АҚШ Конгрессининг Демократик партияга мансуб аъзолари президент Доналд Трампнинг АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)ни Давлат департаментига қўшиб юборишига қарши чиқишди. Маъмурият қарори бутун дунё бўйлаб ёрдам дастурларини молиялаш, жумладан Украина ривожланишига ажратилган миллиардлаб долларни сўроқ остига қўяди.
3 февраль куни конгрессменлар Илон Маскнинг “ноқонуний ўйинлари”ни танқид қилиш учун USAID’нинг Вашингтондаги бош офиси ёнида тўпланишди. Tesla ва SpaceX бош директори ҳозирда президент Трамп топшириғига биноан федерал давлат идоралари штатларини қисқартириш билан шуғулланмоқда.
Демократ конгрессменлар USAID ходимларига учинчи февралдан ишга чиқмаслик ҳақида буйруқ берилиб, уларнинг давлат электрон почтасига кириши тақиқлаб қўйилганидан сўнг ушбу акцияни уюштиришди. “Биз дам олиш кунларини USAID’ни парчалаш билан ўтказдик”, деб ёзди Илон Маск учинчи феврал куни Х ижтимоий тармоғида.
Агентликнинг Вашингтондаги бош офиси олдида чиқиш қилган қонун чиқарувчилар USAID фаолиятини ҳимоя қилиб, маъмуриятнинг хатти-ҳаракатларини Конгресс ваколатларига аралашиш дея баҳоладилар. “Бизда Илон Маск деган алоҳида ҳокимият бутоғи йўқ. Бу тезда маълум бўлади”, деди Мэриленд штатидан сайланган конгрессмен Жейми Раскин. “Маскнинг мақсади нималигини билмадим-у, лекин Қўшма Штатлар халқи томонидан АҚШ Конгресси орқали қонуний қабул қилинган нарсага унинг ҳеч бир дахли йўқ. Биз USAID’ни охиригача ҳимоя қиламиз”, қўшимча қилди Раскин.
Сенатор Крис Мёрфи (демократ, Конннектикут штати) маъмуриятнинг қадамлари конституциявий инқироз яратаётганини айтди ва бу билан курашишга ваъда берди. “Солиқ тўловчиларнинг пуллари қандай сарфланишига халқ қарор беради. Илон Маскда қарор чиқариш ваколати йўқ”, деди Мёрфи USAID биноси олдида нутқ сўзларкан. Шунингдек, у “ҳукуматни ҳеч ким сайламаган бир тўда миллиардерлар ва корпоратив манфаатлар қўлига топширишга уриниш” бўлаётгани ҳақида гапирди.
USAID – АҚШнинг мустақил ҳукумат агентлиги бўлиб, 1961 йилда Конгресс томонидан ташкил қилинган, бутун дунё бўйича 10 минг нафарга яқин ходимлари бор. Ташкилот АҚШ ҳукуматининг халқаро ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи асосий тузилмаси ҳисобланади ва камбағал мамлакатларда турли дастурларни молиялаш учун Конгрессдан ҳар йили ўн миллиард долларлаб пул олади. Агентлик асосан камбағалликка қарши кураш, соғлиқни сақлаш тизимига кўмаклашиш, табиий офатлар чоғида ёрдам кўрсатиш, демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лойиҳалари билан шуғулланади.
АҚШ Конгресси Тадқиқот хизмати (CRS)нинг яқинда эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2023 молия йилида USAID 130 мамлакатдаги лойиҳаларни дастаклаш учун 40 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. USAID орқали АҚШдан энг кўп ёрдам олувчи уч мамлакат Украина, Эфиопия ва Иордания ҳисобланади, энг кўп ёрдам олувчи ўн мамлакат орасида Афғонистон ҳам бор.
