Ўзбекистон хабарлари
АҚШда 65 ёшли ўзбекистонлик эркак жинсий жиноятда айбланмоқда

АҚШнинг Мэриленд штатида 4 февраль куни муқаддам жинсий жиноят учун судланган ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинган. Бу ҳақда АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) маълумот тарқатди.
Айни пайтда 65 ёшли Ислом Ғозиев иши ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик И. Ғозиев 2015 йил октябрида АҚШга қонуний йўллар билан кириб борган. Кейинроқ у мамлакат миграция тартибини бузган.
Бу Ғозиев томонидан АҚШ ҳудудида содир этилган илк жиноят эмас. 2024 йил августида у тўртинчи даражали жиноятда (жинсий жиноят) гумонланиб қўлга олинган эди. Ўша йил декабрида у айбдор деб топилиб, шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Февраль ойи бошида у яна шу каби жиноятда айбланиб, қўлга олинган.
ICEнинг Балтимордаги дала офиси директори в.б. Мэтью Эллистон “бу каби ҳибсга олишларнинг ҳар бири кўчаларимизда битта йиртқич ва бир муҳтамал қурбон камайганини англатади”, деб айтган.
Кун янгиликлари
Ўзбекистондаги корхоналар сони бўйича Хитой Россияни ортда қолдирди

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий давлатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони бўйича Хитой 2024 йилда Россиядан ўзиб кетган.
Статистика агентлиги маълумотига мувофиқ, 1 февраль ҳолатига мамлакатда фаолият юритаётган чет эл инвестицияси иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 15 минг 163 тани ташкил этган.
Улар орасида Хитой ширкатлари сони 3 минг 467 тани ташкил этган. Бу эса бир олдинги кўрсаткичдан 42 фоизга (2023 йилда 2 минг 432 та эди) кўпдир.
Хитойдан кейинги ўринда Россия капитали иштирокидаги корхоналар келиб, улар сони 2 минг 973 ташкил этган. Бу кўрсаткич бир йил аввалги кўрсаткичдан 2,5 фоизга (2023 йилда 3 минг 49 та бўлган) кам.
Ўтган бир йил ичида Туркия (1 минг 826 та ширкат ёки -3 фоиз), Қозоғистон (1 минг 41 та ширкат ёки -2,2 фоиз), Жанубий Корея (644 та ширкат ёки -12,5 фоиз), АҚШ (304 та ширкат ёки -2,9 фоиз) капитали иштирокидаги корхоналар сонида ҳам камайиш кузатилган. Тожикистон (+12,9 фоиз), Озарбайжон (+11 фоиз) ва Қирғизистон (+2,9 фоиз) капитали иштирокидаги корхоналар сони эса ортган.
АҚШда ушланган ўзбеклар Коста Рикага юборилади

АҚШдаги икки юздан зиёд ҳиндистонлик ва марказий осиёлик ноқонуний мигрант Коста Рика Республикасига йўлланади.
The New York Times газетасининг хабар қилишича, муҳожирларнинг биринчи гуруҳи 19 февраль куни мамлакатга етиб келади.
Коста Рика ҳукумати 200 нафар ноқонуний муҳожирни ўз мамлакатига қайтаришда Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган. Шу тариқа Марказий Америка давлати ноқонуний муҳожирлар ўз мамлакатларига етиб боришида кўприк вазифасини ўтайди.
Аниқлик киритилишича, Марказий Осиё ва Ҳиндистондан борган ноқонуний шахслар тижорат рейслари орқали олиб келиниб, мигрантларга хизмат кўрсатиш марказига жойлаштирилади. Жараён АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилади.
Жорий йил 20 январидан президентлик лавозимига киришган Дональд Трамп ноқонуний миграцияга қарши беаёв кураш эълон қилган.
Озодлик аввалроқ АҚШда яшаб келаётган 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида бадарға қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.
АҚШ Иммиграция ва божхона назорати идораси жами 1 миллион 445 минг кишини депортация ҳақида огоҳлантирган. “Қора рўйхат”да Гондурас (261651 киши), Гватемала (253 минг 413 киши), Мексика (252 минг 44 киши), Сальвадор (203 минг 822 киши), Никарагуа (45 минг 995) каби давлатлар фуқаролари кўп эканини кўриш мумкин.
2023 йил сентябридан 2024 йил сентябригача Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга 572 киши депортация қилинган.
Жиззахда қалбаки долларни ўтказмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Жиззах вилоятида қалбаки 51 минг АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган шахслар ушланди, дея маълум қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Ҳолат департаментнинг Жиззах шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Икки фуқаро С.Г.га 100 долларлик купюрадаги жами 51 минг қалбаки АҚШ долларини ҳамда 200 минг сўмлик купюрали қалбаки 100 миллион сўмни жами 93 миллион сўмга сотишга келишишган. Улар келишилган суммадан 39,2 миллион сўмни пластик картага ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25, 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилингани ҳолда, ишга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қалбаки доллар ва еврони муомалага киритишга доир бир қатор ҳолатлар аниқланган.
Ўтган йил декабрда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир миллиард сўм қалбаки пулни сотмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақида маълум қилишган эди.
Фаоллар “Анҳор Локомотив” боғига дахл қилмасликни сўрамоқда

