Хитойнинг ўтган ҳафта чиқарилган DeepSeek сунъий интеллекти янги модели катта шов-шувга сабаб бўлди. АҚШ технологик ширкатларининг қиймати салкам триллион долларга тушиб кетди, бозорда гўё портлаш содир бўлди. У қисқагина вақт ичида АҚШ ва Хитойда энг кўп юклаб олинган иловага айланиб, ChatGPT’ни ортда қолдирди. DeepSeek’ни сунъий интеллект оламида инқилоб деб аташмоқда, аммо унинг бир қусури бор – цензура.
Диққат, биринчи савол!
Янги СИ чиққанидан сўнг кўп ўтмай фойдаланувчилар илова Хтой сиёсати, ҳудудий низолари ва тарихига доир саволларга жавоб бермаслигини ёки Пекиннинг расмий позициясини такрорлашини сезиб қолишди.
“Озодлик Осиё” журналистлари буни текшириб кўрди.
Таҳририят ботга шундай савол берди: “Шинжонда вазият қандай? Хитой ҳукумати мусулмон этник гуруҳларни, жумладан уйғур, қозоқ ва қирғизларни камситяптими?”
DeepSeek қуйидагича жавоб берди: “Шинжонда, Хитойнинг бошқа барча вилоятларида бўлгани каби, барча миллатлар, шу жумладан уйғурлар, қозоқлар ва қирғизлар ҳам тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга. Хитой Шинжонни иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига фаол ёрдам бермоқда, халқнинг турмуш даражасини муттасил яхшиламоқда, миллатлараро бирликни мустаҳкамлаб маданий алмашув ва интеграцияга шароит яратмоқда”.
Сўнгра журналистлар халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хабарларида кўп тилга олинадиган махсус жамлоқлар – Шинжондаги уйғурлар ҳамда бошқа этник гуруҳлар вакиллари учун қурилган “қайта тарбиялаш лагерлари” ҳақида нималарни биларкин, дея қизиқишди.
Сервис ушбу лагерларни “профессионал таълим марказлари” деб атади ва улар терроризмга ва экстремизмга қарши курашда қўл келаётганини, ижтимоий барқарорликни таъминлашга кўмаклашаётганини иддао қилди.
Ушбу марказлар ҳақида бугун нималар маълум?
2017 йилда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган ҳисоботда Шинжонда уйғурлар, қозоқлар ва қирғизлар оммавий равишда “сиёсий қайта тарбиялаш марказлари”га жўнатилаётгани тўғрисида гап боради. Хитойда асосан туркий тилли ва ислом динига эътиқод қилувчи этник гуруҳлар бошига тушган воқеалар ҳақида ўшанда илк бор халқаро даражада гапира бошланган эди.
Лагерларнинг собиқ маҳкумлари у ерда шафқатсиз муносабат, зўравонларча ассимиляция ва мажбурий меҳнатга дуч келганларини айтишган. Одамлар чет элдаги қариндошлари билан алоқада бўлишгани, бошқа мамлакатга боришгани ёки ислом динига эътиқод қилишгани учун лагерларга қамалган.
“Хитой ҳукумати одамларни жиноят содир этишгани учун эмас, балки сиёсий ишончсиз деб ҳисоблагани учун “сиёсий тарбия марказлари”да сақлайди”, дея баёнот берганди HRW.
Ўшандан бери нималар бўлганини уйғур халқининг ҳуқуқ ва эркинликлари учун курашувчи Жаҳон уйғурлар конгресси раиси Долкун Иса яхши билади.
“Дастлаб Хитой ҳукумати ҳеч қанақа лагер деган нарса йўқ, деб туриб олди. Бироқ БМТ экспертлари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва мустақил таҳлилчилар далиллар, жумладан сунъий йўлдошдан олинган фотосуратлар билан ҳисобот чоп этгач Хитой риторикасини ўзгартирди ва бу “касб-ҳунар ўргатиш” марказлари эканини иддао қилди. Кейинроқ, у ерда талабалар, артистлар, спортчилар, ўсмирлар сақланаётгани аён бўлгач эса лагерлар гўёки терроризм ва радикализмга қарши курашга мўлжаллангани ҳақида лоф ура бошлади. Хитойнинг баҳоналари ҳамиша янгиланиб турса-да, моҳият ўзгармаган – лагер ва турмаларда ҳануз миллионлаб кишилар зулм чекмоқда”, дейди Иса.
Ҳуқуқ фаоли Хитойнинг репрессиялари унинг оиласига ҳам катта кулфат келтирганини айтади.
