Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2025, Тошкент вақти: 00:12

Болгариянинг туркларга қарши унутилган қирғини


1989 йилда 320 мингга яқин этник турклар Болгариядан мажбуран чиқариб юборилган.
1989 йилда 320 мингга яқин этник турклар Болгариядан мажбуран чиқариб юборилган.

Қирқ йил олдин Болгариянинг коммунистик ҳукумати мамлакатдаги этник туркларга қарши шафқатсиз кампания бошлади. "Уйғониш жараёни" деб номланган бу ҳаракат туркий исмларни славянчага ўзгартиришни, турк тили ва урф-одатларини тақиқлашни ва охир-оқибат турк миллий ўзлигини йўқ қилишни мақсад қилган эди. Бунга қарши курашганлардан бири Севгинар Маҳмуд бўлиб, у ҳозирга қадар адолатга эришилмаганини таъкидлайди.

Севгинар Маҳмуд 1984 йил 26 декабрни гўё кечагидек хотирлайди. У дўстининг ўқ егани, қўшнилари йўл четидаги ариқда жон бераётгандаги инграшларини эслайди. Шунингдек, у қишлоғига бостириб кирган аскарларни ҳам унутмаган.

Севгинар Маҳмуд.
Севгинар Маҳмуд.

Тахминан 40 йил олдин, 1984 йил декабрь ойида, Болгария коммунистик ҳукумати этник туркларни исмларини болгарча қилишга мажбурлаш учун зўравонлик ва тизимли кампанияни бошлади. Бу тузумнинг "Уйғониш жараёни"нинг бир қисми бўлиб, у ягона болгар миллий ўзлигини ўрнатишга интилди, турк тилига чекловлар қўйди ҳамда диний ва маданий анъаналарни тақиқлади.

2500 га яқин туркнинг ўлими ва беш йилдан сўнг 320 000 кишининг Туркияга сургун қилинишига олиб келган бу тазйиқ 20-асрда Европада мусулмон жамоасига қарши энг йирик мажбурий ассимиляция кампанияларидан бири ҳисобланади. Бугунга қадар болгар турклари адолат ўрнатилмаганини, ҳеч ким ва ҳеч қайси муассаса жавобгарликка тортилмаганини таъкидламоқда.

Ўшанда атиги 18 ёшда бўлган Севгинар Болгария жанубидаги Карджали туманидаги Груево қишлоғида яшар эди. Мажбурий исм ўзгартириш ҳақидаги миш-мишлар тарқалгач, хавотирга тушган фуқаролар 1984 йил 26 декабрда вилоятнинг энг йирик шаҳар марказларидан бири бўлган Момчилградда тўпланиб, кўчаларга чиқишди.

Унинг айтишича, ўқ узилган, лекин у барибир Момчилграддаги намойишларга қўшилишга қарор қилган. "Мен қўрқмадим, чунки биз бегуноҳ эдик. Бизда ҳеч нарса, ҳатто таёқ ҳам йўқ эди. Биз оддий қишлоқ аҳолиси эдик," деб сўзлаб беради у Озодлик радиосининг болгар хизматига.

Намойишлар дастлаб тинч кечди, саросимага тушган фуқаролар исм ўзгартириш ҳақидаги миш-мишлар тўғрисида расмийлардан жавоб олишга уринишди. Аммо тез орада вазият кескинлашди, аскарлар ва полициячилар сув пуркагич, тўқмоқ ва кейин оломонга қарши қаттол қуроллар ишлатди.

Намойишчилар қочаётганда, Севгинарнинг дугонаси Фариштанинг орқасига ўқ тегди. У кўп қон йўқотгани учун Севгинар дугонасини касалхонага олиб борди. Айнан ўша ерда, дейди у, ҳеч қачон унутмайдиган воқеанинг гувоҳи бўлди: 17 ойлик Туркян исмли қизалоқ касалхонага олиб келинганда, аллақачон вафот этган экан.

Севгинар дугонасининг қонга беланган кийимлари солинган халтани кўтариб, одамларни огоҳлантириш учун Груевога қайтди. "Мен уларга кийимларни кўрсатиб, дедим: «Қаранглар, улар одамларни отиб ўлдиряпти. Ҳеч кимни аяшмаяпти.»

Кечқурун қўшинлар етиб келганида, қишлоқ аҳолиси тайёргарлик кўрган эди. "Улар ўқ уза бошлашди, лекин биз қочмадик. Бутун қишлоқ – болалар, ёшлар, катталар – ҳаммамиз ташқарида эдик," дейди Маҳмуд.

Намойишчилар хавфсизлик кучларига бас кела олмадилар ва отишмалар кучайди. Севгинар учта қишлоқлик – Абдулазиз Бекир, Мустафо Али ва Мустафо Иброҳимнинг отилгандан сўнг ариққа йиқилганини эслайди. Аскарлар уларнинг оғриқдан дод-фарёд қилишига қарамай, ҳеч кимга ёрдам беришга йўл қўйишмади.

