Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:18

"Кетсак, иш йўқ" - Бекободда ойлаб маош олмаган ишчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилмоқда


Ўзбекистонда ойлаб ишлаб маошини ололмаётган ёки пул йўқлигидан ходимлари ойликсиз таътилга чиқишга мажбурланаётган фақат “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси ишчилари эмас
Ўзбекистонда ойлаб ишлаб маошини ололмаётган ёки пул йўқлигидан ходимлари ойликсиз таътилга чиқишга мажбурланаётган фақат “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси ишчилари эмас

Тошкент вилоятидаги “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси ишчилари олти ойдан буён ойликлари берилмаётгани, айрим ишчилар эса ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланаётганига норозилик билдирмоқда.

Юздан ортиқ ишчисига эга бу ширкат бетон қоришмалар ва темир бетон буюмлар ишлаб чиқаради.

Корхона раҳбарияти ишлаб чиқариш вақтинча тўхтагани ва ойлик тўлашга пул йўқлигидан ишчиларни ойликсиз таътилга чиқаришдан бошқа чораси қолмаганини айтмоқда.

Ўзбекистон Меҳнат қонунчилигига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил ходимнинг ўз розилиги билан амалга оширилиши керак.

“Бекободйўлиндустрия” унитар корхонасининг қолиплаш цехи мутахассиси Абдужалил Қодиров 19 январь куни Озодлик билан суҳбатда ўзи ва яна ўнлаб ҳамкасби ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилганини айтар экан бундай деди:

"Битта ишчидан корхонанинг камида 25 миллион сўм қарзи бор. Баъзиларда 45 миллион сўм йиғилиб қолган. Шунга ҳозир бессодержания бериб юборяпти. Агрегатлар тўхтаб ётибди. Март ойида ишга тушади деган, шунда ишга чиқасизлар деяпти, энди кутяпмиз. Ариқ четига қўйиладиган бетонларни чиқарамиз. Лекин, оилани боқишга пул йўқ. Олти ойгача ойликни ҳам бермасдан, мана, бессодержанияга ариза ёзасан ё умуман ишдан кетасан, деяпти. Умуман кетсак, иш йўқ. Кўпчилигини пенсия ёши яқинлашиб қолган, ишдан кетворса пенсиясиз қолади, - дейди корхона ишчиси.

Корхонанинг яна икки нафар ишчиси Озодлик билан суҳбатда ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланганини айтди.

"Ҳозир мардикорлик қилиб, амаллаб турибмиз. Лекин бу маошсиз таътил узоққа чўзилса, аҳвол чатоқ бўлади. Бу ерда малакали мутахассислар бор, агар чўзилса, ҳаммамиз Россияга, Қозоғистонга кетишни ўйлаб турибмиз, - дейди “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонасининг исми очиқланмаслигини сўраган ишчиси.

Озодлик ишчилар эътирози юзасидан изоҳ олиш учун корхона раҳбари Абдували Раҳмоновнинг уяли телефонига қўнғироқ қилди.

Телефонни кўтарган одам Озодлик саволини эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди.

“Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси бош ҳисобчиси Воҳид Раҳмонов ходимларга ойлик тўлашга пул йўқлигидан ўз раҳбарияти ишчиларни маошсиз таътилга чиқариб туришга мажбур қолганини айтди.

"Ҳозир модернизация бўляпти, шунга ишлаб чиқариш вақтинча тўхтаган. Корхонанинг ишчиларга берадиган қарзи эса йиғилиб қолган. Чиқарилган маҳсулотлар турибди, сотилганидан озгина ойлик қилиб беряпмиз. Лекин қарздорлик жуда кўп. Шунинг учун ишчилардан ўз ҳисобидан таътилга чиқиб туриш сўралди. Бу вақтинча. Февраль ойи охирига ишлаб чиқариш тикланса, яна қайтишади. Ҳозир совуқчилик, барибир ишлаб чиқариш йўқ. Ўзим ҳам ойликсиз ўтирибман", - деди корхона бош ҳисобчиси.

Меҳнат қонунчилиги бузиляпти

Ўзбекистон Меҳнат қонунчилигига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил ходимнинг ўз розилиги билан амалга оширилиши керак.

Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, ходимга ўз ҳисобидан мажбурий таътил бериш мумкин эмас, бунга фақат ўзи рози бўлиши шарт.

159-моддага кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги агар кимдир ўз иш жойида ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланса вазирликка мурожаат қилишни тавсия қилган.

Ҳуқуқлари бузилган ишчилар вазирликнинг 1176 қисқа рақамли ҳамда + 998 71 200 06 00 ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистонда ойлаб ишлаб маошини ололмаётган ёки пул йўқлигидан ходимлари ойликсиз таътилга чиқишга мажбурланаётган фақат “Бекободйўлиндустрия” унитар корхонаси ишчилари эмас.

18 январь куни Озодлик Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи - ФНҚИЗ Олтиариқ бўлимининг юзлаб ишчиси заводда қисқартириш бошланганидан норози ишчилар ҳар куни ишдан сўнг завод олдидаги йўлни тўсиб қўйиш билан норозилик билдира бошлагани ҳақда хабар берган эди.

Шу ой бошида Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Нефт газ қудуқларини синаш ташкилотининг ўнлаб ишчиси ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурлангани ҳақда Озодликка хабар йўллаган.

Сўнгги уч ой давомида Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйларни тиклашга сафарбар этилган ўндан ортиқ ширкат ишчилари ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ нинг 200 дан зиёд ишчисига ойлик берилмагани ҳақида хабар берилган.

"Тошкент вилоят махсус монтаж қурилиш", "Назар ҳамкор қурилиш", "Бекобод инвест газ қурилиш", "Сув бино таъмир", "Фактор глобал", "Гео строй", "Акмал ёш куч", "ППМ 33 қурилиш" каби ширкатлар "Сардобада ишлаган пулимизни беринг!" дея Тошкент вилоят ҳокимлигига очиқ мурожаат билан чиқишганди.

Маошларнинг вақтида берилмаслиги ўтган йил октябрида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи қурилишида қатнашаётган ишчиларнинг оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG