Онанинг кўнглидаги улкан гумон
Фарғоналик Нигора Қамбарова ярим йил олдин қамалган 21 яшар ўғли Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасадини қабул қилиб олганидан бери ўзига келолмаяпти. Охирги марта уни соғлом ҳолда кўрганига бор-йўғи 20 кун бўлганди:
"24 январда узоқ муддатли учрашувга боргандим. Уч кеча, тўрт кундуз, яъни 27 январгача бирга бўлдик. Соғлигидан шикоят қилмаганди. Битта хонада бўлганмиз. Ётоқхонага ўхшаш жой, ташқарига чиқишга рухсат берилмайди. Болам боши оғриса ҳам, тиши оғриса ҳам менга айтарди. Ҳеч кимга айтмаса ҳам, менга айтарди. Ҳайрлашаётганимизда ҳам соғлом эди", - деди Қамбарова Озодлик билан суҳбатда.
ММА жангчиси сифатида танилган Муҳаммадқодир ўтган йили ёзда қамалиб, безорилик учун 3 йилга судланган. Жазо муддатини декабрдан бери Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли колонияда ўтаётганди.
Муҳаммадқодирнинг оила аъзолари билан кейинги қисқа муддатли учрашуви 24 мартга белгиланган эди. Лекин 15 февраль куни колонияда у вафот этгани ҳақида “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Фейсбукда маълум қилди.
Марҳумнинг онаси айтишича, қамоқхона маъмурияти ўғлининг ўлими ҳақида вақтида хабар берган эмас.
“Жума куни, 14 февралда эрталаб уйғонганда қусиб юборибди. Шифокор чақиришганми, нима қилишган, менга қоронғи. Олмалиқнинг қайси бир шифохонасига олиб боришибди. Менга "кечаси соат 2 да ўтиб қолди" дейишди. Қоғозга эса соат 12 да ўтган деб ёзишибди. Лекин бизга вақтида хабар беришмаган. 15 февралда эрталабки намозни ўқиётганимда телефон бўлди. Катта қизим қўнғироққа жавоб берди. Қўнғироқ қилганлар қизимдан кимлигини, турмушга чиққан-чиқмаганини сўраб, кейин "укангиз Пўлатов Муҳаммадқодир оламдан ўтди" дейишибди. Айтишларича, ўғлим ўлими олдидан уларга "ота-онамга эмас, опамга хабар қилинглар, ота-онамнинг қон босими бор" деган экан. Бу гапни уларга касалхонада айтганми, қамоқхонада айтганми, бир худога аён”, - деди она.
Колония маъмурияти таъкидича, маҳкум Муҳаммадқодир Пўлатов 14 февраль куни миокард инфаркти ва панкреатитнинг оғир формаси кузатилиши оқибатида вафот этган. Маҳкумнинг онаси эса фарзандининг баданида қийноқ аломатлари мавжудлиги, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар борлигини иддао қиляпти:
"Ҳамма жойини тикиб ташлашибди. Қайси органларига тегишди, нималар қилишди, билмайман. Бошини тикишибди, қорнини очиб, яна тикишибди. Ўғлимнинг юрагининг пастида чап томонида электрошокер изига ўхшаш чизиқлар турибди. Сабаби, мен ҳам 26 йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлайман. Қулоғининг остида эса панжанинг изи турибди. Чокланиб, тикилибди у ери ҳам".
Олмалиқдаги 14-сонли колония Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш департаментига қарашли. Ҳозирча вазирлик ҳолат юзасидан муносабат билдирмади.
Бош прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатлари Тошкент махсус прокуратураси томонидан олиб борилаётганини 18 февралда маълум қилди. Расмий баёнотда Мухаммадқодир Пўлатов Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимида вафот этанлиги ёзилган.
"Мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан воқеа жойи ва мурда кўздан кечирилиб, мутасадди ходимлар ва шифокорлардан ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган ва ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, юрак ишемик касаллигини ўткир шакли, юрак мушакларида қон кетиши “миокард инфаркти”дан вафот этганлиги кўрсатилган", - деб ёзилган Бош прокуратуранинг баёнотида.
Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов марҳумнинг яқинларининг кўнглида улкан гумон қолганини Фейсбукка ёзди:
“Қўлимизда экспертиза ҳужжатлари бўлмагани боис маҳкумнинг қийноқдан ўлим топганига далолат қила олмаймиз. Аммо колония маъмуриятининг жасадни ёриб, сўнг яқинларига топширгунича бўлган жараёнда уларга хабар бермаганлиги мудҳиш хатодир. Чунки онанинг кўнглида улкан гумон қолди, 20 кун аввал соппа-соғ кўрган норғул боласининг ўлигини дабдурустдан қўлига тутқазишса, онанинг аҳволини тасаввур қилаверинг!” .
Муҳаммадқодир Пўлатов ўтган йили августда Фарғонадаги дўконлардан бирининг эгаси билан бўлган жанжалдан кейин қамалган.
Унинг ўлими билан боғлиқ вазият Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - омбудсман назоратига олиниб, ҳолатга доир маълумотлар ўрганилмоқда. Марҳумнинг яқинлари ишни адолатли суриштиришни талаб қиляпти.
"Ўғлим қандай вазиятда ўлганини аниқлаб беришсин. Адолат юзага чиқсин. У менинг ёлғиз ўғлим эди. Келин олиш ҳаракатида эдик. Менинг ўғлимни энди ҳеч ким тирилтириб, бағримга олиб келиб бермайди. Лекин бошқа оналар мен тортган дардни тортмасин, мен кўрган жабрни кўрмасин. Ҳибсхонадаги одамлар бундай қийноқларни кўрмасинлар!" - дея сўзини якунлади Нигора Қамбарова.
Қамоқдаги яна бир ўлим
Бу мудҳиш воқеа ортидан яна бир маҳкумнинг вафоти ҳақида маълум қилинди. Бош прокуратура 18 февралда тарқатган маълумотга кўра, халқ орасида “Товоқсой қамоқхонаси” деб аталадиган 7-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкум девор босиб қолиши оқибатида вафот этган.
Бош прокуратура матбуот хизмати қайдича, 11 февраль куни Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган 7-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум Мустафа Турсинбаев бир қаватли бино деворларини бузаётган вақтда девор қисми қулаган. Оқибатда маҳкум девор остида қолган.
1983 йилда туғилган маҳкум дарҳол шифохонага етказилган, аммо кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 16 февраль куни шифохонада оламдан ўтган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент махсус прокуратураси тергов олиб бораётгани билдирилган. Омбудсман бу ҳолатни ҳам назоратга олган.
18 февраль куни Туркман Хельсинки фонди қамоқда вафот этган маҳкум қорақалпоқ фаоли, Ютубдаги "Нукус Онлайн" канали муаллифи, блогер Мустафа Турсинбаев эканини маълум қилди.
Турсинбаев 2023 йилда блогер Саламат Сейитмуратов билан бирга қамалган. Ўтган йили суд иккала блогерни ҳам “товламачилик”да айбдор деб топиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Турсинбаев ўзига қўйилган айбларни тан олмаган. Ҳуқуқ фаоллари ва диаспора вакиллари уни сиёсий сабабларга кўра қамалган деб ҳисоблашади.
2024 йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.
Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 2024 йилдаги ҳисоботида "Ўзбекистон қамоқхоналарида жиноятчиликда гумонланган шахсларга нисбатан қийноқлар ҳали ҳам кенг кўламда қўлланилаётгани, бу ишни амалга оширган масъуллар эса жазосиз қолаётгани" таъкидланган.
АҚШ давлат департаментининг ўтган йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи яхшиланмагани, яъни ўзгармагани таъкидланган. Ҳисоботида қийноқлар ва куч ишлатар идоралар ходимлари томонидан қўлланган ноқонуний муносабат ҳамда таҳқирларга алоҳида эътибор қаратилган.
Форум