Тошкент шаҳридаги фаоллар ҳудудида тураржой мажмуаси, меҳмонхона ва спорт маркази қурилиши режалаштирилган “Анҳор Локомотив” боғини сақлаб қолиш учун имзо йиғишга киришишган. Бу ҳақда Gazeta.uz нашри хабар қилди.
Бир ҳафта аввал ижтимоий тармоқларда боғ ҳудудида Golden House ширкати томонидан бизнес ва премиум тоифадаги кўп қаватли тураржой бинолари, бизнес ва савдо маркази, бассейнли спорт мажмуаси ва бошқа объектлар қурилиши ҳақида маълумот тарқалганди.
15 февраль куни “Анҳор Локомотив” боғида қайта қуриш режасига қарши онлайн петиция эълон қилинган.
“Боғ ўрнига янги мажмуа қуриш ва кейинчалик 10 мингдан ортиқ дарахт ҳамда яшил майдонларни аёвсиз кесиб ташлаш ўтмишда энг кўкаламзор бўлган шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, бу боғда ишлайдиган юзлаб ходимларнинг иш ўринларини йўқотишига ҳам олиб келади”, дейилган петицияда.
Боғ ҳудудида қурилиш амалга оширилишига қарши яна бир имзо йиғиш кампанияси ўтказилмоқда.
Тошкент сўнгги вақтларда бир неча бор ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича дунёдаги йирик шаҳарлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.
Пойтахт ҳавоси тобора ифлосланиб бораётган бир пайтда шаҳардаги яшил ҳудудларни сақлаб қолиш ўта ҳассос масалага айланган.
Камбағал оилаларга тадбиркорлик учун қарз берилади

Ўзбекистонда камбағал оилалар тадбиркорлик билан шуғулланиши учун фоизсиз ссуда ажратилади. Мамлакат президенти жорий йил 14 февраль куни имзолаган “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда шу каби имкониятлар кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжатга биноан, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, айланма маблағлари билан таъминлаш ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга ажратиладиган субсидиялар ўрнига фоизсиз ссуда ажратиш тизими жорий этилади.
Камбағал оила аъзоларига ўз фаолиятини бошлаши учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни харид қилишга БҲМнинг 50 бараваригача миқдордаги 6 ойдан 3 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилиши белгиланган.
Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, камбағал оилаларга тадбиркорлик ҳамда деҳқончилик билан шуғулланиши учун грант маблағлари ҳам берилади.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2025 йил учун минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўм этиб белгиланган. Минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи камбағаллик чегарасини аниқловчи мезон саналади.
Товоқсой қамоқхонасида маҳкум девор тагида қолиб вафот этди