Давлат котиби Марко Рубио эндиликда у USAID директори вазифасини бажаришини тасдиқлади, бироқ ваколатларни тақсимлаганини ва агентликнинг кундалик фаолиятини бошқариши шарт эмаслигини маълум қилди. Айтишича, агентлик қайта ташкил этилаётгани, айрим шуъбалар Давлат департаментига ўтказилиб, қолганлари тугатилиши ҳақида Конгрессни хабардор қилган. Рубиога кўра, гап “USAID амалга ошираётган дастурларни тўхтатиш ҳақида эмас, балки агентлик сиёсатига раҳбарликни Давлат департаментига топшириш ҳақида бормоқда”.
Рубио Марказий Америкага ташрифи чоғида Сальвадорда нутқ сўзлар экан, USAID “Давлат департаменти кўрсатмаларига қулоқ солмаслиги туфайли” кўп йиллардан бери ундан ҳафсаласи пирлигини айтди. Давлат котиби фикрича, агентлик фаолияти “АҚШ ташқи сиёсати билан уйғун бўлиши лозим”. Марко Рубио USAID сарфлайдиган пуллар солиқ тўловчиларнинг пуллари эканини, аммо агентлик “миллий манфаатлардан айро глобал хайрия ташкилоти”га айланиб қолганини таъкидлади.
3 февраль куни у Fox News билан интервьюда ҳам USAID фаолиятига тўхталди. “Ўйлайманки, биз рўйи заминдаги энг саховатпеша миллат бўламиз, аммо миллий манфаатларимизга уйғун маънодаги саховатликни назарда тутяпман”, деди Рубио.
USAID ходимларига ишга чиқмаслик ҳақида электрон хатлар йўллагани маълум бўлганидан бери Конгресс аъзолари Илон Маскка қарши чиқишлар қилишмоқда. Сенатор Пэтти Мюррей (демократ, Вашингтон штатидан) Маскни ўзининг SpaceX ширкати Пентагон билан тузилган шартномалар орқали миллионлаб фойда кўраётгани ҳолда USAID’га қарши ишлар қилишда айблади. Сенатор Капитолийда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “USAID учун тасдиқлаб бўлинган маблағларнинг музлатилиши “АҚШ ҳукуматига ишончни энг қуйи нуқтага туширади” деб айтди.
Бироқ Оқ уй агентликни қайта ташкил қилиш фикрида қатъий турибди: маъмуриятнинг сўнгги баёнотларидан бирида гўё USAID’да “талон-торож ва суиистеъмолчиликлар” бўлгани ҳақида сўз боради. Бунга мисол қилиб “Сербияда иш жойлари ва бизнес доираларида хилма-хиллик ҳамда интеграцияни қўллаб-қувватлаш учун” 1,5 миллион доллар ажратилгани, шунингдек Колумбияда “трансгендерлар опера театри”ни қуриш, Перуда “трансгендерлар комикси”ни яратиш ва Гватемалада “жинсни ўзгартириш ва ЛГБТ фаоллар” учун маблағлар сарфлангани қайд этилган. “Рўйхат жуда узун – бунақа ишлар ўнлаб йиллар давом этган. Президент Трамп даврида талон-торож, қаллобликлар ва мансабни суиистеъмол қилиш ДАРҲОЛ тўхтатилади”, дейилади баёнотда.
Охирги ҳафтада USAID’нинг бир қанча ходимлари меҳнат таътилига чиқарилди. Ўтган дам олиш кунлари агентлик хавфсизлик хизматининг икки юқори мартабали ходими махфийлаштирилган ҳужжатларни Ҳукумат самарадорлиги департаменти вакилларига беришмагани учун ишдан бўшатилди.
АҚШ маъмурияти таркибида Ҳукумат самарадорлиги департаменти тузилишини Трамп 2024 йилнинг ноябрида, сайловда ғолиб чиққанидан сўнг кўп ўтмай эълон қилган эди. Янги президент лавозимга ўтириши билан ўз фаолиятини бошлаган ушбу тузилмага дунённг энг бой одами, тадбиркор Илон Маск раҳбарлик қилмоқда.
Форум