Севгинар Маҳмуд 1984 йил декабридаги туқнашувларга саҳна бўлган Груево қишлоғида. Декабрь, 2024 йил.
Севгинар Маҳмуд 1984 йил декабридаги туқнашувларга саҳна бўлган Груево қишлоғида. Декабрь, 2024 йил.

Охир-оқибат бўйсундирилган Карджали туманида комендантлик соати жорий этилди ва кўчаларда полициянинг қаттиқ назорати ўрнатилди. Ташқи дунё билан алоқа узиб қўйилди. Коммунистик ҳокимият шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тортиб олди ва одамларнинг исмларини мажбуран ўзгартирди. Севгинар "Снежана"га айланди. Ҳатто қабр тошларидан ҳам туркча исмлар ўчириб ташланди.

Қаттиққўл коммунистик режим атиги уч ой ичида 800 мингдан ортиқ кишининг исмини мажбуран ўзгартирди. Уларга жамоат жойларида турк тилида гаплашиш ёки диний ва маданий урф-одатларига риоя қилиш тақиқланди – бу чекловлар 1989 йилда коммунизм қулагунга қадар давом этди. Ҳокимият томонидан қўзғолон раҳбарлари деб ҳисобланган этник турклар судсиз концентрацион лагерларга қамалди.

Коммунистик бошқарувнинг сўнгги йилида диктатор Тодор Живков раҳбарлигидаги ҳокимият 320 000 болгар туркини Туркияга сургун қилди. Режим буни масхаромуз тарзда "Буюк саёҳат" деб атади. Мамлакатдаги турк аҳолисининг тахминан учдан бир қисми сургун қилинди, бу 1946 йилда Чехословакиядан судет немислари чиқариб юборилганидан кейин Европадаги энг катта оммавий кўчиш эди.

Бироқ Севгинарнинг оиласи депортация қилинмаган, ва Озодлик нима учун деб сўраганда, у жавоб беришдан бош тортди. Баъзи турклар депортациядан қутулишди, чунки улар иқтисодиёт учун муҳим деб ҳисобланган шахс ёки ҳокимият билан шахсий алоқалари бўлган. Бошқа этник туркларни коммунистик ҳукумат аллақачон ассимиляция бўлган деб қараган.

1989 йил ноябрда Живков ағдарилгач ва этник турклар яна норозилик билдириш учун кўчаларга чиққач, Коммунистик партия болгар турклари ва мусулмонлар ҳуқуқларини тиклади, уларнинг туғилган исмларини қайтаришга қарор қилди (бу жараён ҳозирга қадар давом этмоқда) ва уларга яна турк тилида гаплашишга рухсат берди. 1991 йил охирига келиб, 200 000 га яқин этник турклар Болгарияга қайтиб келди.

1990-йиллар бошида Живков ва бошқа юқори лавозимли коммунистлар этник туркларни қатағон қилиш билан боғлиқ жиноятларда, шу жумладан, "миллий адоват ёки нафратни тарғиб қилиш ёки қўзғатиш"да айбланди. Бироқ, ишлар чўзилиб кетди ва айбловлар камайтирилди ёки охир-оқибат бекор қилинди. Ҳеч ким судланмади ва бунга алоқадор бўлганларнинг барчаси ҳозир вафот этган.

Севгинар ҳеч қачон адолат бўлишини кутмаганини айтади. "Ҳеч ким жазоланмаслигини билардик. Биз бу ерда озчиликмиз," дейди у. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда тахминан 6,8 миллион аҳолига эга Болгарияда камида ярим миллион этник турк бор деб тахмин қилинади.

"Чашма" ёдгорлиги 1984 йилдаги полиция зўравонликлари чоғида ўлдирилган 17 яшар турк қизи Туркон номига қўйилган.
"Чашма" ёдгорлиги 1984 йилдаги полиция зўравонликлари чоғида ўлдирилган 17 яшар турк қизи Туркон номига қўйилган.

Бу йил Уйғониш жараёнининг 40 йиллигига бағишлаб турли шаҳар ва туманларда, жумладан, вафот этган қизалоқ Туркон номи билан аталган булоқ-чашма ёдгорлиги ўрнатилган Момчилград шаҳрида хотира маросимлари ўтказилди. 2024 йил 29 декабрда Болгария этник турк жамоаси аъзолари ва Туркиядан келган амалдорлар юбилейни нишонлаган бўлса-да, Болгария ҳукумати вакиллари қатнашмади ва марҳумларни хотирлаш учун расмий баёнот берилмади.

Ҳозир 58 ёшли Севгинар ҳамон зўравонлик содир бўлган ҳудудда яшайди. Болгариядаги этник турклар ҳали ҳам ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик ва камситиш каби тўсиқларга дуч келишса-да, айниқса давлат секторида бандлик ва олий таълимда, Севгинарнинг ҳаёти кўп жиҳатдан нормал ҳолатга қайтган. Унинг бир ўғли, бир қизи ва уч набираси бор. У косметика компаниясида ишлайди ва баъзан Англиядаги оиласи олдига бориб туради.

Аммо 1984 йил воқеалари уни ҳамон титратиб юборади. "Дўстимни ҳеч қачон унутмайман. Ёки Турконни," дейди у.

Форум

XS
SM
MD
LG