Халқ орасида “Товоқсой қамоқхонаси” деб аталадиган 7-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этди.
Бош прокуратура матбуот хизмати қайдича, жорий йил 11 февраль куни Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев бир қаватли бино деворларини бузаётган вақтда девор қисми қулаган. Оқибатда маҳкум девор остида қолган.
БПга кўра, 1983 йилда туғилган маҳкум дарҳол шифохонага етказилган, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 16 февраль куни шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент махсус прокуратураси тергов олиб бораётгани билдирилган.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) маҳкумнинг вафот этгани ҳолатини назоратга олган.
Бу сўнгги кунларда жазо муассасаларида маҳкумларнинг вафот этиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.
Озодлик аввал хабар қилганидек, куни кеча Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққан.
Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.
Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.
Бир неча йил муқаддам Товоқсойдаги 7-сонли колонияда маҳкум Алишер Якубов эҳтимолий қийноқлар сабаб ўз жонига қасд қилишга урингани маълум.
Уй-жойдан даромад кўрсаткичи янада пасайди

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга киритилган инвестицияларнинг рентабеллиги сезиларли даражада пасайди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти таҳлиллари ана шундан далолат беради.
2024 йил февраль ойида уй-жойларни ижарага бериш ва уларнинг қиймати ўзгаришидан олинган даромад ўртача 32,4 фоизни, октябрь ойида эса 12,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг январь ойида 7,6 фоизгача пасайган.
Масалан, Яккасарой, Бектемир ва Чилонзор туманларида 2024 йил февраль ойида уй-жой нархининг ошишидан олиниши мумкин бўлган фойда 16,1 фоиз, 26,9 фоиз ва 15,4 фоизни ташкил этган. 2025 йил январь ойига келиб бу кўрсаткич кескин пасайиб, 3 фоиз, 2,8 фоиз ва 0,3 фоизга тушган.
Айрим туманларда ҳатто манфий кўрсаткич кузатилмоқда. Бу эса инвесторлар учун эҳтимолий зарар деб баҳоланмоқда.
МҲТИ ўрганишларига қараганда, ижара бозоридаги вазият ҳам мулкдорлар учун у қадар мақбул эмас. 2025 йил январь ойида Миробод туманида ижара бўйича ўртача йиллик даромад 10 фоиз (ўтган йилнинг февраль ойида 10,4 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида эса 9,9 фоизга (ўтган йили 10,6 фоиз) тўғри келган.
Кўчмас мулкка сармоя киритиш банк омонатларига қараганда камроқ фойда келтирмоқда, деб хулоса қилишган экспертлар.
Озодлик 2024 йилнинг учинчи чораги якунида ҳам пойтахт уй бозори сармоявий жозибасини йўқотаётгани, кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бораётгани ҳақида хабар қилган эди.
Пиёдалар ўлими юзасидан сиёсий жавобгарлик талаб қилинди