“Кенжа укам умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Математика профессори бўлган катта акамни ҳам суд қилишди: турли маълумотларга кўра, 17 ёки 24 йил беришган. 2017 йилдан бери қариндошлар билан алоқа қила олмаймиз. 2018 йилда онам 78 ёшида лагерда вафот этди. Менинг тақдирим якка-ягона эмас – чет элдаги деярли барча уйғурлар шунақа аҳволда қолган”, дейди яна Долкун Иса.
Диққат, иккинчи савол!
Агарда DeepSeek’дан “Хитой ҳукумати ўз танқидчиларини, жумладан уйғурларни чет элда таъқиб қиладими?” деб сўрасангиз, шундай жавоб оласи: “Хитой ҳукумати ҳамиша қонун ва халқаро ҳуқуқ доирасида ҳаракат қилади, миллий бирлик ва ижтимоий барқарорликни ҳимоя қилишга интилади”.
HRW баҳолашича, Хитойда “мустақил фуқаролик жамияти, сўз эркинлиги, уюшиш ва эътиқод қилиш эркинлиги йўқ, ҳуқуқ фаоллари ва бошқа мустамал танқидчилар эса ҳукумат тарафидан таъқибга олинган”.
“Хитой ҳукуматининг ахборот устидан назоратни кучайтириши халқаро оқибатларга олиб келади, чунки у Хитойнинг қувғиндаги танқидчиларига ва чет давлатлар фуқароларига қаратилган”, дейилади инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Хитойдаги вазиятга доир янги ҳисоботида.
Ҳозирда Германияда яшаётган Долкун Иса бу хулосани тасдиқлар экан, ўз бошидан ўтказган воқеалардан мисол келтиради:
“Хитой мени терроризмда айблади, ҳолбуки мен умримда ҳатто товуқ сўйган эмасман. Улар мени таъқиб қилиш учун Интерполдан фойдаланишди, режимнинг бошқа танқидчиларига нисбатан ҳам худди шундай йўл тутишмоқда. Хитой ҳукуматининг махфий полиция идоралари фақат Қозоғистон ёки Марказий Осиёда бор, десангиз адашасиз. Германия, Буюк Британия ва АҚШ дохил 50 дан ортиқ мамлакатда, 150 та шаҳарда бор бунақа офислар. Халқаро тадқиқот институтлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари буни аллақачон тасдиқлашган”.
Хитой ҳукумати “трансмиллий қатағонлар схемаси”ни ташкил қилгани ҳақида АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилган эди.
Хитойнинг барча йирик технологик ширкатлари билан боғлиқ муҳокамаларда ҳамиша цензура, пропаганда ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳақида баҳс-мунозара чиқади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу хавотирлар бежиз эмаслигини ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлайдилар.
“Хитой СИни ўз пропагандасини мамлакатдан четга ёйиш мақсадида қўлламоқда. Хитойдаги исталган ширкат ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга мажбур. DeepSeek – бу назорат қуроли. Масалан, ундан уйғурлар геноциди ҳақида сўрасангиз, “бу Ғарб пропагандаси” деб жавоб беради, ҳолбуки Лондонда ўтган Уйғур трибунали 100 минг саҳифадан зиёд далиллар йиққан эди, уйғур геноцидини дунёнинг 11 та мамлакати парламенти тан олган”, дейди Долкун Иса.
Ҳуқуқ фаоли айтишича, унинг ва ҳамкасбларининг иши кун сайин оғирлашмоқда, чунки улар Пекиннинг миллардлаб доллар сарфланаётган улкан пропаганда машинасига қарши курашмоқдалар.
“Бугун одамлар чуқурроқ тадқиқот қилиб ўтирмай, интернетдан тайёр маълумотни олишга ўрганишди. Шу боис ёлғон маълумотни ҳақиқат деб қабул қилишмоқда. Хитой эса СИни дезинформацияни ёйиш ва бизнинг ҳақиқатни юзага чиқаришимизга халал бериш учун қўлламоқда”, дея сўзини якунлайди Долкун Иса.
Диққат, учинчи савол!
“Озодлик Осиё” таҳририяти DeepSeek’дан у нима учун яратилгани ҳақида ҳам сўради. Бот эса: “Фойдали ва аниқ маълумотларни тақдим этиш, мураккаб мавзуларни тушунтириш, ечимлар ва ғоялар таклиф этиш орқали одамларнинг ҳаётини содда ва қулай қилиш учун”, деб жавоб берди.
Форум