Марказий Осиё давлатларида демократия даражаси пасайишда давом этмоқда. Британиянинг Economist журнали Economist Intelligence Unit таҳлилчилари шундай хулосага келишган. 2024 йилда дунёдаги декмократиянинг аҳволига доир индексда Марказий Осиёда энг демократик давлат деб Қирғизистон тан олинган бўлса, энг ёмон ҳолат Туркманистонда.
Демократиянинг пасайиши бутун жаҳонда кузатилаётган тенденция. Economist Intelligence Unit баҳолашига кўра, Марказий Осиёнинг бешта давлатидан иккитаси дунёдаги энг паст демократия кўрсаткичига эга мамлакатлар қаторига кирган. Гап Туркманистон ва Тожикистон ҳақида кетмоқда:
«Марказий Осиё давлатларининг барчасида демократия индекси ё пасайди ёки ўзгаришсиз қолди. Туркманистон минтақада энг охирги ўринда қолмоқда – 161-ўрин, демократия индекси 1.66 бўлиб, 2020 йилдан буён ўзгармаган. Тожикистоннинг индекси эса 2023 йилдаги 1.94 дан 2024 йилда 1.83 га тушиб кетди. Бу биринчи навбатда, сиёсий фаоллик кўрсаткичларининг ёмонлашиши билан боғлиқ, чунки президент Эмомали Раҳмон сиёсий тузум устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолмоқда. Ўзбекистоннинг индекси ҳам 2024 йилда 2.12 дан 2.10 га пасайди, аммо бошқа давлатлардаги аҳвол жиддий ёмонлашгани ҳисобига мамлакат икки поғона юқори кўтарилиб, 146-ўринни эгаллади».
Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши демократия кўрсаткичлари Қирғизистонда. Бироқ 2024 йилда мамлакат ўзининг олдинги натижаларини ёмонлаштириб, 3.52 кўрсаткичга тушди. 2023 йилда бу рақам 3.72 эди, 2022 йилда эса 3.89 ни ташкил этган. Бу пасайиш асосан сайлов жараёнлари ва оммавий ахборот воситаларига босимнинг кучайиши билан боғлиқ.
Қозоғистон эса ўз позициясини сақлаб қолиб, авторитар режимлар гуруҳида қолмоқда. Мамлакатнинг демократия индекси 3.08 бўлиб, умумжаҳон рейтингида 118-ўринни эгаллаган. Таҳлилда таъкидланишича, демократия инқирози фақат айрим минтақаларда эмас, балки бутун дунёда кузатилмоқда.
«Демократияга бўлган умумий ишончсизлик сўров натижаларида ўз аксини топди. Ушбу маълумотларни таҳлил қилиш жамиятнинг демократия ҳолатидан норозилиги сабабларини тушуниш учун муҳимдир. Кўриниб турибдики, фақат расмий демократик институтларнинг мавжудлиги жамият қўллаб-қувватлаши учун етарли эмас, айниқса, агар улар реал таъсир кучини йўқотган ва қарорлар сайланмаган тузилмалар томонидан қабул қилинаётган бўлса», – дейилади Economist Intelligence Unit таҳлилларида.
Умуман олганда, баҳолаш тизими оддий: демократиянинг энг юқори даражаси 10 балллик шкала бўйича ўлчанади. Шу асосда давлатлар тўлиқ демократия, қисман демократия, гибрид режим ва авторитар режимлар деб тоифаланади.
Энг демократик давлатлар яна Европа мамлакатлари бўлган. Рейтинг етакчиси Норвегия бўлиб, унинг индекси 9.81 баллни ташкил этди. Кейинги ўринларда Янги Зеландия, Швеция, Исландия, Швейцария, Финляндия, Дания, Ирландия, Нидерландия ва Люксембург жойлашди. Энг авторитар давлат эса Афғонистон деб топилди.
Қозоғистонлик сиёсатшунос Досум Сатпаевнинг фикрича, Economist Intelligence Unit томонидан тузилган рейтинг ҳақиқатга яқин. Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари ўз сиёсий тузумларини демократиялаштиришга интилмаяпти. Аксинча, уларда фуқаролик жамиятига босим кучаймоқда.
«Қирғизистон бу рейтингда биринчи ўринни эгаллайди, аммо у тўлиқ демократия ёки гибрид режим эмас, балки автократик тизимга айланиб бормоқда. Бироқ, шу билан бирга, Қирғизистон Қозоғистондан олдинда. Тожикистон ва Туркманистон эса рейтингнинг энг қуйи ўринларини эгалламоқда. Қирғизистон президенти Садир Жапаров Туркия президенти Эрдўғонга ўхшаш жиҳатларга эга. Иккаласи ҳам сайлов орқали ҳокимиятга келган, лекин улар ҳокимиятни кучайтириш учун конституцияга ўзгартиришлар киритишган», – дейди сиёсатшунос.
Унинг фикрича, Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев даврида муайян ўзгаришлар юз берган, аммо улар асосан иқтисодий соҳада рўй бермоқда, сиёсатда эса ҳали ҳам чекловлар мавжуд:
«Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда қаттиқ авторитар режим ҳукм сурган. Туркманистонга ўхшаш даражада деса ҳам бўлади. Мирзиёев даврида айрим чекловлар юмшатилди, айниқса иқтисодий соҳада. Бироқ сиёсий жабҳада ҳали ҳам “қизил чизиқлар” мавжуд бўлиб, уларни ҳеч ким босиб ўта олмайди».
Сатпаевнинг фикрича, Қозоғистонда ҳам жорий президент сиёсатига нисбатан норозилиги ўсиб бормоқда.
"2022 йил январь воқеаларидан кейин Қасим-Жомарт Тоқаев ислоҳотлар эълон қилган ва демократ лидер сифатида кўрилган. Бироқ, ордан уч йил ўтиб, ҳокимият тўлиқ қўлига ўтгач, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва сиёсий рақобат борасида вазият фақат ёмонлашди.
Назарбоев даврида ҳокимиятнинг тўрт асосий таянчи бор эди: оила, олигархлар, бюрократия ва кучишлатар тизимлар. Тоқаев бу тизимни сақлаб қолди ва автократик бошқарувни кучайтирди. Economist Intelligence Unit таснифига кўра, Қозоғистон тўлиқ демократия, қисман демократия ва гибрид режим эмас – у тўлиқ автократик тузумдир.
Бу ерда сиёсий рақобат мавжуд эмас, сайлов жараёни шаффоф ва холис ўтмайди. ОАВга босим кучли, фуқаролик жамияти ва мухолифат таъқиб қилинади. Россия пропагандасига хос риторика Қозоғистондаги фуқаролик жамиятига нисбатан қўлланилмоқда.
Иқтисодиётга келсак, Қозоғистонда ҳам яхши натижалар йўқ. Ислоҳотлар ҳақида ҳамма унутиб бўлган. Ҳозирги ҳукумат фақат тезда бюджетни тўлдириш ҳақида ўйламоқда, бу эса кичик ва ўрта бизнесга ва умумий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда», – дейди Досум Сатпаев.
Форум