Тошкент шаҳрида пиёдалар ўлимига олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бораётган бир вақтда пойтахт ҳокимлиги ва ЙҲХБ сиёсий масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаяпти, деб ёзди Gazeta.uz.
Тошкент марказида, Амир Темур кўчасида 15 февраль куни тахминан соат 20:15 да тезликни оширган 19 ёшли ҳайдовчи бошқараётган Spark аёл кишини уриб юборганини қайд этган нашр ушбу ҳодисага ЙҲХБнинг реакциясини таҳлил қилган.
Пойтахт ЙҲХБ эълон қилган видеолавҳада нозирлар ЙТҲга “ҳайдовчининг эътиборсизлиги”, “пиёдани ўтказиб юбормагани” сабаб бўлганини айтган, яъни одатдагидек инфратузилмадаги камчиликлар кўрсатилмай, жавобгарлик ҳайдовчига юкланган. Бу вақтда ЙҲХБ ходимларининг орқасида кўчанинг ўртасига етиб келган пиёдани машиналар ўтказмаётганини кўриш мумкин.
“Нима учун ЙҲХБ ва ҳокимият чорраҳалар ва ўтиш жойларида оғир ЙТҲлар содир бўлганидан кейин ҳам уларни қайта ташкил этиш учун ҳеч нарса қилмаяпти?.. Ўзбекистон ЙҲХХ ва унинг бўлинмалари узоқ йиллар давомида “ҳурматли, азиз ҳайдовчилар”га эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш ҳақидаги чақириқлар, варақалар тарқатиш ва шаҳарлар бўйлаб пачоқланган машиналар ортилган “автокарвонлар”ни олиб юриш натижа бермаслигини тушуниб етиши керак эди”, деб ёзган Gazeta.uz.
Нашрга кўра, ЙТҲларни камайтириш учун кўчаларни тўғри лойиҳалаштириш ва жазонинг муқаррарлиги, қатъийлигини таъминлаш керак.
Таъкидланишича, оғир оқибатли ЙТҲлар учун масъул шахслар жавобгарликни ўз зиммасига олиши лозим.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2024 йил мобайнида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши ортидан 26 минг 63 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланган.
Жамоат фаоллари кўпдан буён мамлакатда ЙТҲлар ва улар оқибатида ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда. Жумладан, 2024 йилда рўй берган 9364 та ЙТҲ оқибатида 2203 киши ҳалок бўлган, 8901 киши жароҳатланган.
Таҳлиллар пиёдаларни уриб кетиш ҳолатлари кўпайганини кўрсатмоқда.
Тошкент вилоятидаги колониядан маҳкумнинг ўлиги чиқди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колониядан 21 яшар маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиқди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Фарғона шаҳрида яшовчи Нигора Қамбарованинг айтишича, у ўғли Муҳаммадқодир билан жорий йил 26-28 январь кунлари узоқ муддатли учрашувда бўлган.
Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатов 14 февраль куни миокрад инфарки ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган.
Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ излари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қилган.
Маълум бўлишича, колония маъмурияти маҳкумнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида унинг яқинларига хабар бермаган.
“Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!” деб ёзди ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов.
Марҳумнинг онаси Нигора Қамбаровага кўра, Муҳаммадқодир спортнинг ушу йўналишида халқаро турнирлар ғолиби бўлган, бирор марта соғлиғидан шикоят қилмаган ва унда бирор ёндош касалликлар кузатилмаган.
Аёл безориликда айбланиб, 3 йилга қамалган ёлғиз ўғли шу йил августда манзил колонияга чиқишини ўйлаб, унга келин қидирганини ҳам айтган.
ИИВ ёки Бош прокуратура ҳозирча маҳкумнинг ўлими юзасидан муносабат билдирмаган.
2024 йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида ўнга яқин ҳужжат имзоланди

Ал-Кувайт шаҳрида 17 февраль куни бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Кувайт амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ икки давлатнинг кенг қамровли шериклик муносабатларини ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилишди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати қайдича, икки давлат раҳбари музокаралар якунида қуйидаги ҳужжатлар имзоланган:
• Саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Ҳаво қатнови тўғрисидаги битимга баённома;
• Меҳнат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
• “Ақлли” шаҳарларни барпо этиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Санъат ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
• Туризм соҳасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури;
• Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик тўғрисида битим.
Кувайт амири таклифига кўра мазкур кўрфаз давлатига расмий ташриф билан борган президент Мирзиёев Ал-Кувайт шаҳридаги “Ал-Баян” саройида тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокаралар ўтказган.
Томонлар “яшил” энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларини амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаганлар.
Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ал-Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилган.
Ўзбекистон президенти Кувайт амирига жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишни таклиф қилган.
Энергетика корхоналари ходимлари намойишкорона қамоққа олинди

