ шаҳар ҳокимлигида ташкил қилинган махсус комиссия берар бу рўйхатни. Очиғи¸ ҳеч ким билмайди. Одамларнинг шахсий ҳаëтига аралашиш¸ деб танқид қилишингиз мумкин¸ лекин ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи борку¸ оилаларни яраштириш мумкин. Мақсад¸ кимнинг ажрашганини реклама қилиш эмас¸ бунинг қандай фожиа эканидан жамиятни огоҳлантиришдир”¸ дейди “Тошкент” телеканали масъули.

Тошкент шаҳридаги маҳалла қўмиталаридан айримлари билан суҳбатлардан¸ ҳозирда Раҳмонбек Усмонов қарори маҳаллақўм идораси деворига осиб қўйилгани ва бу борада маҳаллаларда турли тадбирлар ўтказилаëтгани аниқланди.

“Ажрашмоқчи бўлганлар¸ барибир¸ кўп. Улар билан хотин-қизлар қўмитаси¸ маҳалла фаоллари постоянно ишлаяпти. Лекин ҳозирча биздан ҳеч ким ҳеч қанақа рўйхат сўрамади¸ энди сўрамаса”¸ деди Олмазордаги маҳаллақўмлардан бири раиси.

XS
SM
MD
LG