Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:21

Ғузордаги Uzbekistan GTL да яна ғалаён - ишчилар икки ойдан буён маош олмаяпти(ВИДЕО)


"Nuriston Teks Group" ишчилари ойлигини талаб қилмоқда
"Nuriston Teks Group" ишчилари ойлигини талаб қилмоқда

Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводини қураётган ширкатлардан бири - "Nuriston Teks Group" МЧЖнинг ойликларини ололмаган ўнлаб ишчиси иш ташлаш билан таҳдид қилди.

Ишчиларга кўра, ойликларнинг камида икки ойдан буён берилмаётгани норозиликка сабаб бўлмоқда.

Uzbekistan GTL заводини қураётган Enter Engineering нинг минглаб ишчилари жорий йил 21 октябрида стихияли норозилик акциясига чиққан эди.

Ойлик ва овқатнинг вақтида берилмаганидан ғазабга келган ишчиларнинг норозилиги оммавий тартибсизликларга айланиб кетган.

Enter Engineering офисларига ҳужум уюштирган ишчиларни бостириш учун Миллий гвардия ва ички ишларнинг махсус кучлари ташланган.

Озодликка юборилган видеода "Nuriston Teks Group" МЧЖнинг ўнлаб ишчиси ширкат раҳбарларини ойликлари нега берилмаётгани борасида саволга тутаётгани акс этган.

Оломон ичидан "ойлик берилмаса иш ташлаймиз" деган овоз ҳам эшитилади.

"Нуристон текс груп" МЧЖ ишчилари ойлик берилмаганидан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

"Nuriston Teks Group" МЧЖнинг исми айтилмаслигини сўраган ишчисининг Озодликка айтишича¸ видеода акс этган воқеа 8 декабрь куни бўлган:

- Икки ой бўлдики, ойлигимизни ололмаяпмиз. Шартнома бўйича ҳар кун саккиз соат ишлаганимиз учун 100 минг сўмдан ёзилиши ва ҳар ойни бешинчисигача ойлик қилиб ҳисоблаб берилиши керак. Лекин октябрь ойи учун ҳам, ноябрь ойи учун ҳам маош берилмади. Бухгалтерияга борсак, Enter Engineeing пул тушириб бермади, дейди. Шунга ҳаммамиз кеча тўпланишиб, ойликни талаб қилдик. Мулоқот қилсин, деб талаб қўйганимиздан кейин икки раҳбар келиб, бизни тинчлантирмоқчи бўлди. Лекин жамоа бўш келмади. Керак бўлса иш ташлаймиз, дедик. 15 декабргача ойликни ҳал қилиб беришга ваъда берганидан сўнг, ҳамма иш жойига қайтди, - дейди ишчи.

"Nuriston Teks Group" МЧЖ Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи қурилишида қатнашаётган пудратчи ширкатлардан биридир.

130дан ортиқ ишчисига эга бу ширкат иссиқлик қувурларини тортиш ва уларни изоляциялаш билан шуғулланади.

"1 сентябрдан бери шу ерда ётиб қолиб ишлаймиз. Трубаларни стекловата билан теплоизоляция қиламиз. Уч маҳал овқат беради. Овқатидан шикоятимиз йўқ. Лекин уйга қуруқ қайтсак бўлмайди. У ёқда бола-чақа бор. Икки ойдан бери ойлик йўқ. 7 декабр куни ишчиларга ойлигингиз пластикка тушади, деб ваъда беришди. Лекин ҳалигача ойлик тушмади. Ойликни сўраб борсак, хоҳламасанг кет, дейди. Кетсак, ишлаб қўйган пулимизни умуман бермайди. Чунки кетганлар бўлди, бермаган", - дейди "Nuriston Teks Group" МЧЖ ишчиси.

Икки ой олдин ишчилар ғалаён кўтарган заводда яна ойликлар кечикаётгани борасида изоҳ олиш учун "Nuriston Teks Group" МЧЖ телефон рақамларига кун давомида боғланиб бўлмади.

Ширкат Озодликнинг ёзма сўровини ҳам жавобсиз қолдирди.

Ғалаён

Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи қурилишида қатнашаётган ишчилар икки ой олдин ғалаён кўтарган эди.

Заводда норозилик кайфияти юзага келиши сабаблардан бири ойлик маошларнинг, камида, уч ойдан бери берилмагани экани айтилганди.

Озодлик 3 ноябрь куни тартибсизликларда айбланган 20га яқин ишчилар устидан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эди.

Норозиликда қатнашган ишчилар Жиноят кодексининг 173 моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва 277 моддаси (Безорилик) да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланмоқда.

Норозиликлардан кўп ўтмай, жорий йилнинг 11 ноябрь куни Enter Engineering ширкати Бангладешдан олиб келган 200 дан зиëд ишчи Ғузордаги технологик линияни монтаж қилиш ишларини бошлагани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи Раҳимжон Маҳкамов Озодлик билан суҳбатда 12 ноябрь ҳолатига бангладешлик мутахассисларнинг ишлашига рухсат йўқлигини айтган эди.

Қурилишининг якуний босқичи давом этаётган умумий қиймати 4 миллиард долларга яқинроқ бўлган Uzbekistan GTL лойиҳасида ҳозирда 12 минг ишчи меҳнат қилмоқда.

Қурилишнинг бош пудратчиси Enter Engineering ширкати ҳисобланади.

Ўзбекистон учун ўзига хос ҳисобланган бу лойиҳа доирасида табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Бепул ишчилар

Ўзбекистонда ойлаб ишлаб маошини ололмаётган фақат "Nuriston Teks Group" МЧЖ ишчилари эмас.

Бундан олдин Озодлик Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйларни тиклашга сафарбар этилган ўндан ортиқ ширкат ишчилари ҳамда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ нинг 200 дан зиёд ишчисига ойлик берилмагани ҳақда хабар берган.

"Тошкент вилоят махсус монтаж қурилиш", "Назар ҳамкор қурилиш", "Бекобод инвест газ қурилиш", "Сув бино таъмир", "Фактор глобал", "Гео строй", "Акмал ёш куч", "ППМ 33 қурилиш" каби ширкатлар "Сардобада ишлаган пулимизни беринг!" дея Тошкент вилоят ҳокимлигига очиқ мурожаат билан чиқишганди.

Сентябрь ойида эса Сардобада турли вилоятлардан келиб ишлаган 70 дан зиёд ишчи уларни ишга ёллаган Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Нурафшон қурилиш" МЧЖ идорасига иш ҳақини талаб қилиб борганида, милиция бўлимига олиб кетилганди.

XS
SM
MD
LG