Самарқанд вилоятида коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланиб электр ва газ корхоналарининг етти нафар ходими қамоққа олинди. Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов раҳбарлигида вилоятда энергетика соҳасида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар ҳамда тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.
Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖлар ходимлари ва бошқа масъуллар қатнашган.
Таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда гумонланган етти ходими айнан ушбу йиғилиш пайти намойишкорона қамоққа олинган.
Мамлакатда энергетик тақчиллик кузатилаётган вақтда, афтидан, “пиар юриш” ўлароқ амалга оширилган ҳибслар ижтимоий тармоқларда танқидга учради.
Иқтисодчи Отабек Бакиров буни “катта ўғриларни паналаш учун нафратни майда ўғриларга қаратиш” деб атади.
“Бу пайтда бир тўп олигархлар субсидияланаётган миллиардлаб куб газ экспортини тўхтатмайди. Ўзи йўқ ва камайиб бораётган газга миллиард ва миллиард долларлик шиширилган лойиҳалар ясалаверади, орада бизнес ва аҳолини газдан узишни оқлаб чиқувчи карнайлар ишга туширилади”, деб ёзди О.Бакиров.
Davletov.uz канали ҳам “тарифлар муттасил ошиб турган пайтда газ ўғриларига нисбатан нафрат, қоралаш эмас, балки уларнинг хатти-ҳаракатини оқлаш” кучайишига эътибор қаратди.
“Энергетика тизимининг репутацияси шу даражадаки, одамлар бу рақамларни шубҳа остига олади, ўмаришларга қарши оммавий курашларга ишонмайди. Заифга қонунни ишлатиб, ўзиникиларга кўз юмиляпти, деб ўйлашади. Бундай фикрлар осмондан тушгани йўқ”, деб ёзди Davletov.uz.
Президент Шавкат Мирзиёев Кувайтга йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни расмий ташриф билан Кувайтга жўнаб кетган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф Кувайт давлати амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.
“Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Кувайт шаҳрида олий даражадаги музокаралар, бир қатор ишбилармонлик ва маданият тадбирлари бўлиб ўтади”, дейилган хабарномада.
Ўзбекистон президенти 17-18 февраль кунлари Кувайтга сафар қилиши ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди.
Президент матбуот хизмати қайдича, Мирзиёевнинг Кувайт давлати амири билан бўлажак саммити кун тартибидан Ўзбекистон-Кувайт дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо, инновациялар, инвестиция ва молия, "яшил" энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Олий даражада икки томонлама музокаралар якунида қатор қўшма ҳужжатлар ва битимлар қабул қилиниши кутиляпти.
Ойлик маошлар ошишига оид маълумот рад этилди

Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ошиши ҳақида тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирлик жорий йил 1 мартидан ва 1 августидан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 10 фоизга оширилиши тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ёлғонлигини урғулаган.
“Иш ҳақи ва пенсиялар бўйича ҳар қандай расмий маълумотлар тегишли давлат органларининг расмий манбалари орқали эълон қилинади”, дейилган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раддияномасида.
Ўқитувчини урган аёл руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди

Сирдарё туманидаги 1-мактабда ўтган ҳафтада дарс вақтида синфхонага бостириб кириб, ўқитувчини ҳақорат қилиб, унга қўл кўтарган Г. Х. исмли аёл руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мактаб синфхоналаридан бирига бостириб кирган аёл (ўқувчилардан бирининг онаси) ўқувчилар кўз ўнгида ўқитувчига қўл кўтараётгани акс этган видео тарқалган эди.
Вазирлик қайдича, ўқитувчига қўл кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига кўра маъмурий иш қўзғатилиб, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судида кўриб чиқилган.
“Судга вилоят руҳий касалликлар шифохонаси томонидан берилган психиатрик экспертиза хулосаси тақдим этилган. Ушбу экспертиза хулосасида қайд этилишича, фуқаро Г. Х. ақлий заифлик енгил даражаси билан хасталанган ҳамда ҳуқуқбузарликни содир этган вақтда ўз ҳаракатларига жавоб бера олмаган”, дейилган хабарномада.
Вазирлик Сирдарё туман суди фуқаро Г. Х. нинг умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниши юзасидан ҳукм чиқаргани ва айни пайтда у руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилганини қўшимча қилган.
Фарғонада уч болали онани ўлдирган шахс 17 йилга қамалди

Фарғонада уч фарзанднинг онаси бўлган аёлни ўлдирган 25 ёшли йигит суд ҳукми билан 17 йилга қамалди. Бу ҳақда Миллий ТВнинг “Миллар” дастурида берилган лавҳада сўз боради.
Жиноят ишлари материалларида айтилишича, судланувчи онлайн ўйинлар туфайли қарзга ботган ва яқинларидан олган пулларни вақтида қайтара олмаган. Шундан сўнг у ўзига яқин бўлган ҳудуддаги хонадонга ўғриликка тушган.
Хонадон бекаси бўлган аёл уйғониб кетиб, ўғрига қаршилик қилмоқчи бўлган, у эса аёлни “ўткир тиғли жисм билан” вояга етмаган фарзандлари кўз ўнгида ўлдирган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдириш) ва 164-моддаси 3-қисми “в” банди (Босқинчилик) бўйича айбдор деб топиб, уни 17 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.