Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:35

Кам таъминланганларга ажратилган арзон ун теримчиларга бериб юборилди


Бу суратнинг Ангордаги воқеага алоқаси йўқ. Яккабоғда арзон ун сотиляпти.
Бу суратнинг Ангордаги воқеага алоқаси йўқ. Яккабоғда арзон ун сотиляпти.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида кам таъминланган оилалар учун ажратилган арзон ун фақат теримда иштирок этган шахсларга берилмоқда.

Кам таъминланган оилалар вакилларидан баъзиларининг Озодликка шикоят қилишича, маҳалла оқсоқоллари "пахта термагансан" деб, камбағал ва касал оилаларни рўйхатдан ўчириб ташлаган.

Туман маҳалла жамғармаси раиси бундай иддаоларда асос йўқлигини айтди.

Ангор туманининг Охунбобоев маҳалласида яшайдиган пенсионер Бобомурод Ражабовнинг Озодликка айтишича, пахтага чиқмагани учун унинг оиласига ун берилмаган:

- Маҳаллага арзон ун келибди, деб эшитиб борсак, “сиз рўйхатда йўқсиз, сиз пахта термагансиз”, деб бермади. Ўзим ҳам, оилам ҳам нафақада бўлса, қандай пахта терайлик. Ун фақат пахтакорларга экан, бизларга йўқ экан, дейди Бобомурод Ражабов.

Охунбобоев маҳалласининг исми сир қолишини сўраган аёлларидан бирининг айтишича, ҳаттоки беморлар ҳам арзон ун олиши керак бўлган шахслар рўйхатига киритилмаган:

“Мен касалхонага кетган эдим. Ўғлим борса “маҳалла посбони сизларнинг оилангиздан ҳеч ким пахта теримига чиқмаган, биз ўз халқимизга берамиз” дебди. Ие, биз пахта термаганимиз учун бегона бўлиб қолдикми? Ахир, мени пахта теришга ҳолим бўлмаса, ярим умрим касалхонада ўтса, бизнинг айбимиз нима?”, дейди маҳалла аёлларидан бири.

Исми сир қолишини сўраган учинчи суҳбатдошнинг арз қилишича, гарчи унинг хотини қўшни маҳаллада пахта терган бўлса ҳам, ун берилмаган:

“Хотиним қўшни маҳалладан ижарага бир гектар пахта ери олиб, ўша ерда ишлайди. Шартномага кўра, хотиним ишлагани учун ўша пахтазорнинг ғўзапоясини олади. Лекин, маҳалла оқсоқоли хотининг бошқа маҳллада пахта терган деб, ун бермади. Ахир, пахтани бир ватан учун теряпмизку. Бунинг устига иккимиз ҳам касаллик бўйича дўхтирнинг рўйхатида турамиз. Адолатсизлик бўляпти”, дейди суҳбатдош.

Охунбобоев маҳалласи котиби Эркин Гаппаров ун ҳаммага тенг тарқатилиши кераклиги борасида маҳалла раиси Қурбон Жуманазаров билан тортишгани ва бунинг ортидан унга таҳдид бўлаётганини Озодликка айтди:

“Мен маҳалла котибиман. Ун ҳаммага тенг тарқатилиши керак, пахта терганга ҳам, термаганга ҳам деб раси билан тортишдим. Раис йўқ. Фақат пахта терганлар учун юборилган бу ун деб туриб олди. Баъзиларга икки-уч қопдан ҳам бериб юборди. Бугун эса, тушдан кейин маҳалла раисининг ўғли келиб, “отамни ишлашга қўясизми” деб уришиб кетди. Мен, отанг адолат қилсин, дедим. Бунинг ортидан менга нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар уюштирилиши мумкинлигидан ҳам хавотирдаман”, деди Эркин Гаппаров.

Озодликнинг Охунбобоев маҳалласи котиби Қурбон Жуманазаров билан боғланишга қилган ҳаракатлари натижа бермади: оқсоқол қўнғироқларга жавоб бермади.

Ангор тумани маҳалла жамғармаси раиси Обид Жўраев Озодлик билан суҳбатда арзон ун фақат теримчиларга берилаётганини инкор қилди:

- Ҳеч қанақа ундай гап йўқ. Ҳозир мана Марказ маҳалласининг ёнида турибман, унақа гап йўқ. Кам таъминланганларнинг уйига унни ўзимиз ҳам олиб бориб бердик. Охунбобоев маҳалласида ҳам ҳаммага тенг тарқатилган, куни-кеч ўзим бориб кўрганман. Пахта мажбурий эмас, ким терса пулини оляпти. Ун билан пахтанинг ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ, деди Обид Жўраев.

Озодлик олган маълумотга кўра, Ангор туманининг Охунбобев маҳалласига олиб келинган 110 қоп ун аҳолига 87минг 500 сўмдан сотилган. Яна 500 сўмдан йўлкира ҳақи олинган.

Ўзбекистонда маҳаллаларга бозор нархидан арзон бўлган ун тарқатиб келинади.

Асосан кам таъминланган, боқувчиси йўқ оилаларга ва ногиронларга бериладиган ун, пахта терими пайтида маҳаллий оқсоқолларнинг аҳолини пахта теримига жалб қилиш воситаси сифатида кўрилади.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидан қўнғироқ қилган Ҳусниддин Қаршиев, пахта мавсуми давомида кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган арзон нархдаги ун ва ёғ маҳаллаларга берилмай қўйилгани ҳақида Озодликка гапирган эди.

25 октябрь куни Озодлик Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғига давлат томонидан ажратилган уннинг уруш-жанжал қилиб олаётгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG